Фарғона давлат университетининг шонли тарихи
Download 43.75 Kb.
|
1 2
Bog'liqФАРҒОНА ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИНИНГ ШОНЛИ ТАРИХИ
ФАРҒОНА ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИНИНГ ШОНЛИ ТАРИХИ Мустақиллик арафасида Фарғона давлат педагогика институти нафақат Фарғона водийси, балки Ўзбекистоннинг энг йирик ва нуфузли олий ўқув юртларидан бири эди. 1989-1990 ўқув йилида институтнинг 46 та кафедрасида 530 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар меҳнат қилар эдилар. Улардан 15 нафари фан доктори ва 200 нафари фан номзоди эдилар. Олий ўқув юртининг 9 та факультетидаги кундузги, кечки ва сиртқи бўлимларида 7,9 минг талаба таҳсил оларди. Институт ташкил топган кундан 1990 йилга қадар 43 мингдан зиёд олий маълумотли педагоглар тайёрланди. Ўзбекистоннинг Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов республикамиз мустақиллиги учун сабот билан кураш олиб борган 1989-1991 йилларда собиқ СССР ҳамда Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий вазият тубдан ўзгарди. Эндиликда Ислом Каримов ва республика ҳукумати кўп муаммоларни марказнинг кўрсатмаси билан эмас, балки мустақил тарзда ҳал қила бошлади. Мустақиллик остонасида И.Каримов Фарғона педагогика институти базасида университет ташкил этиш масаласини ҳам ўрганиб чиқиб, уни ижобий ҳал этишни маъқул деб топди. 1991 йил 1 мартда Ўзбекистоннинг Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг имзоси билан Фарғона шаҳрида педагогика институти негизида янги олий ўқув юрти – университет ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шундай қилиб, мустақиллик эълон қилиниши арафасида водийда биринчи, республикада эса тўртинчи университет – Фарғона давлат университети ташкил этилди. Университетнинг биринчи ректори этиб физика-математика фанлари доктори, профессор М.Қ.Қорабоев тайинланди. Кейинги йилларда университетга физика-математика фанлари доктори, профессор Э.А.Абдуллаев (1996-1999 йй.), физика-математика фанлари доктори, профессор А.Қ.Ўринов (1999-2004 йй.), иқтисод фанлари доктори, профессор М.Қ.Зияев (2004-2005 йй.), биология фанлари доктори, профессор М.Ҳ.Аҳмедов (2005-2013 йй.), иқтисод фанлари доктори, профессор Ш.Х.Ташматов (2013-2016йй)лар ректорлик қилдилар. 2016 йилдан бошлаб университетга кимё фанлари доктори, А.Х.Хаитбаев раҳбарлик қилиб келмоқда. Фарғона давлат университетининг ташкил этилиши вилоят ва бутун водийнинг ижтимоий ва маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Университет мақомидаги олий ўқув юртининг вужудга келиши нафақат юқори малакали кадрлар тайёрлаш, балки минтақада илм-фан тараққиёти учун ҳам янги уфқлар очиб берди. Фарғонада университетнинг очилиши бу ерда янги кадрлар ва тадқиқотлар марказларини ташкил этиш, кенг кўламда илмий тадқиқот ишларини олиб бориш, фан ва техника ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этиш ҳамда минтақанинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини жадаллаштиришга муносиб ҳисса қўша бошлади. «Мозийга қайтиб иш кўриш – хайрли», дейдилар. Фарғона давлат университети ўзининг шонли бой тарихига эга. Бу тарих бевосита олдинги Фарғона давлат педагогика институти фаолияти билан узвий боғлиқ. Фарғона олий педагогика институти ташкил топганида унинг таркибида колхозчи ёшлар факультети ва ижтимоий-иқтисодий ҳамда табииёт-биология бўлимлари бўлган. Дастлаб институтга атиги 120 нафар талаба қабул қилинди. Фарғона олий педагогика институтининг биринчи директори этиб профессор А.М.Красноусов тайинланди. Ўқув бўлимининг мудири доцент С.Н.Мишин, бўлим бошлиқлари Ф.М.Бурнашев ва Р.К.Отажоновлар эдилар. Институт зиммасига колхозчи ёшлар мактаблари учун олий малакали ўқитувчи кадрлар тайёрлаш ва мактабларга услубий хизмат кўрсатиш вазифаси юклатилди. Дастлаб институтга фақат битта бино – 1902 йилда Г.М.Сваричевский лойиҳаси асосида қурилган собиқ ўғил болалар гимназияси биноси ажратилганлиги сабабли ўқув хоналари етишмасди. Талабаларни турар-жой билан таъминлаш масаласи ҳам бирдан ҳал бўлмади. Абитуриентларни институтга қабул қилиш борасида ҳам талай муаммолар мавжуд эди. Масалан, мактабларда таълим-тарбия даражаси паст бўлганлиги сабабли кўп абитуриентлар мустаҳкам билимларга эга эмас эдилар. 1930 йилнинг биринчи семестрида институтда 140 нафар талаба ўрнига 120 нафар талаба таҳсил ола бошлади. Институт директори профессор А.М.Красноусов раҳбар органларга ёзган билдиришномасида қабул қилинган айрим талабаларнинг умумий билим даражаси ва ижтимоий-сиёсий савияси пастлигини эътироф этган эди. Мавжуд камчиликларни бартараф қилиш мақсадида 1930 йил 6 майда Ўзбекистон маориф халқ комиссарлиги коллегиясида «Фарғона шаҳридаги олий педагогика институти комплектланишининг бориши тўғрисида»ги масала муҳокама этилди. Қабул қилинган қарорда Самарқанд шаҳридаги 1- ва 2-сонли ҳамда Тошкентдаги 3-сонли эркаклар педагогика техникумлари битирувчиларини Фарғона педагогика институтига ўқишни давом эттириш учун юбориш кўзда тутилди. Ўқишга қабул қилинган талабаларга маълум имкониятлар яратиш мақсадида маориф халқ комиссарлиги 1930 йил 5 июнда Фарғона педагогика институти талабалари стипендияларини ошириш ва уни ўрта ҳисобда 50 сўмга етказишга қарор қилди. Ўз вақтида етарли даражада ўрта маълумот ололмаган ишчи-деҳқон ёшларини институтга киришга тайёрлаш мақсадида учта махсус ишчи факультетлари (рабфаклар) ташкил этилди, улардан биттаси ўзбек қизлари учун мўлжалланган эди. Амалга оширилган тадбирлар натижасида, 1930 йилнинг кузига келиб, Фарғона олий педагогика институтига режада белгилангандан кўпроқ талабалар қабул қилинди, уларнинг сифат таркиби бирмунча яхшиланди. 1930 йилнинг 16 октябрида институтда таҳсил олаётган талабалар сони 160 тани ташкил этди. Қабул қилинган талабаларнинг 75 нафари ўзбеклар бўлиб, улардан 19 таси хотинқизлар эди. Янги ташкил топган институтни малакали ўқитувчи кадрлар билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эди. Собиқ СССР маориф халқ комиссарлигининг йўлланмаси билан Фарғонага бир гуруҳ Россиялик таниқли олимларнинг келиши институтни юқори малакали илмий-педагогик кадрлар билан таъминлаш имкониятини берди. 1930 йилнинг сентябрига келиб, Фарғона олий педагогика институтида 23 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатарди. Улардан 4 нафари профессор ва 6 нафари доцент илмий унвонига эга эди. Институт фаолият кўрсата бошлаган дастлабки даврда бу ерда профессорлардан Е.Е.Сиротин физикадан, С.А.Аверинцев зоологиядан, Б.Чўпонзода, В.М.Чистяков филологиядан, А.В.Ланков математикадан, доцентлар С.В.Петреченко педагогикадан, И.Г.Волков иқтисодиётдан, В.А.Тенин, А.К.Кудреватов ва К.Я.Парменковлар кимёдан, ассистентлардан И.Д.Никольский ботаникадан, А.К.Кончевский чизмачиликдан, А.К.Тислегин одам анатомияси ва физиологиясидан, А.Қодиров тарихдан, Г.Г.Тролле физикадан талаба ёшларга сабоқ берганлар. Институт водийда ягона олий ўқув юрти бўлганлиги боис, бу ерда нафақат маориф, балки халқ хўжалигининг бошқа соҳалари, жумладан, қишлоқ хўжалиги учун ҳам кадрлар тайёрлаш зарур деб топилди. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистон маориф халқ комиссарлиги коллегиясининг 1931 йил 13 январда қабул қилган қарорига биноан, институтда агрономия бўлими очилди. Фарғона олий педагогика институтининг номи «Агрономия-педагогика институти» этиб ўзгартирилди. Институт директори этиб Б.Қориев тайинланди. Агропедагогика институти таркибида тил ва адабиёт, физикаматематика, кимё ва биология ҳамда агропедагогика бўлимлари ташкил этилди. Институтнинг вазифалари билан бевосита боғлиқ бўлмаган қўшимча иккита бўлим – мактабгача тарбия ва мактабдан ташқари тарбия бўлимлари ҳам фаолият кўрсата бошлади. Аммо тез орада институтнинг номи ва таркиби яна ўзгартирилди. Бу ҳол мамлакатда умумий бошланғич таълимни жорий этиш билан боғлиқ эди. Мактаблар ёшларга чуқур билим бериши, уларни техникумлар ва олий ўқув юртларига киришга тайёрлаши лозим эди. Яъни мактаб, ўрта махсус ва олий ўқув юртларида таълимнинг давомийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш зарурияти пайдо бўлди. Шу муносабат билан 1932 йилнинг январидан бошлаб институтда колхозчи ёшлар мактаблари учун фанлар туркумидан дарс берувчи ўқитувчиларни эмас, балки умумтаълим мактаблари, техникумлар ҳамда ишчи факультетлари учун аниқ фанлардан дарс бера оладиган ўқитувчи кадрлар тайёрлашга ўтилди. Шунингдек, институт таркибига ўзгартиришлар киритилди: агропедагогика бўлими ёпилди, физика-математика ва кимё-биология бўлимлари эса алоҳида фанларга ихтисослашган факультетларга бўлинди. Натижада институтда 6 та факультет ташкил этилди. Булар тил ва адабиёт, математика, физика, кимё, биология ва тарих факультетлари эди. Институтнинг таркиби ва вазифаларига мос равишда унинг номи ўзгартирилиб, Фарғона давлат педагогика институти деб атала бошланди. 1933 йилнинг май ойидан 1937 йилнинг сентябригача институтни янги директор Г.П.Ижбульдин бошқарди. Республикада халқ маорифининг тез ривожланиши олий малакали педагогларга бўлган эҳтиёжнинг ортишига олиб келди. Шу боисдан бошқа олий педагогика ўқув юртлари сингари Фарғона давлат педагогика институтида ҳам кадрлар тайёрлаш кўлами кенгая бошлади. Йилдан-йилга ўқишга қабул қилинган талабаларнинг сони ошди. Шунга мос равишда институтда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчиларнинг сони кўпайиб, илм даргоҳининг моддий-техникавий базаси мустаҳкамланиб борди. Институт фаолиятининг дастлабки босқичида йилдан-йилга талабаларнинг сифат таркиби яхшиланиб борди. Толиби илмлар орасида маҳаллий миллатга мансуб ёшлар ва хотин-қизларнинг салмоғи ошиб борганлиги диққатга сазовордир. Агар 1930 йилда 160 нафар талабадан 113 нафари ўзбек ва 16 нафари бошқа маҳаллий миллат вакиллари бўлган бўлса, 1938-1939 ўқув йилида кундузги бўлимда таълим олаётган 414 талабадан 184 нафари ўзбек, 4 нафари тожик ва 8 нафари қирғиз миллатига мансуб эди. Институт ташкил топганида 19 нафар хотин-қизлар ўқишга қабул қилинган эди. 1938-1939 ўқув йилида эса уларнинг сони 123 тани ташкил этди. Институт профессор-ўқитувчиларининг сифат таркиби ҳам яхшиланиб борди. Россиянинг марказий шаҳарларидан таклиф этилган мутахассислар билан бирга институтда Ўрта Осиё давлат университети ва РСФСР олий ўқув юртларини битирган ёш ўқитувчилар фаолият кўрсата бошлади. 1933 йилда Фарғона давлат педагогика институти профессор-ўқитувчиларининг сони 46 кишини ташкил этди. Улардан 10 нафари профессор ва 15 нафари доцент илмий унвонига эга эдилар. 1938-1939 ўқув йилида эса институтда профессор-ўқитувчиларнинг сони 118 тага етди, улардан 7 нафари профессор, 66 нафари доцент ва катта ўқитувчилар эди. Институтни биринчилар қаторида битириб чиққан ёш мутахассислар орасида кейинчалик академик илмий унвонига эга бўлган Воҳид Абдуллаев ҳам бор эди. Ўша даврларни эслаб, у қуйидагиларни ёзган эди: «Мен институтнинг биринчи қалдирғочлари қаторида таҳсил кўриб, 20 ёшимда маданият ва маънавият фронтига отлангандим. Илмий изланишлар, баҳоли қудрат қилган хизматларимга яраша фахрий унвонлар, орден ва медаллар соҳиби бўлишимдан қатъи назар, ҳали ҳам ўша талабалик даврим, оташқалб ёшлигим билан яшайман. Ўқийман, ўрганаман, китоблар ёзаман. Зеро, институтим, забардаст профессорларимиз мени ҳам, тенгдошларимни ҳам ана шундай руҳда тарбиялаганлар». Таълим сифатининг яхшиланиб боришида институт моддий-техникавий базасининг мустаҳкамланиши муҳим аҳамиятга эга эди. 1939 йил институтда 2 та ўқув бинолари (ҳозирги физика-метематика ҳамда тарих ва иқтисод факультетлари бинолари) ишга туширилди. Аудитория фонди кўпайиб, янги ўқув лабораториялари ва кабинетлар ташкил этилди. Урушдан олдинги йилларда Фарғона давлат педагогика институти ҳаётида рўй берган ижобий ўзгаришларда 1937-1939 йилларда директорлик лавозимида ишлаган И.М.Преснухин, 19391940 йилларда институтга раҳбарлик қилган Я.Велиев ва 1940-1942 йилларда ишлаган Л.Р.Садыковларнинг хизматлари катта бўлди. 1936 йилдан бошлаб институтни битирган талабаларга дипломлар дифференциал (фарқли) ёндашилган тарзда бериладиган бўлди. 1938 йилдан аълочи ва жамоатчи талабаларга имтиёзли (қизил) дипломлар берила бошланди. 30-йилларда Ўзбекистон ижтимоий ҳаётининг кўпгина соҳаларида маҳаллийлаштириш сиёсати амалга оширилди. Бу сиёсатнинг асосий мазмуни бошқарув, саноат, маориф ва бошқа тармоқларда маҳаллий аҳоли – ўзбек миллати вакиллари сонини оширишдан иборат эди. Маҳаллийлаштириш Фарғона давлат педагогика институти учун ҳам муҳим бўлган, чунки профессор-ўқитувчиларнинг кўпчилиги русийзабон мутахассислардан иборат эди. Масалан, 1933-1934 ўқув йилида институтда ишлаётган 46 нафар ўқитувчидан атиги 17 нафари маҳаллий миллат вакиллари эди, холос. Мазкур муаммони ҳал этиш мақсадида турли факультетларда таҳсил олаётган иқтидорли ёшларни танлаб олиш ва ўқишни битирганларидан сўнг уларни институтда ишга олиб қолишга асосий эътибор қаратилди. 1938-1939 ўқув йилига келиб, 63 нафар профессор-ўқитувчилардан 32 нафари маҳаллий миллатларга мансуб эди. Фарғона давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш билан бирга жамоат ишларида, шаҳар ва вилоятнинг ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этардилар. Профессор-ўқитувчилар колхозларда, ташкилот ва муассасаларда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориб, турли мавзуларда маъруза қилар эдилар. Талабалар эса пахта йиғим-теримида, Лоғон ва Катта Фарғона канали қурилишида фаол қатнашдилар. 1939 йилда Катта Фарғона канали қурилишида иштирок этган 650 нафар талабанинг 175 нафари ҳукумат мукофотлари, нишон ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди. 1930 йилда Фарғона олий педагогика институти ҳузурида ҳам кечки педагогика институти ташкил этилди. Бу институт зиммасига ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқитувчи кадрлар тайёрлаш вазифаси юклатилган эди. Кечки педагогика институтида ўқиш муддати уч йил этиб белгиланди. Таълим-тарбия ишларини дастлаб жамоатчилик асосида Фарғона олий педагогика институти профессорўқитувчилари амалга оширдилар. Андижон ва Марғилон шаҳарларида Фарғона кечки педагогика институтининг филиаллари очилди. Институт маъмурий жиҳатдан республика халқ маорифи комиссарлиги ҳузуридаги Ўқитувчилар малакасини ошириш марказий институтига бўйсундирилди. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Фарғонада кечки педагогик таълим тизимини шакллантириш осон кечмади. Асосий муаммолар кечки институт талабалари давоматининг пастлиги, уларнинг синов ва имтиҳонларни ўз вақтида топшира олмаслиги ҳамда ўқишни ташлаб кетишларидан иборат эди. Масалан, 1932-1933 ўқув йилининг бошида Фарғона кечки педагогика институтида (Марғилон ва Андижондаги филиаллар билан бирга ҳисоблаганда) 160 нафар талаба таҳсил олган бўлса, ўқув йилининг охирига бориб улардан 125 нафари қолди, 35 нафар талаба ўқишни ташлаб кетди. Таҳсилни давом эттирган 125 нафар талабадан 40 нафари синов ва имтиҳонларни ўз вақтида бажара олмай, топшириш муддати ёзги таътилдан кейинга қолдирилди. Бундай нохуш ҳолатнинг асосий сабаби айрим талабаларнинг тайёргарлик даражаси юқори бўлмаганлиги, уларнинг ўқишни ўқитувчилик фаолияти билан муштарак тарзда олиб бора олмасликларида эди. 1932-1933 ўқув йилида кечки педагогика институтининг Фарғона, Андижон ва Марғилон бўлимларида таҳсил олган талабаларга илк маротаба олий маълумот олганликлари ҳақидаги дипломлар топширилди. Кечки педагогика институтини битирган мутахассислар водий ўқитувчилари сафига қўшилдилар. Аммо Фарғона водийсида ўқитувчиларга бўлган эҳтиёж ҳамон юқори эди. Шу боисдан Фарғона давлат педагогика институти қошида икки йиллик ўқитувчилар институтини очишга қарор қилинди. 1935 йилнинг 1 сентябрида Фарғона ўқитувчилар институтига 120 нафар талаба қабул қилинди. Улардан 60 нафари тарих факультетида, қолган 60 нафари эса физика-математика факультетида таҳсил олдилар. Иккинчи жаҳон уруши Ўзбекистон халқи учун, жумладан, энди оёққа туриб бораётган Фарғона давлат педагогика институти жамоаси учун оғир синовлар даври бўлди. Уруш мамлакатдаги иқтисодий ва сиёсий вазиятни тубдан ўзгартириб юборди. «Ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса ғалаба учун» деган шиор барча давлат ташкилотлари, муассасалар, барча фуқаролар фаолиятининг асосий мазмунига айланди. Урушнинг дастлабки йилидаёқ институтнинг кўп профессор-ўқитувчилари ва талабалари фронтга жўнаб кетдилар. Натижада институт талабаларининг сони анча камайди. Агар 1940-1941 ўқув йилида институтда (кечки ва ўқитувчилар институтлари талабалари билан бирга) 1055 нафар талаба таҳсил олган бўлса, 1941-1942 ўқув йилида уларнинг сони 460 нафарни ташкил этди. Уруш муносабати билан халқ таълими, шунингдек, олий таълимга ажратилган маблағлар миқдори қисқарди. Республика ҳукуматининг 1941 йил июль ойида қабул қилинган махсус қарорига мувофиқ, айрим олий ўқув юртлари ва факультетлар бирлаштирилди, бошқалари қайта ташкил этилди, баъзи институтлар эса ёпилди. Фарғона давлат педагогика инситутида таркибий ўзгаришлар рўй берди. ФДПИ қошидаги кечки институт, табииётшунослик факультети, қатор кафедралар, лаборатория ва кабинетлар вақтинча иш фаолиятини тўхтатди. 1941-1942 ўқув йили одатдагидек 1 сентябрдан эмас, 1 августдан бошланди. 6 соат ўрнига 7 соатлик ўқув соати жорий этилди. Машғулотлар янгидан тасдиқланган 3 йиллик ўқув режалари асосида олиб борилди. Шу йилнинг октябрь ойида муддатидан илгари давлат имтиҳонлари ўтказилиб, 50 нафар битирувчи курс талабаларига дипломлар топширилди. Қолган 350 нафар талабанинг 60 нафари қишки сессия бошлангунга қадар талабалар сафидан чиқиб кетдилар. Уларнинг 26 нафари ҳаракатдаги армия сафига даъват этилди, 4 нафар талаба ўқишни медицина институтига кўчириб кетди, қолган 22 нафар талаба эса оилаларининг моддий аҳволи ёмонлашгани боис ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлдилар. Уруш йилларида институтда меъёрдаги ўқув жараёнини йўлга қўйиш осон бўлмади. Профессор-ўқитувчилар етишмасди. Жуда кўп тажрибали ўқитувчилар фронтга сафарбар қилиндилар, уларнинг ўрнига ишга қабул қилинган ёш ўқитувчилар эса етарли билим ва малакага эга эмас эдилар. Дарсликлар, ўқув қуроллари танқис эди, жиҳозлар ва ёқилғи етишмас эди. Буларнинг барчаси талабаларнинг билим даражасига салбий таъсир кўрсатмоқда эди. Аммо бу қийинчиликлардан қатъи назар, институт жамоаси ўз фаолиятини уруш шароитига мос равишда қайта ташкил этиб, кадрлар тайёрлаш ишини узлуксиз давом эттирди. Оғир синовлар даврида институтга Александр Федорович Колосов бошчилик қилди. Катта ташкилотчилик қобилиятига эга эга бўлган бу одамохун ва зиёли инсон 1942 йилдан 1955 йилга қадар – 13 йил давомида институт директори лавозимида ишлади. А.Ф.Колосов уруш йилларида институтнинг меъёрдаги фаолиятини таъмин этиш, кейинчалик эса унинг моддий-техникавий базасини мустаҳкамлаш, илм даргоҳига малакали профессор-ўқитувчиларни жалб этиш бобида диққатга сазовор ишларни амалга оширди. Уруш йилларида ФДПИ олимлари марказдан Фарғона шаҳрига кўчириб келинган олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйдилар. Бу даврда Москвадан Фарғонага 2 та олий ўқув юрти – шарқшунослик ва иккинчи медицина институтлари кўчириб келинган эди. Маҳаллий ҳокимият органлари бу олий ўқув юртлари жамоасини илиқ кутиб олиб, уларга ўқув машғулотлари, лаборатория ва кутубхоналари, ётоқхоналари учун бинолар ажратдилар. Ўз навбатида, кўчириб келинган олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари педагогика институти жамоасига ўқув жараёни ва илмий тадқиқот ишларини ташкил этишда, миллий кадрларни тайёрлашда яқиндан кўмак бердилар. Фарғона педагогика институтининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари ўқиш ва фронт орқасида зарбдорларча меҳнат қилиш билан бир қаторда, жанггоҳларда ҳам душманга қарши курашда мардлик ва матонат кўрсатдилар. Улар орасида турли даврларда институтда ишлаган профессор-ўқитувчилар ва ходимлардан Д.Бектошев, М.Д.Абрамов, Б.Фармонов, И.Фармонов, В.Н.Сидоронко, М.Валихонов,И.Иномов,М.Ғойибов,Н.Е.Петлица, А.С.Гуртовенко, П.П.Чернов, А.Қодиров, Х.М.Ўрмонов, Ў.Холматов, М.Мусаев, М.Мавлонбердиев, Н.И.Аржанов, И.Аҳмедов,Н.Б.Аҳмедов, Я.Афузов, З.К.Ботиров, Ф.И.Вавилов, А.Н.Маманазаров,Н.А.Любин, Н.С.Рижков, Л.Р.Содиқов, Н.К.Соболев, Ж.Каримов, И.А.Иванов, И.И.Крохалёв, Н.А.Бурова ва бошқалар бўлганлар. Институтда таҳсил олаётган жуда кўп талаба ёшлар ҳам фронтга сафарбар қилиндилар. Улар ўз устозлари билан бир сафда туриб, фашизм устидан қозонилган ғалабага ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар. Иккинчи жаҳон уруши фронтларида Фарғона давлат педагогика институтининг ўнлаб талабалари ҳам фашист босқинчиларига қарши мардонавор жанг қилдилар. Улардан бири физика-математика факультетининг талабаси Сирожиддин Валиев эди. Сирожиддин Валиев Бешариқ туманидаги Қорақўйли қишлоғида туғилиб ўсди. Отасидан ёш етим қолган Сирожиддин оилада тўнғич ўғил бўлгани боис онасига ёрдам бериш, хўжаликка қарашиш, укаларини тарбиялаш сингари вазифаларини ўз зиммасига олди. Мактабда ўқиб юрган чоғларида ўқитувчи бўлишга аҳд қилди. 1937 йилда ўрта мактабни «аъло» баҳолар билан битирган Сирожиддин Фарғона давлат педагогика институтининг физика-математика факультетига ўқишга кирди. У институтда ҳам «яхши» ва «аъло» баҳолар билан ўқиди. Ўзининг хушмуомалалиги, меҳнатсеварлиги ва зукколиги билан ўқитувчилар ва тенгдошларининг ҳурматини қозонди. Сирожиддин ва унинг қуролдош дўстлари душманган қарши матонат билан жанг қилсалар-да, лекин фашистлар ҳарбий куч ва техника жиҳатидан устун бўлганлиги сабабли улар Днестрдан Донбассгача чекинишга мажбур бўлдилар. Кичик сержант Валиев разведка бўлими командири бўлди. Бора-бора моҳир разведкачи бўлиб етишди. 1942 йилнинг баҳорига келиб, лейтенант унвонига сазовор бўлди ва разведкачилар взводига командирлик қилди. У қатор орден ва медаллар билан мукофотланди. Валиевнинг взводи нафақат полк ва дивизияда, балки бутун Жанубий фронт қўмондонлигининг ўта муҳим топшириқларини бажариш учун кўп маротаба фронт орқасига, душман эгаллаб турган ҳудудларга юборилди. Валиев фашист солдат ва офицерларини асирга олиш («тил» келтириш), душман ҳақида маълумотлар йиғишда тенги йўқ жангчи эди. Ўша вақтда ҳарбий мухбир бўлиб хизмат қилган рус ёзувчиси Борис Горбатов бу довюрак жангчи ҳақида қуйидагиларни ёзган эди: «Бизнинг фронтимизда (Жанубий фронтда – муаллиф) разведкачи, фарғоналик ўзбек Сирожиддин Валиевдан машҳурроқ ва севимлироқ жангчи йўқ эди». Афсуски, 1942 йилнинг баҳорида навбатдаги муҳим топшириқни бажариш чоғида Украинанинг Еленовка қишлоғи яқинида Сирожиддин Валиев душман снайперининг ўқидан ҳалок бўлди. Шундай қилиб, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Фарғона педагогика институти жамоаси қийин синовдан ўтди. Оғир уруш шароитида ҳам институт ўқитувчи кадрлар тайёрлашни давом эттирди. Ўқитувчи ва талабалар фронт орқасида зарбдорларча меҳнат қилдилар, жанггоҳларда фашистларга қарши матонат билан курашдилар. Шу тариқа, институт жамоаси фашизм устидан қозонилган ғалабага ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Уруш тугагандан сўнг республикамиз тинч ҳаёт қучоғига қайтди. Халқ хўжалигини тиклаш ва ривожлантириш билан бир қаторда, маорифга ҳам катта эътибор берила бошланди. Мактаб шохобчаларини кенгайтириш, умумий 7 йиллик таълимга ўтиш, ўрта таълим тизимини янада ривожлантириш бу борадаги энг муҳим вазифалар саналарди. Бу вазифаларни ҳал этиш эса, ўз навбатида, олий таълимни ривожлантиришни, педагог кадрларнинг янги авлодини тарбиялашни тақозо этарди. Маҳаллий бошқарув органлари мавжуд муаммоларни ҳал этишда институт жамоасига яқиндан ёрдам бердилар. Уруш йилларида институт ихтиёридан олинган ўқув бинолари ва ётоқхоналар қайтариб берилди, ўқув кабинетлари, лаборатория ва устахоналар таъмирланиб, янги жиҳозлар ва ускуналар билан таъминланди. Кутубхона фонди янги китоблар билан бойитилди. Уруш тугагандан сўнг институтни тиклаш ва кенгайтириш вазифаси кўндаланг бўлди. Мактаблар учун меҳнат ўқитувчиларини тайёрлаш мақсадида муҳандислик-педагогика ва агропедагогика факультетлари очилди. Қатор янги факультетлар, бўлим ва кафедралар фаолият кўрсата бошлади. Кечки бўлим қайта тикланди, сиртқи бўлим ташкил этилди. 1946-1947 йилларда институтда 6 та факультет бўлиб, уларда ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, тарих, физика-математика, табииёт, география мутахассисликлари бўйича олий малакали ўқитувчи кадрлар тайёрланар эди. Урушдан кейинги йилларда халқ хўжалигининг турли жабҳаларида кадрлар етишмаслиги сабабли олий ўқув юртларида таълимнинг сиртқи шаклини ривожлантириш зарурати туғилди. Шу боисдан Фарғона давлат педагогика институтида сиртқи бўлим ташкил этилди. Бу бўлимда ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таҳсил олаётган талабаларнинг сони йилдан-йилга ортиб борди. Фарғона давлат педагогика ҳамда Фарғона ўқитувчилар тайёрлаш институтларининг сиртқи бўлимларида 1946-1947 ўқув йилида 521 талаба ўқиган бўлса, 1950-1951 ўқув йилида уларнинг сони 992 нафарга етди. 50-йилларда республика ҳукумати маориф ходимлари олдига янги вазифалар қўйди. Улар орасида энг муҳими – Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида умумий ўрта таълимга ўтиш ҳамда бутун республикада умумий саккиз йиллик таълимни жорий этиш учун етарли шарт-шароит яратишдан иборат эди. Шу муносабат билан таълим муассасаларида олий маълумотли ўқитувчиларнинг салмоғини янада ошириш зарурати туғилди. Бу муаммо қисман ўқитувчилар институтларини давлат педагогика институтларига айлантириш йўли билан ҳал этилди. 1951 йилнинг июль ойида Фарғона ўқитувчилар институти педагогика институти билан қўшиб юборилди. Натижада ФДПИ талабаларининг сони анча ошди ва олий маълумотли кадрлар тайёрлаш кўлами кенгайди. 1959-1960 ўқув йилида талабалар контингенти 2030 нафарни ташкил этди. 1958 йил 12 ноябрда «Мактабнинг ҳаёт билан алоқадорлигини мустаҳкамлаш ва халқ таълими тизимини янада ривожлантириш тўғрисида»ги қарорнинг қабул қилиниши муносабати билан институт таркибида ҳамда ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда сезиларли ўзгаришлар рўй берди. Ўқув жараёни узвий равишда ишлаб чиқариш билан боғланди. Физика ва ишлаб чиқариш асослари, муҳандислик-педагогика, агропедагогика, бошланғич таълим методикаси сингари янги факультетлар ташкил этилди. Янги ўқув режаларида талабаларнинг назарий билимларини ҳаёт билан чамбарчас боғлашга алоҳида эътибор берилди. Бу ишларни амалга оширишда 1957-1963 йилларда институт ректори бўлган С.Сагатовнинг хизмати катта бўлди. Бу серғайрат ва жонкуяр инсон ўзининг ҳалол меҳнати билан олий ўқув юрти жамоасининг катта ҳурматига сазовор бўлди. 60-йилларда Фарғона давлат педагогика институтида кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, талаба-ёшларни фан ва техниканинг сўнгги ютуқлари билан қуроллантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Ўрта мактаблар учун хорижий тиллар ўқитувчилари тайёрлаш мақсадида институтда махсус бўлим очилди. Бу бўлим 1967 йилда алоҳида факультетга айлантирилди. Ишчи ва деҳқон ёшларни олий ўқув юртларига тайёрлаш учун 1971 йилда институт қошида тайёрлов бўлими очилди. Бу ерда Фарғона, Қўқон ва Жиззах педагогика институтлари учун абитуриентлар тайёрланарди. 1964-1965 ўқув йилида институтнинг 8 та факультетида 16 та мутахассислик бўйича ўқитувчи кадрлар тайёрланар эди. Булар математика ва чизмачилик, математика, физика ва математика, физика ва ишлаб чиқариш асослари, физика ва кимё, саноат ишлаб чиқариш асослари, қишлоқ хўжалиги асослари, ўзбек тили ва адабиёти, рус тили ва адабиёти, инглиз тили, немис тили, жисмоний тарбия, одам анатомияси ва физиологияси, бошланғич таълим методикаси сингари мутахассисликлар эди. Институтнинг серқирра ҳаётида деканатлар ва кафедралар муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун ҳам 60-70-йилларда институт раҳбарияти, жумладан, 1963-1966 йилларда институт ректори бўлган академик Қ.З.Зокиров, ундан кейин 1966-1971 йилларда жамоага раҳбарлик қилган профессор Ғ.А.Абдураҳмоновлар деканатлар фаолиятини янада яхшилаш, ўқув-тарбия жараёнида кафедралар ролини ошириш каби масалаларга эътиборни қаратдилар. Ректорат ўқувтарбия ишларини ташкил этиш ва назорат қилиш билан боғлиқ қатор ишларни деканатлар тасарруфига ўтказди. Факультетлар ҳаётида факультет кенгашлари ролини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилди. Олий ўқув юртларида кафедралар асосий бўғин ҳисобланади. ФДПИ раҳбарияти кадрлар тайёрлаш кўламининг кенгайиб бориши ва талабалар контингентининг кўпайишини инобатга олиб, янги кафедралар очишга, уларнинг фаолиятини такомиллаштиришга катта эътибор берди. Агар 1960-1961 ўқув йилида институтда 19 та кафедра мавжуд бўлса, 1971-1972 ўқув йилида уларнинг сони 25 тага, 1980-1981 ўқув йилида эса 45 тага етди. 1966 йилнинг сентябрида Фарғона давлат педагогика институтига биринчи тоифали олий ўқув юрти мақоми берилди. Рус тили ва адабиёти, хорижий тиллар, математика факультетлари учун янги ўқув бинолари қурилди ва жиҳозланди. 1963-1971 йиллар давомида талабалар учун 1859 кишига мўлжалланган 4 та ётоқхона, талабалар ошхонаси, 30 минг жилд китобга мўлжалланган кутубхона ҳамда ўқув зали қурилиб, фойдаланишга топширилди. 1971-1972 ўқув йилига келиб, ФДПИ моддий-техникавий базаси 75 та аудиториядан иборат 5 та ўқув корпуси, 25 та кабинет, 30 та лаборатория, 5 та ётоқхона, кутубхона, 500 ўринга мўлжалланган ўқув зали, 8 та устахона, 3 та спорт зали, биологик станция ва Ёрдон қишлоғидаги спорт-соғломлаштириш лагеридан иборат эди. Кундузги ва тайёрлов бўлимларининг 2151 нафар талаба ва тингловчиси институт ётоқхоналарида истиқомат қилишарди. Бу даврда Фарғона давлат педагогика институтига Б.Отақулов ректорлик қилган. Унинг бевосита катта ташкилотчилик ва раҳбарлиги остида институтнинг ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ишлари, моддий-техник базаси ҳар томонлама ривожланди ва мустаҳкамланди. Шу ўринда Б.Отақуловнинг илмий салоҳиятни юксалтириш мақсадида амалга оширган ташкилотчилик ишлари алоҳида эътиборга сазовор. Институтда очилган янги мутахассислик – «Бошланғич ҳарбий таълим ва жисмоний тарбия» мутахассислиги учун ўқув ва спорт майдончалари қурилди. Рус филологияси факультети аудитория ва кабинетларини жиҳозлаш охирига етказилди. 1980-1981 ўқув йилида институт ихтиёрида 8 та ўқув корпуси бўлиб, уларда 230 та аудитория, 124 та кабинет ва лаборатория (улардан 58 таси техникавий воситалар билан жиҳозланган эди), 2 та кутубхона, 8 та ўқув-ишлаб чиқариш устахонаси, 5 та спорт зали, 4 та баскетбол, 4 та волейбол ва 3 та гандбол майдончалари бор эди. Юқори малакали педагог кадрларни тайёрлаш институтнинг моддийтехникавий базаси билан бир қаторда кўп жиҳатдан илмий-педагогик кадрларнинг салоҳиятига боғлиқ эди. 60-80-йилларда бу борада диққатга сазовор ишлар амалга оширилди. Профессор-ўқитувчиларнинг сифат кўрсаткичларини яхшилаш, муттасил равишда уларнинг малакасини ошириб бориш каби масалаларга катта эътибор берилди. 1986 йилда институтга тарих фанлари доктори А.Абдулҳамидов ректор этиб тайинланди. Бу даврда институтда кадрлар тайёрлаш сони ва сифатига эътибор берилди, ўқув-услубий, методик марказлар фаолияти кучайтирилди, илмий кадрлар тайёрлаш анъаналари мустаҳкамланди, профессор-ўқитувчилар ва ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, дам олиш ва соғломлаштириш ишлари намунали ташкил этилди. Фарғона педагогика институтига университет мақоми берилгандан сўнг олий ўқув юртида таркибий ўзгаришлар рўй берди. Университетнинг биринчи ректори профессор М.Қорабоев раҳбарлигида, ректоратнинг саъй-ҳаракатлари билан бир қанча янги мутахассисликлар очилди, янги кафедралар ва факультетлар ташкил этилди. 1991-1992 ўқув йилидан бошлаб Фарғона давлат университетида амалий социология, психология, ҳуқуқшунослик, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза этиш, маданий оқартув ишлари ва бадиий ҳаваскорликни ташкил этиш, иқтисод ва бошқарув, иқтисод ва ижтимоий режалаштириш, ташқи иқтисодий муносабатлар, биотехника ва тиббий аппаратлар, агрокимё ва тупроқшунослик, шарқшунослик-африкашунослик, шарқ тиллари (араб ва форс тиллари) сингари янги мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлана бошланди. Фарғона водийсида тиббиёт соҳасидаги олий малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни эътиборга олган ҳолда, университет қошида Тиббиёт маркази ташкил этилди. Марказда 26 нафар талаба I курсга қабул қилинди ва олий маълумотли врачлар тайёрлаш йўлга қўйилди. 1992 йил 30 декабрда «Фарғона давлат университетининг Устави» ишлаб чиқилди ва Илмий Кенгаш томонидан тасдиқланди. Фарғона давлат университети ташкил этилган йилда унинг таркибида 15 факультет бўлиб, 67 кафедра фаолият олиб борган. Университетда 34 та мутахассислик бўйича малакали кадрлар тайёрланган. Шу йили кундузги бўлимда 5054 нафар, кечки бўлимда 115 нафар ва сиртқи бўлимда 3907 нафар, жами 9076 нафар талаба таҳсил олган. Университет ташкил этилгандан сўнг ректорат, олийгоҳнинг илмий Кенгаши, профессор-ўқитувчилар жамоаси биринчи навбатда ўқув-тарбия ишларини тубдан яхшилашни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўйдилар. Бунинг учун университетнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқув жараёнининг самарадорлигини ошириш, маърузалар, амалий машғулотлар ва ўқув амалиёти сифатини яхшилаш, профессор-ўқитувчиларни таркибини такомиллаштириш ва уларни малакасини муттасил ошириб бориш зарур эди. Мазкур масъулиятли жараённи бошқаришда ўқув ишлари бўйича проректорнинг алоҳида ўрни бор. Мустақиллик йилларида соҳа проректорларининг фаолияти натижасида ўқув жараёнини тизимли ташкил этиш, унга замонавий педагогик ва ахборот технологияларини қўллаш, таълим сифати ва самарадорлигин ошириш бўйича муайян ютуқлар қўлга киритилди. Университет кутубхонаси фондининг бойиб бориши тобора кўпроқ ўқувчиларга хизмат кўрсатиш имконини берди. 1991-1992 ўқув йилида кутубхона 8223 кишига хизмат кўрсатди. Улардан кундузги бўлим талабалари 4916 киши ёки жами талабаларнинг 97 фоизини, сиртқи бўлим талабалари эса 2234 киши, ёки 70 фоизни ташкил этди. 90-йиллардан бошлаб таълим тизимига шиддат билан компьютер технологиялари кириб кела бошлади. Замон талабларига жавобан университет раҳбарияти ўқув жараёнига ахборот технологияларини жалб этишга жиддий эътибор бера бошлади. Университетда ахборот технологиялари ва масофадан ўқитишни такомиллаштириш маркази ташкил этилиб, уни фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари тушумлар ҳисобидан янги компьютерлар сотиб олинди ҳамда уларни ўқув жараёнига татбиқ этиш юзасидан талай ишлар амалга оширилди. Ахборот технологиялари ҳамда масофавий ўқитишнинг ташкиллаштириш маркази ҳамда кафедраларда электрон дарсликлар яратишга алоҳида эътибор берилди. Фақатгина 2002-2003 ўқув йилининг ўзида «Ботаника», «Бизнес ва татбиқий дастурлар таъминоти», «Янги педагогик технологиялар», «Тадбиркорлик асослари», «Умумий физика», «Этномаданият» мавзусидаги электрон дарслик ва қўлланмалар яратилди. Фарғона давлат университетининг салоҳияти бу ерда нафақат фан номзодлари, балки фан докторларини ҳам тайёрлаш имконини берди. 1994 йилда университетда икки мутахассислик – «Ярим ўтказгичлар ва диэлектриклар физикаси» ҳамда «Миллий тиллар (ўзбек тили)» йўналишлари бўйича докторантура фаолият кўрсата бошлади. 2003 йилда ФарДУ қошидаги аспирантурада 50 нафар толиби илмлар, докторантурада эса 5 нафар ёш олимлар илмий тадқиқот ишларини олиб бордилар. Амалга оширилган бу ижобий ишлар натижаси ўлароқ университетда фан докторлари ва номзодларини тайёрлаш борасида маълум ютуқларга эришилди. Жумладан, 1991 йилда 1 та докторлик диссертацияси ёқланган бўлса, 1992-1995 йиллар давомида 15 та докторлик ва 40 га яқин номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Профессор-ўқитувчилар таркиби сифатини оширишга қаратилган саъйҳаракатлар ўзининг ижобий натижасини берди. 1995 йилда университет фан докторларининг сони 41 нафарни, фан номзодларининг сони эса 254 нафарни ташкил этди. 2003 йилда эса университет профессор-ўқитувчиларининг 49 нафари фан доктори, 162 нафари эса фан номзоди илмий даражасига бўлдилар. Профессор-ўқитувчилар таркибида фан номзодлари сонининг сезиларли даражада камайиши улардан айримларининг фан докторлари сафига қўшилиши билан, баъзиларининг бошқа олий ўқув юртларига ишга ўтиб кетишлари, шунингдек, ёши улуғ айрим домлаларнинг нафақага чиқишлари билан изоҳланади. Фарғона давлат университетида профессор-ўқитувчилар лавозимига муносиб номзодларни танлаб олиш билан бир қаторда уларнинг малакаларини доимий равишда ошириб бориш масаласига ҳам эътибор берилди. 90-йилларда профессор-ўқитувчилар режа асосида ҳар беш йилда бир марта Тошкент давлат университети қошидаги Ижтимоий фан ўқитувчиларининг малакасини ошириш институти ва Олий педагогика институти, шунингдек, Тошкент давлат педагогика университети ва бошқа олий ўқув юртларидаги малака ошириш факультетларида ўз билим ва малакаларини оширар эдилар. Кейинчалик вилоятлардаги олий ўқув юртлари, жумладан, Андижон, Наманган ва Фарғона давлат университетларида ҳам айрим фанлар туркуми бўйича минтақавий малака ошириш шохобчалари очилди. Ҳозирги кунда эса олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг малака ошириш тизими такомиллаштирилиб, ФарДУ ҳузурида Фарғона водийси олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари малакасини ошириш учун минтақавий марказ ташкил этилди. Университет профессор-ўқитувчилари, асосан, шу марказда режа асосида икки-уч йилда бир марта ўз малакаларини оширмоқдалар. Истиқлол даврида университет профессор-ўқитувчилари нафақат Ўзбекистоннинг ўзида, балки чет элларда ҳам малака ошириш имкониятига эга бўлдилар. 1991-2003 йиллар давомида олий ўқув юртининг 50 дан ортиқ профессорўқитувчиси, илмий ходимлари ва аспирантлари АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония, Ҳиндистон, Сингапур, Туркия, Жанубий Корея ва Россия сингари мамлакатларда бўлиб, у ердаги таълим тизими билан яқиндан танишдилар. Айни вақтда Фарғона давлат университетида профессор-ўқитувчиларнинг ўз билим ва малакаларини доимий равишда ошириб боришларини моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантиришга ҳам доимий эътибор берилди. Талабаларнинг билим олишга бўлган иштиёқини янада оширишнинг яна бир йўли – бу пешқадам толиби илмларни танлов асосида ўқишни давом эттириш учун хориждаги олий ўқув юртларига юбориш эди. Университет ташкил топган дастлабки йиллардан бошлаб ректорат таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишга катта эътибор берди. Бу ишни режали асосда олиб бориш мақсадида университетда халқаро бўлим ҳамда халқаро алоқалар бўйича ректор ўринбосари лавозими таъсис этилди. Халқаро бўлим Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар ва фондлар, жумладан, ТАСИС, ТЕМПУС очиқ жамият институтлари, Сорос фонди, Конрад Аденауэр фонди, АКСЕЛС, АЙРЕКС, ДААД, Британия Кенгаши сингари ташкилотлар билан алоқа ўрнатилди. Жаҳон стандартлари талабларига мос равишда кадрлар тайёрлашни ташкил этиш учун ҳукуматлараро ва университетлараро шартномалар асосида, шунингдек, турли фондларнинг молиявий кўмагида Фарғона давлат университетининг пешқадам талабаларини хориж университетларида ўқишни давом эттириш учун юбориш йўлга қўйилди. 2003 йилга қадар университетнинг 40 нафарга яқин талабалари «Умид» жамғармаси, 20 нафардан ортиғи АКСЕЛС фонди, 50 нафардан ортиғи эса бошқа халқаро фондлар дастурлари асосида танловларда иштирок этиб, АҚШ, Буюк Британия, Франция ва бошқа илғор мамлакатларнинг олий ўқув юртларида бакалавр ва магистр даражасини олиб қайтдилар. Айни вақтда университетга хориждан ўқитувчиларни таклиф этиш йўлга қўйилди. Жумладан, мустақилликнинг дастлабки йилларида инглиз тили бўлими талабаларига дарс бериш учун АҚШ, Канада, Дания, Норвегия, Янги Зеландиядан ўқитувчилар ташриф буюрдилар. Фарғона давлат университетида талабалар билимини баҳолашнинг рейтинг тизими 1998-1999 ўқув йилидан бошлаб жорий этила бошланди. Талабалар билимини оширишнинг рейтинг тизими Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 1999 йил 8 июндаги 194-сонли, 2000 йил 7 февралдаги 27-сонли «Меъёрий ҳужжатларга қўшимча киритиш ҳақида»ги ва 2005 йил 30 сентябрдаги 217-сонли буйруқлари билан тасдиқланган «Олий таълим муассасаларида талабалар билимини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисида муваққат Низом», Рейтинг тизимининг якуний босқичида «ёзма иш» усулини татбиқ этиш бўйича муваққат Низом ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Молия вазирлигининг 2004 йил 16 апрелдаги 1139-сонли «Олий ўқув юрти талабаларига стипендия тайинлаш тартиби ва бериш тўғрисидаги кўрсатма»си тасдиқлаган қарори асосида университет илмий Кенгашида муҳокама этилиб, талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш бўйича ҳужжат сифатида қабул қилинди. 2010 йил 29 августдаги «Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги Низомга қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 333-сонли буйруғи асосида қайта ишланган ҳамда 2013 йил 13 декабрдаги 470-сонли буйруқлари билан ўзгартиришлар киритилган «Талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги Низом» асосида амалга оширилади. Талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг рейтинг тизими толиби илмларнинг билим олишга бўлган иштиёқини ортишига, шунингдек, уларнинг назарий билимлари ва амалий кўникмаларига объектив, тўғри баҳо бериш имкониятини берди. 1996 йилдан бошлаб, жаҳон тажрибасини эътиборга олган ҳолда, университетда давлат грантлари билан бир қаторда контракт-шартнома асосида кадрлар тайёрлаш тартиби жорий этилди. 2002-2003 ўқув йилида барча йўналишлар бўйича Фарғона давлат университетида 1708 нафар талаба қабул қилинган бўлса, уларнинг 1109 нафарини контракт-шартнома асосида ўқишга кирганлар ташкил этди. Истиқлол йилларида таълим тизимини ислоҳ қилиш жараёнида олий таълим соҳасида амалга оширилган муҳим янгилик бакалавриат ва магистратуранинг жорий этилиши бўлди. Янги тизим халқ хўжалиги учун зарур бўлган кенг ва тор соҳалар бўйича мутахассисликлар тайёрлашга йўл очди. 2000-2001 ўқув йилидан бошлаб Фарғона давлат университетида 28 нафар магистрант, 5 та – тилшунослик, Ватан тарихи, дифференциал тенгламалар, иқтисодиёт ва биология мутахассисликлари бўйича давлат грантлари асосида таҳсил ола бошладилар. Кейинчалик магистратура тизими кенгайиб борди. Бу ерда янги мутахассисликлар очилди ҳамда контракт-шартнома асосида ҳам магистрантлар қабул қилина бошланди. 2004-2005 ўқув йилида 18 та мутахассислик бўйича 58 нафар магистрлар қабул қилинди. 2009-2010 ўқув йилига келиб, 11 мутахассислик бўйича 56 нафар магистрлар қабул қилинди. 2014-2015 ўқув йилида мутахассисликлар сони 13 та бўлиб, магистрлар сони 147 нафарни ташкил этди. Улардан 75 нафари битирувчилар ҳисобланади. Талабаларни етишмаётган адабиётлар билан таъминлаш мақсадида университет профессор-ўқитувчилари билан келишилган ҳолда, уларнинг шахсий режаларига мувофиқ равишда адабиётлар яратиш режаси шакллантирилди. Натижада, 2014 тақвим йилида 99 та замонавий ўқув адабиётлар яратилди. Университет профессор-ўқитувчилари томонидан яратиладиган замонавий ўқув адабиётлари олий таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг янгиланган классификатори, унинг асосида такомиллаштирилган Давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқлиги, ўрнатилган тартибда муҳокама ва экспертизадан ўтказиш, бошқа адабиётлардан кўчириб ёзиш каби ҳолатлар бўлмаслигига кафедра мудирлари масъул деб белгиланди. 2014-2015 ўқув йилига келиб, университетда 9 та факультет фаолият юритиб, кафедралар сони 28 тани ташкил этди. Уларда 509 штат бирлигида профессор-ўқитувчилар, бакалавриат бўйича 33 йўналишда, магистратура эса 14 йўналишда кадрлар тайёрланиб келинмоқда. Талабаларнинг умумий контингенти бакалавриатда 6140 нафар, магистратурада эса 147 нафарни ташкил этмоқда. Қуйидаги жадвалда Фарғона давлат университетида 1991-2015 йилларда фаолият кўрсатган педагог кадрлар ҳақида рақамли маълумот келтирилган:
Download 43.75 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
1 2
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling