Гулистон давлат университети а. Бурханов, К. Рахматов минтақавий иқтисодиёт


Халқаро меҳнат ресурсларининг ўзига хос хусуcиятлари


Download 5.55 Mb.
bet57/210
Sana03.11.2023
Hajmi5.55 Mb.
#1742821
1   ...   53   54   55   56   57   58   59   60   ...   210
Bog'liq
Минтақавий иқтисодиёт ўқув қўлланма Бурханов А 11

5.4. Халқаро меҳнат ресурсларининг ўзига хос хусуcиятлари
Маълумки, меҳнат миграцияси жараёнлари узоқ тарихга эга бўлиб, эрамизга қадар ҳам одамлар ўзларини машғул қилиш учун бир давлатдан бошқасига кўчиб юрган. Бу борада XIX асрнинг ўрталарида ишсизлик ва оғир яшаш шароитлари туфайли Европа мамлакатларидан катта миқёсдаги мигрантларни даромад топиш мақсадида АҚШга кўчиб ўтишлари, иккинчи жаҳон урушидан кейин юқори иш ҳақи таклиф қилган мамлакатларга «ақлий салоҳиятнинг оқиб кетиши» дея номланган юқори малакали кадрларнинг эмиграцияси, ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб Европа мамлакатлари томон миграция жараёнларининг жадаллашиши каби ҳолатлар меҳнат миграциясининг мунтазам шаклланиб келаётганлигидан далолат беради.
Халқаро меҳнат бозорининг шаклланиши ва ривожланиши ниҳоятда мураккаб жараён бўлиб, унга турли мамлакатлардаги меҳнат мигрантлари иштирок этадиган жаҳон меҳнат бозорининг алоҳида сегментларининг юзага келиши асос яратади. Халқаро меҳнат бозори бу – зарур ишчи кучини танлаб олиш учун унга бўлган талаб ва таклифни давлатлараро миқёсда тартибга солиш жараёнларида иштирок этувчи ҳамда мамлакат ташқарисидаги ишчи кучини сотувчилари ва ҳаридорлари доимий равишда фаолият кўрсатувчи халқаро даражадаги бозордир35.
Мазкур бозордаги жараёнларни – миллий меҳнат бозорларининг ишчи кучи ресурсларини мамлакатлар ёки минтақалар ўртасида кўчириш воситасида амалга ошириладиган интеграциясидир дея таърифлаш мумкин.
Шундай экан, мамлакатлар ўртасидаги меҳнат миграцияси соҳасидаги интеграция жараёнларининг қай даражада барқарор ва муваффақиятли аҳамият касб этиши кўп жиҳатдан унда иштирок этувчи ишчи кучининг сони, сифати ва таркиби каби хусусиятларга боғлиқдир. Шу сабабли ҳам халқаро меҳнат бозорида меҳнат ресурсининг сифатига, унинг умумтаълим ва ихтисослик бўйича тайёргарлиги ҳамда малакасига энг юқори талаблар қўйилади36.
Ишга ёллаш шартларида замонавий ишчининг ижодий яратиш салоҳиятидан фойдаланиш, шу орқали жаҳондаги умумий ишлаб чиқаришнинг илм-фанга асосланишининг умумий даражасини кўтариш манфаатлари кўзда тутилади. Бугунги кунга келиб, меҳнат салоҳияти фақатгина жамиятга тегишли бўлган меҳнат масалалари ёки жаҳон хўжалиги меҳнат ресурсларининг умумий сонини англатиш билан чегараланмайди. Асосий мезон бу – энг аввало, ишчининг малакаси ва қобилияти ҳамда унинг меҳнатга бўлган лаёқати билан аниқланадиган меҳнат сифатидир. Халқаро ишчи кучининг муҳим сифатлари бўлмиш касбий-малакавий тузилиши ҳақида сўз кетганда, бир неча имкониятларни ҳисобга олиш зарур. Халқаро меҳнат бозорида иштирок этаётган ишчи кучининг сифати миллий меҳнат бозорларида фаолият кўрсатаётган ишчилар ҳарактеристикасида мавжуд бўлмаган хусусиятларга эга. У ўзида нафақат миллий хусусиятларни, балки халқаро тажрибани ўзлаштириши, дунёвий муомала маданиятини англаш хислатларни ҳам мужассамлаштириши лозим бўлади. Халқаро ишчи кучининг ўзига хос фарқли томони – унинг халқаро, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тизимга бириктирилганлиги, халқаро ишчилар меҳнатининг функционал хусусиятлари ҳамда уларнинг жаҳон иқтисодиёти, умуман, инсоният тараққиётининг умуминсоний ижтимоий вазифалари билан чамбарчас боғлиқлигида намоён бўлади.
Сўнгги йилларга келиб, кўпгина мамлакатлар ўзларининг иқтисодий ривожланганлик даражасига боғлиқ бўлмаган ҳолда малакали ишчи кучи тақчиллигига учрамоқда. Бу ҳолат аксарият шароитларда микроэлектроника ва умуман, информацион технологияларнинг юқори даражада ривожланиши ҳамда аксарият инженер-техник ишчиларнинг билимларига бўлган талабнинг кескин даражада ўзгариши билан изоҳланади. Зарур малакага эга бўлган ишчилар тақчиллиги бугунги кунда бошқа мамлакатлардаги мутахассисларни вақтинчалик ишга ёллаш, малакали ишчи кучининг мобиллигини фаоллаштириш, ишга ёллаш шароитларини диверсификациялаш ҳамда ушбу категориядаги ишчилар меҳнатини ташкил этиш ҳисобдан қопланмоқда.
Халқаро ишчи кучининг асосий гуруҳларига замонавий техника ва информацион технологиялар бўйича мутахассислар ҳамда бозор иқтисодиёти (маркетинг, савдо ва молия биржалари, банк ва бошқалар) бўйича бошқарувчилар ва мутахассилар киради. Бундай мутахассисларга айниқса, ривожланган, илмий тадқиқот ва тажриба конструкторлик (ИТТК) ишларига катта миқдорда маблағ сарфлайдиган, ишчиларнинг ижодий фаолият учун тенги йўқ – аъло шароитлар ярата олган, халқаро иқтисодий, ижтимоий ва экологик дастурларни бажариш учун фойдаланиладиган, кўп миқдордаги илмий-тадқиқот институтлари ва таълим муассасаларига эга бўлган мамлакатларда талаб катта. Бу каби мамлакатларда иш ҳақи тўловларининг нисбатан қулай шароитлари яратилган, касбий ва маданий даражани ўстиришнинг имкониятлари таъминланган, шунингдек, оилалар учун юксак маданий ҳаёт даражаси, болалар учун эса таълим олиш имкониятлари яратилган бўлади. Аммо бу ҳол ўз навбатида, донор мамлакатлардан «ақлий салоҳиятнинг оқиб кетиш» муаммосини келтириб чиқармоқда. Бу каби муаммони қуйи даромадли мамлакатларда кўп учратиш мумкин. Масалан Гаити ва Ямайкадаги университетлар битирувчиларининг ҳар 10 тадан 8 таси хорижда яшайди37.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, замонавий халқаро меҳнат бозорида юқори малакали ишчилар билан бир қаторда, паст малакали ишчиларининг ҳам алоҳида табақаси ҳам шаклланиб бормоқда. Айниқса, нисбатан бой Ғарбий Европа мамлакатлари ўзига Африка, Осиё, Лотин Америкаси, МДҲ мамлакатларининг камбағал табақасини магнит каби тортмоқда. Хорижий ишчи кучидан фойдаланиш – Ғарб мамлакатлари иқтисодиёти ривожланишининг муҳим шартларидан бири бўлиб, улар ўзининг иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб туриш, туғилишнинг қуйи даражасини қоплаш учун хорижий ишчилар оқимини қўллаб-қувватлайди. Аммо бу мамлакатларда хорижий ишчилар ва маҳаллий аҳоли ўртасида ирқий ва диний тафовутлар билан боғлиқ можаролар туфайли ижтимоий муҳит беқарорлигининг кучайиши билан боғлиқ ҳавотир ҳукм суради.
Шуни эътиборга олиш лозимки, халқаро меҳнат бозорида характери жаҳон хўжалиги манфааатлари билан аниқланадиган ишчи кучи олди- сотдисининг алмашуви рўй беради. Бу борада жаҳон хўжалиги манфаатлари халқаро ишчи кучини ёллашнинг шароитларини, иш ҳақи миқдорини ва меҳнат бозорида талаб қилинадиган ҳарактерни аниқлаб беради. Ўз навбатида, жаҳон хўжалигининг турли хил тузилмаларида бўлган халқаро ишчи кучи ёки меҳнат ресурслари қуйидаги гуруҳларга бўлинади:
– Қўшма корхоналарнинг ишчилари;
– ТМКларнинг асосий ва ёрдамчи бўлимларида банд бўлган ишчилар;
– Минтақавий иқтисодий тузилмаларда банд бўлган ишчилар.
Халқаро ишчилар юқори, ўрта, қуйи тоифаларга ҳамда идора ҳизматчилари (контора персонали, турли ҳил профил мутахассислари)га ҳам қараб таснифланади. Табиийки, биз юқорида таъкидлагандек, халқаро ишчи кучининг нисбатан мукаммал дифференциациялашда малака даражаси, жинси, ёши ва миллати каби хусусиятлар ҳам эътиборга олинади. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам халқаро ишчи кучининг нисбатан йирик ва базавий сегментларини ажратиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Буларга энг аввало, мамлакатлараро хўжалик тизимларида доимий ишга эга бўлган ишчилар, халқаро меҳнат бозорининг резерви сифатида фаолият кўрсатувчи ёки халқаро меҳнат бозори ва турли хил мамлакатларнинг миллий ишчи кучи бозорларида иш қидириш билан банд бўлган ишчилар категориялари киради. Юқорида таъкидланган барча омилларга кўра шаклланаётган халқаро ишчи кучи бозори аниқ сегментланган ҳарактерга эга. Бошқача қилиб айтганда, ушбу бозор доирасида ишчи кучи ҳаракатида ўзининг қонуниятларига эга бўлган бир қанча хусусий, нисбатан автоном ишчи кучи бозорлари шаклланади. Бу каби ишчи кучи сегментацияси шаклланган халқаро меҳнат тақсимотини, шунингдек, ишчи кучи малакасининг ва унга бўлган талабнинг ўзига хос хусусиятларини ўзида намоён қилади. Халқаро меҳнат бозорини сегментлаш ушбу бозорда иштирок этувчи ишчи кучи таркибидаги бир хилликни бекор қилади. Бироқ бу билан ушбу ишчиларда фақатгина миллий меҳнат бозорларидагина иштирок этувчи ишчилардан бутунлай фарқ қилувчи специфик хусусиятларни шаклланишини бекор қилмайди. Шуни таъкидлаш жоизки, бу категориядаги ишчиларда миллий боғланиш ҳисси сезиларли даражада сустлашади, улар нисбатан мобил характерга ҳамда иш берувчининг талабларига мослашишда катта қобилиятга эга бўладилар. Бу каби қобилиятга айниқса, Осиё минтақаси мамлакатларидан хорижга чиқувчи мигрант-ишчилар эгадирлар.
Шу ўринда, жаҳон меҳнат бозорининг шаклланишида алоҳида мамлакатларнинг халқаро меҳнат тақсимоти тизимига жалб қилинганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этиш лозим. Маълумки,меҳнат тақсимотининг ривожланиши – ишлаб чиқаришнинг иккита асосий омили бўлмиш меҳнат ва капитал мобиллигининг ортиши билан чамбарчас боғлиқ. Айнан, халқаро меҳнат тақсимоти алоҳида мамлакатларнинг маълум бир турдаги товар ёки хизматларни ишлаб чиқаришга ихтисослашишини ҳамда ўз навбатида, аниқ бир ижтимоий-демографик ҳарактеристикадаги ишчиларга бўлган талабни аниқлаб беради. Замонавий меҳнат тақсимотининг шаклланишида 3та асосий ғоя муҳим роль ўйнайди:
1. Ривожланаётган мамлакатларда амалий жиҳатдан арзон меҳнатнинг чексиз резервуарига эга бўлиш38.
2. Минимал турдаги мамлакатлар билан алоҳида операцияларни бажаришга қодирлигини изоҳловчи ишлаб чиқариш жараёнининг юқори фрагментлашуви.
3. Транспорт ва коммуникацион тизимларнинг ривожланганлиги.
Эндиликда замонавий ҳудудий меҳнат тақсимоти алоҳида мамлакатлар ўртасида эмас, балки ҳар бирининг таркибида периферия ва марказлар бўлган Европа Иттифоқи, НАФТА (АҚШ, Канада, Мексика), Осиё Тинч океани минтақаси каби йирик минтақалар ўртасида амалга оширилмоқда. Бундай меҳнат тақсимотининг ҳаракатланувчи кучи сифатида бозорларнинг ўзгариши ва технологиялар трансферти хизмат қилади. Баъзи бир минтақалар, масалан, Африка замонавий меҳнат тақсимотидан бутунлай мустасно қилинди. Аксарият Африка мамлакатлари асосан, иқтисодиётнинг аграр типини ўзларида намоён этсаларда, улар меҳнатнинг саноат ишлаб чиқариши секторида қайта тақсимланишга жалб қилинганлар.
Глобаллашув шароитида халқаро меҳнат бозорининг ривожланишини давлатнинг миллий иқтисодиётни тартибга солиши билан изоҳлашнинг ўзи ҳам кифоя эмас. Юқорида таъкидланганидек, бунда халқаро меҳнат бозорининг ривожланиш динамикаси жаҳон иқтисодиётининг қатор бошқа субъектларининг, масалан, ўзининг инвестицион ва технологик сиёсати билан миллий меҳнат бозорларини коррективлаштиришга ва ривожлантиришга хизмат қиладиган ТМКларнинг тараққиёти билан ҳам изоҳланади.
Бугунги кунда халқаро меҳнат бозорида қуйидаги асосий тенденциялар кузатилмоқда:
– Нолегал (ноқонуний) миграция ҳажмининг ортиб бориши;
– Шарқий Европа ва МДҲ мамлакатлари меҳнат мигрантларининг кўпайиши туфайли дунё меҳнат бозорининг торайиб бориши;
– Халқаро меҳнат бозорига кириш учун тўсиқлар сонининг кўпайиши;
– Ишчи кучининг сотувчилари (яъни меҳнат ресусрлари) ўртасидаги рақобатнинг кучайиши;
– Мигрантлар дискриминациясининг давом этиши;
– Мажбурий миграциянинг ортиб бориши.
Хулоса қилиб айтганда, халқаро меҳнат бозори юқорида қайд этилган қатор субъектив ва объектив омиллар таъсирида, талаб ва эҳтиёжлар ҳамда маълум тартиб ҳамда қонуниятлар асосида ривожланиб келмоқда. Дунё меҳнат бозори фақатгина ишчи кучининг халқаро миграцияси натижасида эмас, балки индивидуал, фақатгина ўзига хос бўлган ижтимоий-иқтисодий ҳарактерга эга бўлган, натижада нафақат алоҳида минтақаларнинг, балки унинг таркибидаги бутун дунёнинг иқтисодий ҳолатига таъсир ўтказиш имкониятига эга бўлган алоҳида миллий меҳнат бозорлари ҳисобидан ҳам шаклланади. Бироқ халқаро меҳнат бозори ва унинг бир қисми бўлмиш минтақавий меҳнат бозорига миллий меҳнат бозорларининг механик бирлашиши сифатида қарашнинг ўзи етарли эмас. Биз халқаро меҳнат бозорига хорижий ишчи кучининг сотувчилари ва ҳаридорлари сифатли меҳнат ресурслари учун рақобатлашадиган миллий миқёсдан юқори бўлган тузилма сифатида қарашни мақсадга мувофиқ деб топдик. Аммо бошқа томондан эса, халқаро меҳнат бозори капитал мобиллигининг ортиши ва янги технологияларнин пайдо бўлиши ҳисобидан ҳам шаклланиши мумкинлигини ҳам алоҳида қайд этиш жоиздир. Бу ҳолда халқаро меҳнат бозори таркибига жаҳон бозорига чиқиш имкониятига эга бўлган ТМК ёки бошқа субъектларнинг ишчилари ёки давлат чегаралари орқали эркин ҳаракатланувчи халқаро меҳнат мигрантлари киради. Айнан шу билан халқаро меҳнат бозорининг асл қиёфаси намоён бўлади.



Download 5.55 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   53   54   55   56   57   58   59   60   ...   210




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling