Гулистон давлат университети а. Бурханов, К. Рахматов минтақавий иқтисодиёт
Download 5.55 Mb.
|
Минтақавий иқтисодиёт ўқув қўлланма Бурханов А 11
- Bu sahifa navigatsiya:
- 2. Мавжуд хом ашё ресурслари.
- 3. Демографик омиллар.
1. Географик ва табиий омиллар. Республикамиз минтақалари турли табиий ва географик хусусиятларга эга бўлиб, бу ҳолат ҳудудий меҳнат бозорларининг табиий шароитга юқори таъсирчанлигини англатади. Масалан, Оролбўйи минтақасидаги ишсизликнинг юқори даражаси экологик вазият билан асосланади. Бундан ташқари, иқтисодиётда қишлоқ хўжалиги тармоғининг юқори улуши республикада иш билан бандликнинг мавсум ва иқлим омилларига юқори даражада боғлиқлигини келтириб чиқаради. Ноқулай келган об-ҳаво шароити қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга салбий таъсир кўрсатиб, ҳосилнинг кескин камайишига сабаб бўлади. Ушбу ҳолат эса саноат, жумладан, қайта ишлаш, озиқ-овқат ва енгил санаот тармоқлари корхоналарининг тўла қувватда ишламаслиги, ишчиларнинг бўш қолиши ва қисқартирилишига олиб келади. Республикамизнинг қишлоқ жойларида мавжуд юқори даражадаги мавсумий ишсизлик ҳолати ҳам айнан мавсум ва об-ҳаво шароити билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис, қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётганлар мавсумдан ташқари вақтда ишсиз қолмоқда ёки номуайян, вақтинчалик ва бир марталик ишлар билан шуғулланишга мажбур бўлмоқда.
2. Мавжуд хом ашё ресурслари. Хом ашё ресурслари ҳудудий иқтисодиёт тармоқларининг ўзига хослигини келтириб чиқаради. Масалан, табиий хом ашё ресурсларига бой бўлган Навоий, Тошкент, Бухоро ва Фарғона вилоятларида саноат ва ишлаб чиқариш тармоқлари яхши ривожланган бўлиб, ушбу минтақалар ишчи кучининг салмоқли қисми ушбу тармоқларда банддир. 3. Демографик омиллар. Бунда, демографик омиллар ишчи кучининг табиий ҳаракати ва иш билан бандлик таркибидаги табиий ўзгаришларни келтириб чиқаради. Аҳоли, жумладан, ишчи кучининг ўлим кўрсаткичи иш билан бандликка сезиларсиз бўлса-да таъсир қилади. Агар ушбу кўрсаткич юқори даражада рўй берса, у ҳолда мамлакат ишчи кучи таркибининг сифат ва миқдор жиҳатдан қисқаришига олиб келади. Шу билан бирга касалликларнинг кўпайиши, айниқса, касб касаллиги ва жароҳатлари натижасида ҳам иш билан банд фуқаролар ўз иш жойларини йўқотиб қўйишлари ва ишчи кучи сафидан чиқиб кетишлари мумкин. Шунингдек, демографик жараёнлар ичида туғилиш кўрсаткичи иш билан бандликка катта таъсир кўрсатади. Чунки, фарзанд дунёга келиши натижасида аёллар вақтинчалик ишчи кучи сафидан чиқади ва иқтисодий нофаол аҳоли таркибига қўшилади. Ўзбекистонда аёллар фарзанди 2 ёки 3 ёшга етгунча туғруқ таътилида бўлади. Демак, бу ҳолатда аёллар камида 2 йилдан сўнггина яна иқтисодий фаол аҳоли таркибига қайтиши мумкин бўлади. Шу сабабли мамлакатда туғилишнинг юқори кўрсаткичи аёллар иш билан бандлигига таъсир қилувчи бош омиллардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда республикада йилига ўртача 700 минг нафардан ортиқ чақалоқ туғилади, бу эса, ўз навбатида, шунча миқдордаги аёлларнинг меҳнат бозоридаги фаоллигига маълум муддат бўлсада чек қўяди. Меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишга таъсир этувчи ҳамда унинг даражаси ўзгаришига сабаб бўлувчи демографик омиллардан бири меҳнат миграциясидир. Меҳнат миграцияси ишчи кучининг меҳнат даромади келтирадиган иш топиш мақсадида бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчиш ҳаракатидир. Мазкур турдаги миграция вужудга келишининг асосий мотиви бўлиб фуқароларнинг юқори миқдордаги иш ҳақи ва қулай меҳнат шароити илинжидаги ҳаракатлари ҳисобланади. Мамлакат аҳолисини иш билан таъминлашда меҳнат миграцияси қуйидагича таъсир кўрсатади: ишчи кучининг ҳудудлараро ва тармоқлараро қайта тақсимланиши рўй беради; аҳолининг ишсиз қатлами иш билан таъминланади; ишловчиларнинг меҳнат даромади ошади ва турмуш даражаси яхшиланади; ишловчилар янги касб ва кўникмаларга эга бўлиб, уларнинг иш тажрибалари ортади. Download 5.55 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling