Этнопсихология фанининг предмети, мақсади ва вазифалари бобнинг қисқача мазмуни
Download 0.99 Mb.
|
Этнопсихология дарслик Умаров Б 3
Биринчи омил бу - сиёсий-иқтисодий ва жамият ҳаётида бўлаётган ижтимоий жараёнлар тизими бўлса, иккинчисига, шу этник бирлик яшаб турган табиий-географик муҳитнинг хусусиятлари киради. Учинчи омилга эса халқ ҳаётида бўлиб ўтган муҳим тарихий ҳодиса ва воқеалар киради.
Лекин шуни айтиш керакки, этнопсихологик хусусиятлар тизимида кишилар руҳиятининг мазмунини, аввало биринчи омил - сиёсий-иқтисодий, ўзгаришлар белгилаб беради. Табиий-географик омил эса асосан этнопсихо-логик қиёфанинг ташқи ифодаларини белгилайди. Шунинг учун ҳам бу омил кузатаётган киши назарида биринчи омилга қараганда яққол намоён бўлади. Халқ ҳаётида бўлиб ўтган муҳим тарихий воқеалар сўзсиз унинг психо-логик қиёфасида ўчмас из қолдиради. Табиатдаги айни бир воқеликларнинг доимий таъсири натижасида кишилар бу воқеликдаги хусусиятларни бошқа шароитда яшаётган этник гуруҳ вакилларига қараганда чуқурроқ идрок қилишга ўрганиб қоладилар. Чунки, ташқи муҳит бизнинг сезги аъзоларимизга беҳисоб информациялар, яъни хилма-хил таассуротлар юбориб туради. Натижада эволюцион тараққиёт давомида, танамизда шу ташқи муҳит билан адекват (мутаносиб) муносабатни таъмин эттирувчи нейрофизиологик механизм шаклланади. У кишиларнинг сезги ва идрокларида намоён бўлади. Шунинг учун у ёки бу халққа хос стереотип хатти-ҳаракатларни, идрок хусусиятларини ташқи муҳитга мослашувининг олий кўриниши, деб ҳисоблаш керак. Ташқи муҳитнинг доимий таъсирида вужудга келган руҳий хусусиятлар бу таассуротларнинг бутун системаси (тизими) ни эмас, балки унинг учун муҳим бўлган ва ўтмиш тажрибасида синалган, мустаҳкамланиб қолган томонларинигина акс эттиради. Ташқи олам таъсири киши миясида ўрнашиб ҳислар, фикрлар, хоҳиш, иродани намоён бўлиши... хуллас, идеал орзу-тилак тарзида акс этади ва худди шу кўринишда, идеал кучлар бўлиб қолади. С.И.Королевнинг ёзишича, шаклланган этнопсихологик хусусиятлар маълум даражада муҳофаза қилувчи механизм ролини ўйнайди. У худди ғалвирдек, ёт нарсаларни ажратиб, уни ё қабул қилади ёки шу халқда мавжуд бўлган нормалар асосида қайта ишлаб беради, ёҳуд уни инкор этади. Атрофдаги воқеликни, ҳодисаларни ўзига хос равишда идрок қилиш, тасаввур ва фикр қилиш ва уларни табь ва туйғулар, урф-одат ва анъаналар, характер тарзида намоён бўлиши этнопсихологиянинг қайтарилмас, бетакрор хусусиятлари ҳисобланади. “Японияга биринчи марта келиб қолган европаликни, - деб ёзади И.С.Кон, - Японияликнинг фақат хурсанд бўлгандагина эмас, ҳатто унга танбеҳ берганда ҳам, ёки сизга бирор қайғули нарса, масалан, ўлим тўғрисида гапираётганда ҳам кулимсираб гапириши, таажжубга, ҳатто ҳижолатга тушуриб қўяди. Тажрибасиз одам буни беорлик, сурбетлик ёки раҳмсизлик, деб ҳисоблайди. Аслида кулимсираш бу ерда бошқача рамзий мазмунга эга: бу билан у оғир вазиятни енгиллаштириш, бу қийинчилик-ларни бартараф этишнинг уддасидан чиқа олишликка тайёр эканлигини таъкидлаш ва шу каби мазмунни билдиради”. Маълум бир миллат вакилларининг ўзига хос идрок этиши, фикрлаши ва орзу-истакларини, яъни олий руҳий хусусиятларини тушуниш ва тушунтириш, унинг намоён бўлиш сабабларини организмнинг ва миянинг тузилишидан эмас, балки юқорида айтганимиздек, халқнинг тарихий тараққиёти, уни ўраб турган табиий муҳитнинг шарт-шароитларидан қидириш керак. Турли ижтимоий тизим ва иқтисодий укладлар тараққиёти билан боғлиқ бўлган амалий фаолият шакллари турли руҳий жараёнлар тизимининг шаклланишини белгилаб беради. Шунинг учун ҳам турли тарихий даврларда, ижтимоий тузумда яшаётган халқлар бир-биридан фақат онгнинг мазмуни билангина фарқланиб қолмасдан, шунингдек, фаолият шаклининг тузилиши жиҳатидан ҳам фарқланадилар. Кўп сонли ижтимоий психологик экспериментларда машҳур психолог А.Р.Лурия кўп руҳий жараёнлар, айниқса, олий руҳий фаолият жараёнлари-тасаввур ва мавҳумлаш, ижодий хаёл инсонларнинг биологик хусусиятлари билан боғлиқ бўлмай, балки анча тараққий этган ижтимоий-тарихий тараққиёт маҳсули эканлигини кўрсатиб беради. Амалий кўргазмалик устун бўлган хатти-ҳаракатлар бир мунча содда ижтимоий-иқтисодий уклад шароитларида тафаккур ҳам содда амалий фаоли-ятни акс эттириш характерига эга эканлигини кўрсатиб берди. Маълумки, мия ўз-ўзидан, ташқаридан келаётган информацияларсиз фикрлай олмайди. Психолог П.П.Блонский айтганидек, - “Бўм-бўш бошда фикр бўлмайди”. Ижтимоий-тарихий, иқтисодий шарт-шароитлар инсон фаолиятини белгилайди. У эса ўз навбатида руҳий жараёнлар ва онгнинг мазмун ва моҳиятини белгилайди. Турли даврларда, замонларда яратилган меҳнат маҳсулотларида ўша давр ва замон одамларининг билимлари ва имконият-лари ўз аксини топган бўлади. Зеро, меҳнат жараёнида субъект объектга кўчади, инсоннинг куч ва қобилиятлари у яратаётган нарсаларда гавда-ланади. Шунинг учун ҳам психологлар турли тарихий даврларда яшаган кишиларнинг руҳий хусусиятларини, давр руҳини, улар яратиб қолдирган фаолият маҳсулотларини ўрганиш орқали билиб олиши мумкин. Ҳар бир халқнинг тарихи ва тақдири ўзига хос кечади. Агар халқ тарихини ва унинг психологик хусусиятларини бир-бирига солиштирсак, биз этнопсихологик хусусиятлар халқ тарихини чуқур акс эттиришини кўрамиз. Юқорида зикр қилганимиздек, этнопсихологик хусусиятларнинг шакллани-шида табиий муҳит ҳам маълум таъсир кўрсатади. Географик ва иқтисодий шароитларнинг ўхшаш бўлмаслиги, этник жиҳатдан бир-бирига яқин бўлган икки қўшни ва қардош халқ - ўзбеклар билан қозоқларнинг психологик қиёфасида маълум тафовутларни вужудга келтириб чиқарди. Маълумки, ўзбекларнинг асосий қисми деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланиш имконияти мавжуд бўлган воҳаларда яшаганлар. Ерга хусусий мулкнинг вужудга келиши, ердан интенсив равишда фойдаланиш, деҳқончилик маҳсулотларини кўплаб етиштиришга олиб келди. Бундан ташқари ўзбеклар яшайдиган йирик шаҳарларнинг ғарбдан шарққа, жанубдан шимолга ўтувчи катта карвон йўлларида жойлашган бўлишлиги, бу ерларда фақат деҳқончиликни эмас, шунингдек, пул-товар муносабатларини, турли хил ҳунармандчиликни, қўшни халқлар билан савдо-сотиқ ишларининг ривожланишга олиб келди. XV-XVI асрдаёқ Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Хива, Қўқон, Хўжанд каби йирик шаҳарлар, Ҳиндистон, Хитой, Эрон, Россия, Арабистон каби мамлакатлар билан кенг савдо-сотиқ ишларини олиб боришар эди. Буларнинг ҳаммаси ўзбек халқининг ҳаёт тарзига ва психологиясига ўз аксини туширган эди. Қўшни мамлакатлар билан савдо-сотиқ ва бошқа иқтисодий-маданий алоқаларни қизғин олиб борилишлиги, улардан ҳушмуомилалик, ҳуштабиат-лик, ҳозиржавоблик, тадбиркорлик каби ҳусусиятларни талаб этади. Ўзбек ҳалқининг ҳаёти ва турмуш тарзини ўрганган тадқиқотчи-ларнинг барчаси ўзбекларга хос бўлган очиқюзлик ва хушмуомилаликни таъкидлаб кўрсатишган эди. Ўзбекларга хос бу хусусиятни қозоқ адабиётининг классик намоёндаси Абай ҳам таъкидлаб, илтифотлилик, ҳушмуомилалик - буларнинг ҳаммаси сартлардадир, деб ёзган эди. Ўзбекларнинг бир неча асрлар деҳқончилик билан шуғулланиб келиши, ишлаб чиқаришнинг асосий воситаси бўлган ерга нисбатан уларда тежам-корлик ва омилкорликни вужудга келтирди. Н.Жандильдин қозоқ халқига хос бўлган айрим вазминлик, камсуқум-ликни хўжалик юргизиш хусусиятлари билан боғлиқ, деб кўрсатади. Улар бутун умр бўйи чорвачилик билан шуғулланиб, бу уларнинг хўжалик ҳаётининг деярли бутун қисмини ташкил қилган. Аҳолининг тарқоқ ҳолда жойлашиши, улар ўртасида алоқа ўрнатишни қийинлаштирар, улар ҳатто узоқ вақт давомида ёлғиз яшашликка мажбур бўлар эди. Бу эса уларда юқорида айтилганидек, ўзаро муомалада камгаплик, ҳатто ўзининг энг нозик ва қайноқ туйғуларини баён этишда вазминликни кўрсатишни вужудга келтирган. Шундай қилиб, икки қардош ва қўшни халқ - ўзбеклар ва қозоқлар ўзларнинг ўзоқ иқтисодий ва маданий алоқаларига, этник жиҳатдан яқинли-гига, тилининг ўхшашлигига қарамай, юқоридаги сабаблар орқали бутун хусусиятлари билан фарқ қилувчи икки миллат бўлиб шаклланди. Download 0.99 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling