Факултет декани А. Турғунов


“Девони Ниҳоний”да бадиият масалалари


Download 324.5 Kb.
bet13/14
Sana06.04.2023
Hajmi324.5 Kb.
#1330210
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   14
Bog'liq
Жаннатхон БМИ

3.2. “Девони Ниҳоний”да бадиият масалалари.
“Кўпчилик эсласа керак, илгарилари итальян шоири Данте ҳақида мутафаккирлардан бири айтган “Ўрта асрларнинг охирги, Уйғониш даврининг илк шоири” деган таъриф кўп эслангучи эди. Шундан андаза олиб, Ҳамзани мумтоз шеъриятимизнинг охирги ва янги ўзбек шеъриятининг илк шоири сифатида таърифлаш мумкин. Негаки, Ҳамзанинг поэтик такомилида, бизнингча, ўзбек шеъриятидаги поэтик янгиланиш жараёни кузатилиши мумкин. Фикримизча, Ҳамзанинг шеърий мероси муаммони шу тарзда қўйиб махсус тадқиқ этилса, адабиёт илми учун жуда муҳим хулосаларга келиш мумкин бўлади44.
Тўғри, янгиликка мойиллик белгилари, гарчи мумтоз шеър канонлари доирасидан четга чиқилмаса-да, “Девони Ниҳоний”да ҳам кўзга ташланади. Хусусан, бу ўринда шоирнинг табиатан воқеабанд шеърни ёдга солувчи бир неча ғазалларини кўрсатиш ўринли бўлади. Ҳамзанинг “Бордим нигорим уйиға бир кечаси астоғина” мисраси билан бошланувчи ғазали, бир қарашда, мумтоз шеъриятимизда анча кенг тарқалган “саволу жавоб” санъати асосида битилган шеърларнинг бири каби. Лекин Ҳамзанинг ғазалида бир муҳим фарқ бор: унда ошиқ билан ёр диалогини тасвирлаш эмас, диалог воситасида ҳикоя қилиш мақсади устуворлик қилади. Натижада диалог гўё ривоянинг унсурига айланиб кетади, кўз олдимизда воқеа жонлантирилади – шеър сюжетлилик хусусиятини касб этади. Масалан, “Бордим нигорим уйига бир кечаси астоғина, Юз мўралаб, минг йўл чўчиб, қоқдим эшик астоғина” байтида” воқеани ҳикоя қилиш бор, худди шунга ўхшаш, “Қолдим боқуб дилдордин кўнгил узолмай термулуб” мисраси билан бошланувчи мақтаъдан олдинги байт ва мақтанинг ўзи ҳам ривоядир. Бундан ташқари, “деди... дедим” билан бошланувчи репликалар аксар муаллиф шарҳлари – ремаркалар билан таъминланган. Масалан, “Очдим эшикни ул пари, дедим: Фидо бўлсун бу жон” мисрасида ремарка ҳаракат динамикасини таъминлашга, “Каззобу фосиқ беадаб”, – деди сўкуб қаҳри била” мисрасида эса персонаж нутқини индивидуаллаштиришга хизмат қилади. Яъни функционал жиҳатдан ушбу ремаркалар эпик ва драматик асарлардаги ремаркаларга яқиндирки, бунда айнан шеър яратилган давр таъсирини кўриш мумкин. Худди шундай поэтик хусусият Ҳамзанинг “Келди пари от ўйнатиб, тор кўчада тапур-тупур”, “Ўлтуруб эрдим эшикда бир куни, жонончамиз”, “Тўқинди йўлда, дедим, ман сари, укам, гузар эт” мисралари билан бошланувчи ғазалларида, “Ногоҳ йўлуқдим бир қиз болога” мисраси билан бошланувчи мураббасида ҳам кузатилади. Аксинча, шоирнинг “Айдим: пари, ман хастаға мунча жафо даркор эмас” мисраси билан бошланувчи ғазали ёки “Ноз ўзгачаю кўнгил бўлакча” таржели мухаммаси эса тамом мумтоз анъана йўлида, саволу жавоб усулида ёзилган шеърлардир. Уларни аввал зикр қилинган шеърлар билан қиёслаб кўрилса, орадаги фарқ яққол кўзга ташланиб, кейингиларида эпик ва драматик асарларга хос поэтик унсурлар салмоқли ва муҳим эканини кўриш қийин эмас. Бу ҳол, бизнингча, ушбу шеърларнинг ёзилиш вақти Ҳамзанинг наср ва драматургия соҳасидаги илк ижодий изланишлари билан бир пайтга тўғри келгани билан изоҳланиши мумкин.
Янгиликка интилиш Ҳамзанинг “миллий шеър”ларида, айниқса, яққол кўзга ташланади, негаки, шоир замона эҳтиёжига қаратилган бу шеърларида дадил бадиий экспериментларга қўл уради. Бу, аввало, ҳар бир миллий шеърнинг маълум бир халқ куйига солинганида кўринади. Ўзида серқирра истеъдодни намоён этган Ҳамза миллий шеърларини ижросини кўзда тутган ҳолда ёзган. Албатта, бу ўринда унинг театр санъатига ошуфталиги, театрнинг миллатга ўз аҳволини англатишдаги аҳамиятини теран англагани ҳал қилувчи роль ўйнаган. Шу жиҳатдан ёндашилса ва шоирнинг “миллий шеър”ларига саҳифа остида берилган изоҳларга диққат қилинса, унинг бу шеърларга аввало ижро учун материал деб қарагани англашилади. Бу эса, биринчидан, миллий шеърларни ўқиганда кузатиладиган айрим нуқсонлар (масалан, вазндаги сакталиклар) ижро пайтида – мусиқа билан уйғунлашиш ҳисобига йўқолиб кетишини англатади. Демак, уларни баҳолашда ҳам шеър поэтикаси мезонлари билангина ёндашиш камлик қилади, албатта ижро кўзда тутилиши лозим. Иккинчидан, Ҳамзанинг “миллий шеър” дегани тамомила янги жанр – у ижро учун мўлжалланган шеърни, яна ҳам аниқроқ айтсак, қўшиқ матнини англатади.
Ижрода йўқолиб кетадиган нуқсонлар ҳақида айтдик. Эътибор берилса, Ҳамзанинг миллий шеърларидаги қофияларнинг аксар “оч” эканлиги, баъзи ҳолларда эса қофия умуман мавжуд эмаслиги кузатилади. Мисол тариқасида унинг “Паст эканму иқболимиз мунча” номли шеъридан бир бандни олиб қарайлик:
Паст эканму иқболимиз мунча,
Уйғонмадик тебранса ер шунча,
Бошланғонму қиёмат ҳам билмадим
Бизлар уйқудан бош кўтаргунча.
Келинг, ғафлатдан кечинг,
Ташланг бидъат ишларни,
Бирлашингиз, Туркистон,
Яшасун миллат ёшларимиз.
Саҳифа остидаги изоҳда муаллиф “Биринчи мисрадан тўртинчи мисрагача бир киши тарафидан айтилур. Бешинчи мисрадан саккизинчи мисрагача кўп киши тарафидан айтилур” деб ёзади. Яъни бу ерда дастлабки тўрт мисранинг солист томонидан, кейинги тўрт мисра – нақоратнинг эса хор тарафидан айтилиши белгиланмоқда. Биринчи тўртликда қофияланиш хосий рубоийдаги каби (а-а-б-а) бўлиб, шу тартиб шеър охирига қадар сақланади. Бироқ нақорат ўлароқ такрорланувчи кейинги тўрт мисрага қарасак, ундаги мисраларнинг ўзаро қофияланмаётгани кўрилади. Ижрода эса бу камчилик барча мисралар охирида бурун товушларининг мавжудлиги, иккинчи ва тўртинчи мисраларда (гарчи вертикалига ўзаро мос келмаган бўғинларда эса-да) оҳангдош товуш гуруҳлари (“шлар”) борлиги, ниҳоят, барча мисраларда бўртиб турган даъват-чақириқ интонацияси ҳисобига бартараф этилади – мисралардаги оҳангдошлик “тикланади”. Аён бўляптики, ўзида шоирликдан ташқари композиторлик ва ижрочилик иқтидорларини ҳам жам этган Ҳамза “миллий шеър”га тугал асар деб қараган эмас, унинг тасаввуридаги тугал асар айни шеър асосида ижро қилинажак қўшиқдир.
Ҳамзанинг шеър архитектоникаси – ташқи композицияси борасидаги ижодий тажрибалари ҳам ўзига хос ва самарали. Эътиборли томони, у аксар ҳолларда мумтоз адабиётдаги шеърий шаклга муайян қўшимчалар киритади, мавжуд шакл трансформацияга учраган ҳолда янги шеърий шакл вужудга келади. Масалан, “Дардига дармон истамас” шеъри тўққиз банддан таркиб топган бўлиб, унинг дастлабки саккиз банди учлик, охирги тўққизинчи банди бешлик шаклида. Агар барча бандлар охирида такрорланаётган “Ухлама кўп, ўзбек эли, асри тараққий вақтида” таржеъ мисрани фикран олиб ташласак, ғазал шаклидаги шеър қолади. Худдики, Ҳамза ғазал ёзган-у, унинг ҳар бир бандидан кейин юқоридаги таржеъни такрорлагандек. Тўғри, тўққизинчи банд умумий манзарани бироз ўзгартиради, бироқ унда ҳам ғазалнинг иккита банди механик тарзда жуфтланган холос, шоирнинг на мазмун, на шакл эътибори билан бирон бир мақсадни кўзлагани сезилмайди. Шу боис ҳам охирги банднинг тўрт (таржеъдан ташқари) мисрали экани юқоридаги фикримизни инкор қилиш учун етарли эмас. Шунга ўхшаш, Ҳамзанинг бир қатор шеърлари маснавий шаклига таржеъ қўшиш орқали янгича, новаторона шаклни олган. Бироқ буни жўн тушуниш, “маснавийга таржеъ қўшганиёқ ижодий экспериментми?” дея хайрон қолишга асос йўқ. Чунки Ҳамза шу тор доирада ҳам ранг-барангликка интилади. Масалан, “Миллий шеърлар ила” шеърида маснавий байтидан кейин иккита қисқа мисра таржеъ бўлиб келади:
Ҳасрат қилай, қардошлар, кўзни очинг, диндошлар,
Ғафлат билан ўтмасун эмди бу ёзу қишлар.
Ўлса қаю миллат илмсиз,
Шуйла ўлур онинг жазоси.
Ҳамзанинг шеърий меросида мураббага таржеъ қўшиш асосида юзага келган шеърий шакллар ҳам кенг ўрин тутади. Бироқ оддий таърифлаганимиз билан бу шеърий шаклнинг ҳам турли вариантларини кўриш мумкин. Жумладан, мусамматнинг бир тури бўлмиш мумтоз мураббаъга таржеъ қўшилишидан ҳосил бўлган шеърий шакл билан бирга, қофияланиш тартиби турлича (а-а-а-а; а-а-б-а; а-а-б-б; а-б-б-а) бандларга таржеъ қўшиш асосида ҳосил қилинган шеърий шакллар ҳам бир талай. Шунингдек, таржеъларнинг ўзи ҳам хилма-хил: бир мисралик, икки мисралик, уч мисралик таржеълар; турли узунликдаги, яъни бўғинлар сони ёки ўлчови турлича мисралардан таркибланган таржеълар ва ҳ. Хуллас, Ҳамза ижодий экспериментларининг ушбу қирраси махсус ўрганишга лойиқ, жиддий тадқиқотга материал бера олади.
Албатта, агар Ҳамза ўзининг изланишларида мисралар сони, узунлиги ё сони, қофияланиш тартиби каби шакл томонлари билангина чекланиб, эътибори шу томонгагина боғланиб қолганида, самарали натижалар олиши маҳол бўлур эди. Муҳими, Ҳамза шакл бобидаги изланишларини муайян мазмун ифодасига хизмат қилдиради, ижодий тажрибаси мазмунни ёрқинроқ ифодалашига интилади. Мисол учун, “Бойбаччалар семиринг” номли шеърни олиб қарайлик:

Бойбаччалар, семиринг, бешни ўн бешга беринг,


Яхудларни бой қилғоч, ётиб кесак кемиринг.
Ўқитманг ўғилни етар ушбу тижорат.

Бечоралар, тўй беринг, элга ошу тўн беринг,


Ҳовли-жойдан ажралгач, кўчаларда чўп теринг.
Азизлар қилурлар бир кун сизга назорат...

Кўриниб турганидек, шакл жиҳатига қаралса, бу шеър ҳам маснавий бандларига биттадан мисра орттириш усулида ёзилган. Бундай дейишга асос шуки, бунда қофияланиш мумтоз шеъриятдаги мусалласга хос эмас, яъни мусаммат тартибида амалга ошмаган. Шеърнинг уч мисралик бандларидаги дастлабки икки мисра маснавий усулида, учинчиси эса бошқа бандларнинг учинчи мисраларига қофияланган. Маснавийда бандлар ритмик-интонацион жиҳатдан мустақил бўлса, учинчи мисралар қофиядошлиги ҳисобига бунда мустаҳкам ритмик композиция кўрилади. Мазмун томонига келсак, биринчи-иккинчи бандда сўз бораётган объект (бойбаччалар, бечоралар, муллолар ва ҳ.) қилиб турган ишни давом эттиришга тескари маънода даъват, учинчисида эса ўша ишга танқидий-киноявий муносабат акс этади. Натижада банддаги учинчи мисра том маънода мазмуний зарбга айланади, ўзидан олдинги мисралар мазмунини очиқлаш ва шеърнинг таъсир кучини оширишга хизмат қилади. Ҳамзанинг маҳорати шундаки, учинчи мисралар ўзида жуда муҳим ижтимоий муаммоларни лўнда ифода этади. Юқоридаги парчанинг биринчи бандида моҳитан судхўрлик бўлган тижорат ҳақида – бойларнинг фоизга пул беришию алал-оқибат банкларни бойитиши; иккинчисида эса исрофни эҳсон билиб тўй қилишга чиранаётган ва бунинг учун азизлар назарига тушишга интилаётганларнинг беҳуда уринишлари акс этади. Шунга ўхшаш, шоир эшон поччага мурожаатан “қўрқмай гуноҳда давом этаверинг, ўлишда тавба қилинса кифоя” деб, авомга диннинг моҳиятини англатишга масъул муллога қарата эса “таҳорат масаласи билан кифояланиб худойи тўнларни кийиб юраверинг” дея киноя қилади. Демак, Ҳамзанинг поэтик изланишлари ғояга – миллатни уйғотишга қаратилган, шаклбозликдан мутлақо йироқдир.


“Девони Ниҳоний”даги айрим шеърларда драматик ва эпик асарларга хос хусусиятлар кўзга ташланиши бежиз эмас, албатта. Зеро, бу шоирнинг ўз даври ижтимоий-маданий шароитида етилган эҳтиёжларни қондириш, янги шарт-шароитларда ўзгара бошлаган адабиёт талаби билан изоҳланади45. Кўриб ўтганимиз воқеабанд характердаги, айни пайтда ўзида драматик хусусиятларни ҳам намоён этиб, ўқувчи наздида “саҳнавийлик” иллюзиясини ҳосил қиладиган шеърлар лирик мушоҳада объекти нуқтаи назаридан янгилик эди. Яъни, мумтоз шоирлардан фарқ қилароқ, Ҳамза учун лирик идрок предмети кўнгил ёхуд Ҳақ эмас, унинг нигоҳи ташқарига – мавжуд воқеликка қаратилаётир. Бу адабиётимиздаги давр ижтимоий шарт-шароитлари билан боғлиқ янгиланишнинг муҳим бир қирраси эди46. Яна бир муҳим янгиланиш шеърнинг субъект нуқтаи назаридан ташкилланишида кўрилади. Агар бунга қадар шеър аҳли “мен” тилидан сўзлаган ва ўзининг кўнглини изҳор этган бўлса, энди ўзгани англаш ва унинг кўнглини изҳор этишга ҳам жазм қила бошлади. Бу ҳам юқорида айтганимиз янгиланишнинг бошқа бир муҳим қирраси. Хуллас, Ҳамза шеъриятимизда шу йўналишдаги янгиланишнинг яловбардорларидан бўлди, десак, асло янглишмаймиз. Шоирнинг миллий шеърлари қаторида “Бир эшон ҳазратлари айталар экан” номли шеър бўлиб, унинг ўзига хослиги изҳор эшон тилидан берилганидадир. Яъни шеър муаллифи эшон бўлиб сўзлайди, гўё унинг “роли”ни ижро этади, гўё эшонга кўчиб ўтади:

Ёрилгунча тўқланмам, тонг отқунча ухламам,


Қилғум тоат тонг қадар, шоҳид кўк юлдузлари.

Этагидан ушламам, хайр қил деб муштламам,


Ночор олам, хушламам, назр бергач ўзлари.

Қоттиқ тасбеҳ ўгирмам, тутун кўрсам югурмам,


Қўймай олиб кетарлар, йўлда тушса кўзлари...

Шеъриятимизда “ижровий лирика” деб аталувчи лирик асарларнинг бу тури оммалашиши ва бугунги кунга келиб салмоқли ўрин эгаллаганида Ҳамзанинг ҳиссаси жуда катта. Зеро, “Бир эшон ҳазратлари айталар экан” шеърини “ижровий лирика”нинг шеъриятимиздаги илк намуналаридан десак, асло янглишмаган бўламиз. Шеърнинг бу нави Ҳамзанинг кейинги, шўро давридаги ижодида ҳам анча кенг ўрин тутади. Жумладан, шоирнинг “Бир шарманда тилидан”, “Ўзбек хотуни тилидан”, “Бир қўрқоқ “масъул ишчи”нинг тилидан”, “Шаҳрисабз маҳаллали Азимхўжа эшон бинни Тошхўжа эшоннинг оғиз бойлашлари” каби шеърлари “ижровий лирика” намуналаридир. Эътибор берилса, шоир бу нав шеърларининг сарлавҳасидаёқ асарнинг ўзига хос томони, унда айтилган фикр-ҳислар қандай тушунилиши кераклигига ишора қилади. Негаки, у ёзган шеъри ўқувчи учун янгилик эканини, асарнинг тўғри тушуниши учун унга йўналиш бериш зарурлигини теран ҳис этади.


“Ниҳоний ўз лирик шеърларининг оҳангини яратишда ҳазаж, рамал, ражаз, мутақориб, музореъ, мужтасс, комил каби баҳрларга мансуб 14 ўлчовдан истифода этган. Деярли барча туркийзабон мумтоз ижодкорлар шеъриятига хос арузий қонуният шуки, унда қўлланиш даражасига кўра аввалги ўринда рамал баҳрининг рамали мусаммани маҳзуф(мақсур) (фоилотун/ фоилотун/ фоилотун/ фоилун (фоилон)) ва ундан сўнг ҳазаж баҳрининг ҳазажи мусаммани солим (мусаббағ) (мафоийлун/ мафоийлун/ мафоийлун/ мафоийлун ( мафоийлон)) ўлчови туради. Сабаби, бу икки вазн туркий тилнинг фонологик хусусиятларига энг мувофиқ келиши билан бирга ёқимли оҳангга эга, шунингдек, уларнинг мумтоз куйларга уйғунлашув имкони кенг. Ниҳоний ижоди ҳам бу ҳолдан мустасно эмас. “Девон”даги 204 та шеърдан 71 таси – 35 фоизга яқини рамали мусаммани маҳзуф(мақсур)да битилган. Алишер Навоий лирикаси учун бу кўрсаткич 55 фоизни ташкил этади. Ҳазажи мусаммани солим (мусаббағ)га эса Ниҳоний 51та, яъни 25 фоиз шеърларини яратиш учун мурожаат қилган”47.

Боб юзасидан хулосалар:


Ҳамза лирикасининг аксарият қисми узоқ асрлик мумтоз адабиёт анъаналари доирасида яратилган экан, шубҳасиз, уларда ирфоний ғоялар тараннум этилиши табиийдир. Тил, тарих, дин, юрт, эл, келажак учун нима қилиниши зарур бўлса Ҳамза шуларнинг ҳаммасини қойиллатиб бажарган. Шеърни у бир ёки икки эмас, ўнлаб олий мақсадларга хизмат этган. Бизни ташвишлантираётган, кундан-кунга ҳаракатни кучайтиришга ундаётган муаммоларнинг ечимини донишманд Ҳамза алоҳида-алоҳида мисра ва байтларида ҳам баён этиб кетган экан. Ақл нима, завқ нима, илм нима, маърифат нима, мушоҳада нима – буларни барчасини шоир ўз лирикасида батафсил ёритган.
Янги ўзбек шеъриятининг шаклланиши ва поэтик такомилида Ҳамзанинг жуда катта хизматлари бор. Шўро даврида, Ҳамза осмонларга кўтарилганида ҳам, асосан, унинг ғоявий томонларига эътибор қилинди. Ҳозирги кунда, Ҳамза номини оқлаш мақсади билан ёзилаётган яккам-дуккам чиқишларда ҳам шахси ва ижодининг ғоявий томонларига урғу берилиб, унинг жадидчилик ҳаракатининг намояндаси, чин исломий эътиқод кишиси экани кабиларга кўпроқ эътибор қаратилаётганга ўхшайди. Ҳолбуки, Ҳамзанинг адабиётимиз олдидаги хизматлари ғоят катта бўлиб, унинг адабиётимиз тарихида муносиб ўрин эгаллашига ҳақ бера олади. Демак, ҳамзашунослик йўналишидаги тадқиқотлар шоир ижодий меросини чуқур тадқиқ этиш, асарларининг бадиий ўзига хослиги, адабиётимизнинг поэтик янгиланишидаги ўрни ва аҳамиятини очиб беришга қаратилмоғи зарурдир.

ХУЛОСА



Давр ўзгариши билан бадиий мезонлар ҳам, адабий сиймоларга муносабат тамойиллари ҳам ўзгариб, чинакам истеъдодлар илмийлигига қараганда сиёсийлиги кўпроқ бўлган шўро давридаги қолипларга сиғмай қолди.
Ҳаёти ва ижоди ўзбек адабиётшунослигида энг кўп ўрганилган адиб, деб айтиш мумкин бўлган Ҳамза ҳақида ҳам аслида кўп нарса билмаслигимиз энди маълум бўлиб бормоқда. Узоқ йиллар мобайнида Ҳамза ижодига муносабат борасида бир ёқламага йўл қўйиб келинди. Эски ва янги замон чегарасида турган шахснинг янглишишлари, ижодкор сифатидаги камчиликлари ҳамда кашфиётлари, инқилобий фаолияти кенг оммага холис кўрсатиб берилмади. Ҳамза шахсияти ва ижодиётини бу тахлит сунъийлаштириш ўтган асрнинг 30-йилларидан бошланган бўлиб, бу даврда ижодкорлардан жонли одамлар ва уларнинг ўйларини эмас, балки инқилобий ғоялар ва сотциализм ғалабасини куйлаш талаб қилинарди.
Давридан олдин юриш Ҳамзанинг умрлик қисмати бўлган. Шу боис фожиавий ҳаёт кечирган. Бир умр ўз халқини ўтли муҳаббат билан суйган, бироқ ўша халқ заковатли ўғлони қалбини на тириклигида, на ҳаётдан кетгач тўлиқ тушунолмаган.
Ҳамза Шарқ мумтоз сўз санъатининг Хўжа Ҳофиз, Алишер Навоий, Фузулий, Машраб, Амирий, Ҳазиний, Фазлий, Муқимий, Фурқат, Завқий каби шоирлари таъсирида, уларга эргашиб, ғазал, мурабба ва мухаммаслар ёзган. У таъсирланган сўз санъаткорлари силсиласида Навоий алоҳида ажралиб туради. Ҳамза Навоийни ижод йўлида ўзига устоз деб билган, ундан маҳорат сабоғини олган, унинг таъсирида байт ва ғазаллар ёзган, баъзи ғазалларига татаббулар қилган.
Ҳамза Ҳакимзоданинг адабий мероси ўзбек шеърияти тараққиётига муносиб улуш бўлиб қўшилиш билан бирга шоирнинг ижодий камолоти мумтоз адабиёт анъаналарини чуқур ўзлаштирганлигига бориб тақалади. Ҳамза миллий уйғониш даври адабиётининг вакили сифатида мумтоз шеъриятнинг адабий вориси ва ижодий давомчиси бўлди. Шоирнинг “Девони Ниҳоний” деб номланган асари Шарқ шеъриятининг азалий анъаналари ва қонун-қоидаларига амал қилинган ҳолда тузилди.
Ҳамза лирикасининг аксарият қисми узоқ асрлик мумтоз адабиёт анъаналари доирасида яратилган экан, шубҳасиз, уларда ирфоний ғоялар тараннум этилиши табиийдир. Тил, тарих, дин, юрт, эл, келажак учун нима қилиниши зарур бўлса Ҳамза шуларнинг ҳаммасини қойиллатиб бажарган. Шеърни у бир ёки икки эмас, ўнлаб олий мақсадларга хизмат этган. Бизни ташвишлантираётган, кундан-кунга ҳаракатни кучайтиришга ундаётган муаммоларнинг ечимини донишманд Ҳамза алоҳида-алоҳида мисра ва байтларида ҳам баён этиб кетган экан. Ақл нима, завқ нима, илм нима, маърифат нима, мушоҳада нима – буларни барчасини шоир ўз лирикасида батафсил ёритган.
Янги ўзбек шеъриятининг шаклланиши ва поэтик такомилида Ҳамзанинг жуда катта хизматлари бор. Шўро даврида, Ҳамза осмонларга кўтарилганида ҳам, асосан, унинг ғоявий томонларига эътибор қилинди. Ҳозирги кунда, Ҳамза номини оқлаш мақсади билан ёзилаётган яккам-дуккам чиқишларда ҳам шахси ва ижодининг ғоявий томонларига урғу берилиб, унинг жадидчилик ҳаракатининг намояндаси, чин исломий эътиқод кишиси экани кабиларга кўпроқ эътибор қаратилаётганга ўхшайди. Ҳолбуки, Ҳамзанинг адабиётимиз олдидаги хизматлари ғоят катта бўлиб, унинг адабиётимиз тарихида муносиб ўрин эгаллашига ҳақ бера олади. Демак, ҳамзашунослик йўналишидаги тадқиқотлар шоир ижодий меросини чуқур тадқиқ этиш, асарларининг бадиий ўзига хослиги, адабиётимизнинг поэтик янгиланишидаги ўрни ва аҳамиятини очиб беришга қаратилмоғи зарурдир.
Янгиланиш даври Ҳамзанинг ўзбек халқи ижтимоий тафаккури тарраққиётидаги ҳақиқий ўрнини белгилаш, унинг асарларига чин бадиий баҳо бериш имконини яратмоқда. Шоирнинг миллат дардида, халқ ғамида юрак қони билан битган ширадор сатрлари халқнинг эътиборига “ҳушёр” муҳаррирларнинг шавқатсиз қаламига дучор қилинмай туриб ҳавола этилиши керак. Зеро, ўқувчилар шоирнинг асарларини асл ҳолича, сохталиксиз ўқий олсагина уларни севиб қолади.

Download 324.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   14




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling