Мавзу бўйича қисқача хулосалар
1. Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларини юксалтиришда агросаноат мажмуасининг аҳамияти катта. Унинг асосий мақсади қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уларни тайёрлаш ва қайта ишлаш ҳамда истеъмолчиларга етказиб бериш тизимининг мақсадга мувофиқ ишлашини таъминлашдан иборат.
2. Минтақалар қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида пахта майдонлари камайтирилиб, мева-сабзавотлар етиштириш кўпаймоқда. Бу эса ўз навбатида ички ва ташқи бозорни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш имкониятини беради.
3. Республикада йиллар давомида ирригация ва мелиорация ҳолати ёмонлашуви натижасида фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни босқичма-босқич қайта фойдаланишга киритиш, ер ости сув захираларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда ички ирригация тармоқларини реконструкция қилиш орқали сув йўқотилишини камайтириш, шунингдек, бу ишларда салоҳиятли инвесторлар иштирокини таъминлаш ишлари кенг кўламда амалга оширилмоқда.
4. Иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ортиши, урбанизация, ўрмонларни ёппасига кесиш Марказий Осиё минтақасининг сув ресурсларига, хусусан Ўзбекистонга, катта қийинчилик туғдирмоқда. Глобал исиш туфайли тоғли ҳудудларда музликларнинг эриши аллақачон дарё ва кўлларнинг тошиб кетишига олиб келмоқда.
5. Ўзбекистон ҳудуди табиий-иқлим шароитига кўра чўлланиш ва тупроқнинг анчагина емирилиш жараёнларига учраган. Ўзбекистон ҳудудидаги энг жиддий экологик муаммолар қуйидагилар: тупроқнинг шўрланиши, эол ва сув эрозияси, яйловларда ем-хашак маҳсулдорлигининг пасайиши, ўрмонсизланиш ва бошқалар ҳисобланади.
Назорат саволлари
1. Агросаноат мажмуасининг аҳамияти нимада?
2. Агросаноат интеграцияси деганда нимани тушунасиз?
3. Минтақада қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотларни сўзлаб беринг?
4. Минтақамизда сув ресурслари билан таъминланиши ва ундан оқилона фойдаланиш тўғрисида ўз мулоҳазаларингизни юритинг?
5. Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари ҳақида фикр юритинг?
6. Минтақада қишлоқ хўжалигида жиддий экологик муаммолар ва уларнинг ечимлари нимада?
Do'stlaringiz bilan baham: |