«Фалсафа» тушунчасининг келиб чиқиши


Download 37.29 Kb.
bet2/6
Sana14.03.2023
Hajmi37.29 Kb.
#1267547
1   2   3   4   5   6
Bog'liq
фалсафа 1 мавзу

Дунёқарашнинг моҳияти. Айни шу даврдан бошлаб инсоннинг анча ривожланган дунёқараши шакллангани ҳақида ва умуман тўпланган билимлар, амалий кўникмалар, вужудга келган қадриятлар, ўзи ва ўзини қуршаган дунё ҳақидаги тасаввурлар мажмуи сифатидаги одамлар дунёқараши тўғрисида ишонч билан сўз юритиш мумкин.
Ҳаёт тажрибаси ва эмпирик билимлар асосида шаклланадиган дунёқараш оддий дунёқараш деб аталади ва инсоннинг дунё ҳақидаги тасаввурларининг тизимсиз мажмуи сифатида амал қилади. У ҳар қандай дунёқарашнинг негизи ҳисобланади ва одамларга кундалик ҳаёти, фаолиятида йўл кўрсатиб, уларнинг хулқ-атвори, аксарият қилмишларини белгилаб, муҳим регулятив функцияни бажаради.
Кенг маънода, дунёқараш – инсоннинг ўзини қуршаган борлиққа ва ўз-ўзига нисбатан ёндашувлар тизими, шунингдек унинг мазкур ёндашувлар билан белгиланган ҳаётий идеаллари, эътиқодлари,, билиш ва фаолият тамойиллари, қадрият ва мўлжалларидир.
Шу тариқа таърифланадиган дунёқараш фақат инсонга хос бўлиб, бу унда шаклланган онг ва оқилона фаолият мавжудлиги билан боғлиқдир. Бунда инсон нафақат тушунчалар яратиш ва мулоҳаза юритиш, хулосалар чиқариш ва қоидаларни таърифлаш қобилиятини касб этади, балки тайёр билимдан янги билим олиш учун фойдалана бошлайди. Инсоннинг бундай фаолиятини, унинг ижодий фаоллигини тавсифловчи ақл одамзот ва жамият эволюциясини жадаллаштиришнинг қудратли омилига айланади ҳамда пировардда инсонни ҳайвондан ажратиш имконини берувчи асосий белги сифатида амал қилади.
Дунёқарашда ижтимоий муҳитнинг роли. Ақл пайдо бўлиши билан инсон ўзини фикрловчи мавжудот сифатида англай бошлайди, унда ўз «мени» ва ўзгалар ҳақида тасаввури шаклланади ва ривожланади. Шу тариқа у ўзини ва ўзини қуршаган борлиқни англайди, ўзи ва бошқа одамларни, ўзи ва ташқи муҳитни фарқлайди, илгари ўзига маълум бўлмаган дунёнинг янги ва янги жиҳатларини идрок этади. Бундай қарашлар инсоннинг ўзи ва ўзини қуршаган борлиқ ҳақидаги тасаввурлари мажмуи сифатида шаклланадиган дунёқараш негизини ташкил этади. Бунда инсон ўзига маъқул ва номаъқул нарсаларни фарқлайди, баҳолар беради, устуворликлар тизимини яратади ва муайян мақсадларга эришишда тегишли тарзда иш кўради.
Демак, дунёқарашда билиш, қадриятларга муносабат ва хулқ-атворни белгилаш функциялари мужассамлашади.
Дунёқарашнинг билиш функцияси инсонда қизиқиш уйғотувчи барча саволларни, шунингдек муайян йўл билан топувчи жавобларни ўз ичига олади. Билиш одамлар дунёқарашини бойитади ва кенгайтиради, у жамиятнинг ривожланишига қараб янада теранроқ ва мазмунан бойроқ бўлиб боради.
Дунёқарашнинг қадриятларга муносабат функцияси – инсонннинг ҳаётни ва ўзини олий қадрият деб ҳисоблаган ҳолга шаклланади. Зеро, ўз қадрини билмаган инсон ўзгалар қадрини билмайди ва ҳаётда ўз ўрнини топа олмайди.
Дунёқарашниннг хулқ атворни белгилаш функцияси – инсонда ўз-ўзини тарбиялаш, маънавий маданиятини такомиллаштириш ва фақат ўзининг маънавий дунёсига муносиб муҳит танлаш малакаларини шакллантиради..
Аммо дунё жуда ранг-баранг бўлиб, муттасил ўзгариш жараёнини бошдан кечиради, қониқарли жавобларга эга бўлмаган саволлар эса, узил-кесил жавоб бериш мумкин бўлган саволларга қараганда, кўпроқдир. Шу боис, муаммоларга нисбатан муайян тарзда ёндашадиган ҳар бир одамнинг дунёқараши, саволлари ва жавоблари доим шахсий ўзига хослик билан ажралиб туради ва ҳеч бўлмаса шу сабабга кўра бошқа одамлар дунёқарашига ҳеч қачон ўхшамайди.
Дунёқарашда интеллектуал, эмоционал ва руҳий асослар узвий боғлиқ бўлиб, , улар жамулжам ҳолда ҳар бир инсон учун мутлақо муайян, индивидуал хусусиятлар сифатида амал қилади.
Интеллектуал, эмоционал ва руҳий асослар ирода билан уйғунликда эътиқодлар – одамлар фаол қабул қиладиган, уларнинг онг даражаси ва ҳаётдаги мўлжалларига мос келадиган қарашларни юзага келтиради.
Дунёқарашга субъектнинг ёши, жисмоний ва руҳий ҳолати, феъл-атвори хусусиятлари, одатлари ва эътиқодлари, шунингдек миллий маданият типи, этнос хусусиятлари ва ижтимоий-маданий омиллар ўз таъсирини кўрсатади. Дунё ҳақидаги тасаввурда объектив ва субъектив томонларни ажратиш ҳам ўринли бўлади.
Дунёқарашнинг шаклланиши натижаси ўлароқ субъектнинг эътиқодлари, қилмишлари ва ҳаракатлари мажмуи вужудга келади. Дунёқарашда инсон ва инсоният ўз ўзлигини намоён этади. Дунёқараш инсон хулқ-атвори, унинг барча ҳаракатлари ва қилмишлари учун фон сифатида амал қилади. Дунёқарашнинг ментал мезони сифатида онгнинг мужассамлашувини акс эттирувчи ишонч ва эътиқод майдонга чиқади. Дунёқараш умумий ва шахсий аҳамиятга молик мўлжал тарзида намоён бўлиши мумкин.
Дунёқараш серқирра ҳодиса ҳисобланади. Кўп қаватли уйда бўлганидек, унинг турли қаватларидан ўз рационал-иррационал элементларига эга бўлган ҳаётга оид, мифологик, диний, бадиий, сиёсий, илмий қарашлар ўрин олади. Дунёқарашнинг амалий даражаси стихияли тарзда шаклланадиган дунёқарашдир (унга мисол тариқасида оддий, кундалик дунёқарашни келтирадилар). Унда дунёнинг манзараси ролини ҳаёт ҳақидаги типик тасаввурлар тўплами ўйнайди. Бу тўплам кўпинча кундалик ҳаётда айниқса кўп учрайдиган вазиятлардан, мазкур муҳитга хос бўлган кўникмалар, муносабатлар ва одатлардан таркиб топади. Бундай дунёқарашга унинг эгасига хос бўлган касбий мўлжаллар айниқса кучли таъсир кўрсатади. Хулқ-атвор реакциялари типининг шаклланишида субъектнинг касб-кори (амалдор, савдо ходими, офицер, уй бекаси, шифокор ва ҳ.к.) ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Оддий дунёқараш эгаси дунёга муносабатнинг ўз муҳитига айниқса хос бўлган андозаларини умумлаштириб, уларни ҳаракатлар ва қарашларнинг ўзгартириш осон бўлмаган муайян мезонига айлантиради. «Оддий дунёқараш» категориясининг синонимлари сифатида «кундалик дунёқараш», «амалий дунёқараш», «ноилмий дунёқараш» тушунчалари амал қилади. Ҳаёт тажрибаси ва эмпирик билимлар асосида шаклланадиган дунёқараш оддий дунёқараш деб аталади ва инсоннинг дунё ҳақидаги тасаввурларининг тизимсиз мажмуи сифатида амал қилади. У ҳар қандай дунёқарашнинг негизи ҳисобланади ва одамларга кундалик ҳаёти, фаолиятида йўл кўрсатиб, уларнинг хулқ-атвори, аксарият қилмишларини белгилаб, муҳим регулятив функцияни бажаради.
Фалсафа борлиқ ва инсон тафаккурининг асосий тамойилларини ифодалаш орқали дунёни англаб етиш барча шаклларининг маънавий асоси сифатида майдонга чиқади. Ҳозирги замон фундаментал фалсафаси дунёқарашнинг энг олий, назарий даражасидир, десак, асло муболаға қилмаган бўламиз.
Назарий дунёқараш асрлар оша давом этган индивиднинг ижтимоийлашуви жараёни маҳсули ҳисобланади. Бунда индивид ўзининг воқеликка бўлган муносабатида жамиятдан олинадиган неъматларни бевосита ўзлаштиришдан тарихий бунёдкорлик ва инсоний қадриятлар мазмунини тушунишга қадар бўлган йўлни босиб ўтади.
Дунёқарашнинг назарий даражасини воқеликнинг бевосита инъикоси сифатида тасаввур қилиш тўғри бўлмайди. Унинг таркибига идеаллар ва концептуал моделлар киради. Айнан идеалларнинг мавжудлиги дунёқарашни оддий инъикос сифатида эмас, балки илдам инъикос сифатида, ҳали мавжуд бўлмаган ҳодиса – келажакни шакллантирувчи ва белгиловчи идеал куч сифатида тавсифлайди.
Дунёқарашни шакллантириш муаммосининг моҳияти шу билан белгиланадики, назарий даражанинг изчил ривожланиши серқирра мавжудот саналган инсонда амалда мавжуд бўлган дунёқарашнинг бошқа қатламларини, хусусан мифологик дунёқараш қолдиқлари ёки кундалик дунёқараш унсурларини бекор қилмайди.
Шундай қилиб, дунёқарашнинг ҳар бир даражаси инсон ҳаёт фаолиятида ўз вазифаларини ҳал қилади. Уларнинг аҳамияти ва ўзига хослиги ҳам шундадир. Танқид фақат у ёки бу (диний, оддий, прагматик ёки сциентистик) дунёқараш универсалликни асоссиз равишда даъво қилган ҳолда ўринли бўлади.
Дунёқарашнинг муҳим элементи шубҳа бўлиб, у инсонни догматизм, яъни бирёқлама, нотанқидий фикрлаш, у ёки бу қоидани шак-шубҳасиз ҳақиқат деб қабул қилишдан асрайди. Догматизмнинг қарама-каршиси скептицизм бўлиб, бунда шубҳа мутлақлашади, фикрлашнинг асосий омилига айланади, билиш ва борлиқни идрок этишнинг бош тамойили сифатида амал қилади.

Download 37.29 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling