«Хабеас корпус» институти: инсон ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади


Download 34 Kb.
Sana12.08.2023
Hajmi34 Kb.
#1666558
Bog'liq
хабес

«Хабеас корпус» институти: инсон ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади


17.06.2023 09:25 0 983 

Мамлакатимизда инсоннинг ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатли ҳимояси ҳақида гап кетганда, сўнгги йилларда жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилингани, қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имконияти кенгайтирилгани, шунингдек, далилларга баҳо бериш институти тубдан такомиллаштирилгани амалда кутилган натижаларни бераётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.


Бу халқаро даражада эътироф этилган институтларнинг амалга муваффақиятли жорий этилишини судлар томонидан оқлов ҳукмлари чиқариш кўпайгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Масалан, 2007–2015 йилларда судлар томонидан 688 354 нафар шахсга нисбатан 498 730 та жиноят иши кўриб чиқилиб, атиги 110 нафар шахс оқланган бўлса, 2016–2022 йилларда 418 992 нафар шахсга нисбатан 322 531 та жиноят иши кўриб чиқилган ва шундан 4 764 нафар шахс оқланган.
Бугунги кунда миллий амалиётимизда муваффақиятли қўлланилаётган институтлардан яна бир «Хабеас корпус» институтидир.
Бу саволларга жавобан шуни қайд этиш жоизки, «Хабеас корпус» атамаси лотин тилидан олинган бўлиб, «танани судга келтириш» деган маънони билдиради. Аниқроқ айтганда, жиноий таъқибга учраган фуқаронинг адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқини англатади. Қизиқ томони шундаки, ушбу институтнинг пайдо бўлиши олис тарихга бориб тақалади.
Дастлаб ушбу институт XII асрдан Англияда қўлланила бошлаган. XIV асрда эса, Эдуард I қироллиги даврида ушбу амалиёт миллий урф-одатга айланган. Мазкур урф-одат ўз навбатида, инсон ҳуқуқлари масаласи норматив ҳужжат кўринишини ола бошлаган даврда, аниқроқ айтганда, Англияда 1679 йил 26 май куни қабул қилинган «Фуқаро эркинлигини янада яхшироқ таъминлаш ва денгиздан ташқари ҳудудларда асоссиз ҳибсга олишнинг олдини олиш тўғрисида»ги қонун ёки «Habeas Сorpus Аct»да ўзининг ифодасини топди.
Шундан буён ушбу институт дунёдаги аксарият давлатлар қонунчилигида ўз ифодасини топиб келмоқда.
Мамлакатимизда ушбу институт 2008 йилдан буён жорий этила бошлаган. Аниқроғи, буни 2008 йил 1 январдан бошлаб жиноят содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судлар ваколатига ўтказилгани, 2012 йилдан эса, прокурор ва терговчи томонидан қўлланиб келинган айбланувчини лавозимидан четлатиш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чораларини фақат судьянинг санкцияси асосида амалга ошириш тартиби белгилангани мисолида кўриш мумкин.
Эътибор томони шундаки, Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 27-моддасида «Хабеас корпус» институтининг конституциявий-ҳуқуқий асослари белгилаб қўйилди. Хусусан:
— ҳеч кимнинг қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас;
— ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра, йўл қўйилади;
— шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас.
Демак, шахсни ушлаб туриш, уни қамоқда сақлаш ёки озодлигини бошқача шаклда чеклаш фақат қонун талабига биноан амалга оширилиши шарт.
Яна шуни алоҳида қайд этиш лозимки, шахсни ушлаб туриш учун асослар мавжуд тақдирда ҳам у 48 соатгача ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг асослантирувчи қарори асосида ушлаб турилиши мумкин. Мана шу 48 соат ичида шахсга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш учун асослари топилса, уни ушлаб туриш учун суднинг қарори чиқарилиши керак. Акс ҳолда шахс қўйиб юборилиши шарт.
Юқорида қайд этилганлардан ҳам кўринадики, «Хабеас корпус» институти моҳият-эътибори билан ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда ўта муҳим ўрин тутади. Айниқса, ушбу институт янги таҳрирдаги Конституциямизда ўз ифодасининг топиши «Инсон қадри» тамойили давлатимиз сиёсатининг моҳиятини ташкил этишини яққол тасдиқлайди.
Download 34 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling