Гулистон давлат университети а. Бурханов, К. Рахматов минтақавий иқтисодиёт
-чизма. Меҳанат, товар ва капитал бозорининг ўзаро боғлиги28
Download 5.55 Mb.
|
Минтақавий иқтисодиёт ўқув қўлланма Бурханов А 11
5.4-чизма. Меҳанат, товар ва капитал бозорининг ўзаро боғлиги28
Меҳнат бозорларида бошқа бозорлардагидан фарқли равишда истеъмолчи эҳтиёжини қондирадиган товар эмас, балки муайян маҳсулот ишлаб чиқариш (хизмат тури кўрсатиш) учун талаб этиладиган ишчи кучи харид қилинади. Яъни ишчи кучига талаб товар ва хизматларга талабдан келиб чиқади, бу эса меҳнат бозори товар бозорлари билан узвий боғлиқлигини кўрсатади. Айни пайтда ишчи кучига талаб капитал бозоридаги ҳолат инвестиция муҳитидан ҳам келиб чиқади. Меҳнат ва капитал бир-бирини тўлдира олувчи ва бир-бирининг ўрнини боса олувчи ишлаб чиқарувчи омиллар ҳисобланади. Шунинг учун капитал қийматидаги ҳар қандай ўзгариш меҳнат бозорига таъсир кўрсатмай қолмайди. Бу омиллар меҳнат, товар ва капитал бозорлари ўзаро алоқада амал қилишини кўрсатади (5.4-чизма). Шу билан бирга меҳнат бозори ва иш билан бандлик назариясига ҳозирги пайтдаги концептуал ёндашувларда аҳолининг иш билан бандлиги сифати муаммосига эътибор тобора кучаймоқда. Иқтисодий адабиётда шахснинг иш билан бандлиги сифати ҳамда жамиятдаги иш билан бандлик сифати тадқиқ этилади. Лекин айрим тадқиқотчилар иш билан бандлик сифатига иш билан бандлик шароитлари ва инсон салоҳиятини ривожлантириш нуқтаи назаридан ёндашсалар, бошқа изланишларда шахс ёки ижтимоий гуруҳ турмуш даражаси, шунингдек иш билан бандлик хусусиятида намоён бўладиган хусусиятлар таҳлил этилади. Иш билан бандлик сифатига ёндашувлардаги бундай фарқларга қарамай, мазкур тушунчанинг аниқ кўрсаткичлар тизими мавжуд, улар қуйидагилардан иборат29: ● иш билан банд ходим даромадининг даражаси. Бу даромад Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ҳужжатларида қайд этилганидек, фақат ходимнинг эмас, шунингдек унинг оила аъзолари эҳтиёжлари энг кам миқдори ҳамда иш кучини ҳосил этиш (таълим олиш, касб эгаллаш, саломатликни сақлаш ва ҳоказолар) учун етарли бўлиши лозим; ● оилада жон бошига тўғри келадиган даромаднинг харид қобилияти; ● ижтимоий меҳнат унумдорлиги даражаси. Мазкур кўрсаткичнинг умумэътироф этилган мезони - иқтисодий фаол аҳоли бирлигига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажми мавжуд; ● меҳнатга ҳақ тўлаш харажатларининг ялпи ички маҳсулот ҳажмидаги солиштирма улуши. Бу ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётида иш билан бандлик соҳасидаги иқтисодий сиёсатнинг энг муҳим индикаторларидан бири ҳисобланади; ● меҳнат бозорида иш кучи сифати ва рақобатдошлиги даражаси. Ишсиз қолган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий муҳофазалаш меҳнат бозорига давлат сиёсатининг пассив шаклига киради. Ишсиз фуқароларни давлат кафолатлайди: ● ишсизлик бўйича нафақалар кўринишида ижтимоий қўллаб-қувватлаш, моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий тўловларни таъминлаш; ● бепул тиббий хизмат кўрсатиш. Ривожланган мамлакатларда ишсизларга молиявий ёрдам ишсизлик бўйича суғурта тизими асосида амалга оширилади. Аҳолининг алоҳида гуруҳлари, ишловчилар, тадбиркорлар ҳамда меҳнатни ташкил этишнинг маълум унсурлари давлат таъсир кўрсатиш объекти ҳисобланади. Давлат уларга турли имтиёзлар, шу жумладан, солиқ имтиёзлари тақдим этади, жамоат ишларини ташкил қилади, шу орқали меҳнатга бўлган талабни рағбатлантиради ва бандлик муаммоларини ҳал қилади, корхона ва иш жойларини (давлат тадбиркорлиги) ўзи яратади ва ҳ.к. Таъсир кўрсатиш объекти хусусиятларидан келиб чиқиб, умумий таъсир кўрсатиш чораларини ва махсус тадбирларни ажратиш мумкин. Таъсир кўрсатиш йўналиши бўйича ходимларга бўлган талабни ҳам, таклифни ҳам оширадиган (камайтирадиган), талаб таркиби ва таклифнинг таркибида акс этадиган, уларнинг ўзаро мувофиқлиги даражасини оширишга қаратилган тадбирлар фарқланади. Таъсир кўрсатиш шаклига кўра, бевосита ва билвосита тартибга солиш усуллари фарқланади. Биринчи гуруҳга давлат субсидиялаши ва турли имтиёзлар, шу жумладан, солиқлардан имтиёзлар тақдим қилиш йўли билан барча мумкин бўлган ташкилий-ҳуқуқий шакллардаги, давлат бандлик хизмати билан ҳамкорлик қиладиган ва қандайдир касб бўйича ўқигандан кейин ишга қабул қиладиган корхоналарда бандликни рағбатлантириш киради. Иккинчи гуруҳга демографик вазиятни тартибга солиш, давлат харидларини кўпайтириш, солиқ тўсиқларини камайтириш, амортизацияни жадаллаштириш ва бошқа тадбирлар, яъни мамлакат иқтисодиёти пасайиш босқичида бўлган даврдаги ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантирадиган дастаклар киради. Ўзбекистонда хозирда қандай бандлик сиёсати қўлланилади? Иқтисодиётни модернизациялаш босқичида Ўзбекистонда актив бандлик сиёсатга ўтиш ҳаётий заруриятдир. Актив бандлик сиёсати - бу давлат томонидан ишсизлик даражасини пасайтириш мақсадида олиб бориладиган ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий чора-тадбирлар йиғиндисидир. Бу сиёсат иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида ишчиларни кутилаётган бўшатишлардан огоҳлантириш; иш излаётганларни ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш; янги иш ўринларини яратишни молиялаштириш; иш ўринларини излаш ва танлаш; жамоат ишларини ташкил этиш тизими орқали янги иш ўринларини яратиш ва бошқаларни қамраб олади. Бандлик соҳасида фаол давлат сиёсатини олиб бориш аҳолини иш билан таъминлаш дастурини ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга татбиқ этиш орқали амалга оширилади. Бу дастур меҳнат бозоридаги ҳолат ва унинг ривожланиш истиқболларига мос равишда шаклланади. Бандликни ҳудудий тартибга солиш ҳудудлар ривожланишининг кўплаб ўзига хос жиҳат ларини ҳисобга олишни ва улар асосида аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар ишлаб чиқишни тақозо этади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрдаги 2019 йилдаги устивор вазифаларга бағишланган Олий Мажлисга Мурожаатномасида хотин-қизлар ва ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш лозимлигини тўҳталиб ўтиб, «Бу борада жорий йилда кўрилган амалий чораларга қарамасдан, ҳалигача оғир турмуш шароитида яшаб, иш билан таъминланмаган 13 мингдан зиёд хотин-қизлар борлиги ачинарлидир» 30деб таъкидлаган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Хотин-қизлар қўмитаси ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда бир ой муддатда ана шундай аёлларни иш билан таъминлашга қаратилган дастур ишлаб чиқиш вазифаси берилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги «Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида ҳудудлардаги меҳнат бозорида ҳали-ҳамон юқори даражада кескинлик сақланиб қолаётганлиги, доимий иш ўринларини ташкил этиш, ёшлар, хотин-қизлар, кам таъминланган оилалар аъзолари бандлигини, айниқса, қишлоқ жойларда таъминлаш, шунингдек, ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш масалалари ҳал этилмаётганлиги таъкидланади. Шунингдек, ишга жойлаштириш соҳасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун кредит, молиявий, маслаҳат-ахборот бериш хизматлари ва бошқа зарур хизматлар даражаси паст деб баҳоланади. Ишлаб чиқариш кадрлари кўпинча иқтисодиёт тармоқларининг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини, уларнинг имкониятлари ва ресурсларини ҳисобга олмаган ҳолда касбга тайёрланмоқда ва қайта тайёрланмоқда. Оқибатда меҳнат бозорида айрим мутахассисликлар бўйича малакали кадрлар тақчиллиги кузатилиши каби муаммоларни тизимли ечимини топиш масалаларида Қарорга мувофиқ кенг имкониятлар яратиб берилди. Жумладан, Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишга доир «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди ва тасдиқланди; Бандликка кўмаклашиш жамғармаси учун 2018 йилда Республика бюджетига қўшимча тушумлар ҳисобига 150 миллиард сўм ажратилади, 2019 йилдан бошлаб эса бюджет параметрларида 300 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда қўшимча маблағлар ажратиш назарда тутилди; Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш ҳудудий жамғармалари ташкил этилди; шунингдек, аҳолини иш билан таъминлаш ва тадбикорликка йўналтириш мақсадида микрокредитлар энг кам иш ҳақининг 500 бараваригача бўлган миқдорда 3 йиллик муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги фоиз ставкаси, шу жумладан, тижорат банкининг ажратиладиган кредит ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги маржа билан тақдим этилиши кабилар белгилаб берилди31. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистондаги ишсизлик даражаси ҳақида расмий маълумотига кўра32 2019 йилнинг март ойида вазирлик ҳузуридаги Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази томонидан республикадаги 108 та туман ва шаҳарларда кенг кўламли ижтимоий текширувлар ўтказди. Фуқароларнинг 462 та ўз-ўзини бошқариш органлари, 4900 та уй хўжалиги ва 25691 нафар фуқаро қамраб олинди. Текширув натижаларига кўра, ижтимоий фаол аҳолига нисбатан ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2018 йилнинг январь-декабрига (9,3 фоиз) нисбатан 0,1 фоизга кўп, бироқ 2018 йилнинг январь-март ойларига нисбатан 0,3 фоизга пастроқдир. Энг юқори ишсизлик даражаси 9,7 фоиз билан Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида қайд этилган бўлса, энг паст кўрсаткич Тошкент шаҳрида (8,0 фоиз) аниқланди. Ишга муҳтож аҳоли сони 1 391,1 минг кишини ташкил этди. Ишсизлик даражаси 30 ёшгача бўлган ёшлар орасида 15,3 фоизни, шундан 15-25 ёшлилар ўртасида 17,1 фоизни, аёллар ишсизлиги эса 13,0 фоизни кўрсатди. Меҳнат ресурслари миқдори меҳнатга лаёқатлилар сонининг 183,2 минг кишига ортгани ҳисобига 18 953,8 минг аҳолини ташкил этди. Бу 2018 йилнинг январь-март ойларига нисбатан 1 фоизга кўп. Ижтимоий фаол аҳоли сони эса 14 767,1 мингга етган (2018 йил январь-март ойларига нисбатан 1 фоиз юқори). Бунда расмий ижтимоий сектордаги бандлик 5 412,1 минг кишини ташкил қилади. Мазкур кўрсаткич ижтимоий соҳада банд бўлганлар (92,2 мингга), шунингдек, патентга эга юридик шахс бўлмаган тадбиркорлар (76,9 мингга) ортиши ҳисобига 176,3 мингга (3,4 фоизга) кўпайган. Норасмий сектордаги бандлик эса ўтган йилги кўрсаткич билан бир хилда қолган – 7 963,9 минг киши. Бунда вақтинчалик бир марталик ва мавсумий ишларни бажарувчилар сони (41,9 мингга) ошгани кузатилган, меҳнат шартномаларисиз ишлаётганлар ва махсус рухсатномасиз тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётганлар сони эса умумий олганда бироз (3,6 мингга) камайган. Мамлакатимизда ишсизликни мунтазам бартараф этиб бориш, меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштиришни ҳар томонлама таҳлил қилиш, сифатли ва холисона баҳолаш, айниқса меҳнат бозорига илк бор кириб келувчи меҳнатга лаёқатли ёшлар, аҳоли бандлигини таъминлаш дастури самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 декабрдаги «Ишга жойлаштиришга муҳтож аҳоли сонини аниқлаш, шу жумладан, уй хўжаликларини меҳнат билан бандлик масалалари бўйича ўрганишлар ўтказиш, шунингдек, меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштириш балансини шакллантириш методикасини такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарорида 2018 йилдан бошлаб меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштириш балансини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ягона идоралараро компьютерлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, биринчи навбатда, меҳнат бозорига илк бор кириб келувчи меҳнатга лаёқатли ёшларни ишга жойлаштириш ҳудудий ва тармоқ дастурлари кўрсаткичларини шакллантиришда меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштириш балансига мувофиқ бу борадаги ишларни ташкил қилиш каби вазифалар белгилаб берилган33. Download 5.55 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling