Бошқарув шакли – аниқ бир давлатда давлат ҳокимиятини ташкил этиш усулларининг мажмуидир. Агар ушбу таърифни янада аниқроқ ифодалайдиган бўлсак, у қуйидагича маъно касб этади: бошқарув шакли олий ҳокимиятни, боз устига, унинг олий ва марказий органларини, таркибини, ваколатини, шу органларни ташкил этиш тартибини, шунингдек, унда оддий халқ иштироки даражасини, бу органлар ваколати муддатларини назарда тутади
Бошқарувнинг қадим-қадимдан инсониятга маълум бўлган шакллари монархия ва республикадир. Шу муносабат билан Арасту ўз вақтида бошқарув шаклларини олий ҳокимият танҳо амалга ошириладиган монархияга, тор доирадаги чекланган шахслар томонидан амалга ошириладиган аристократияга, бутун халқ ҳокимиятни бошқарадиган демократияга бўлганлигини эслаш ўринлидир1.
«Монархия» («монос» – бир, «архе» – ҳокимият) атамаси юнонча сўз бўлиб, «яккаҳокимлик», «ягона ҳукмдор» маъноларини билдиради. Монархия бошқарув шакли сифатида ўзининг аниқ юридик белгиларига эга. Монарх давлатнинг жонли тимсоли бўлиб, ташқи ва ички сиёсат бобида давлат бошлиғи сифатида, халқ вакили, миллат «отаси» сифатида, фуқароларни жипслаштирувчи, уларни давлат теварагига бирлаштирувчи шахс сифатида майдонга чиқади. Монархлар — Франция қиролларидан бири: «Давлат — менинг ўзимман», деб бежиз айтмаган. Бироқ бу аксарият ҳолларда масаланинг фақат юридик томонини англатар, амалдаги аҳволни ифодалай олмасди.
Монарх танҳо ҳукмдорлик қиларди. Албатта, бу давлатнинг барча ишларини унинг бир ўзи ҳал этаркан, деган маънони билдирмайди. Турли давлат органларида хизмат қилувчи кўпсонли маслаҳатчилар, вазирлар, амалдорлар давлат ишларини бошқаришарди. Айни пайтда, энг муҳим, асосий давлат ишлари бўйича монархнинг ўзи ҳукм чиқаришига тўғри келарди. У бутун ҳокимиятнинг тўла соҳибидир. Монарх ҳокимияти олий ҳокимият бўлиб, мустақилдир. У – давлатдаги олий ҳокимиятдир.
Шундай қилиб, монархия минг йиллар давомида бошқарувнинг ҳукмрон шакли сифатида амал қилиб келди. Ўзига хос шаклларда у бугунда ҳам дунёнинг учдан бир қисм мамлакатларида (масалан, Буюк Британия, Швеция, Дания, Испанияда) сақланиб келмоқда1.
Do'stlaringiz bilan baham: |