I боб. Бўлажак ўқитувчиларда касбий компетенцияларни ривожлантириш орқали педагогик масъулиятни шакллантиришнинг назарий методологияси


Download 50.65 Kb.
bet1/3
Sana11.03.2023
Hajmi50.65 Kb.
#1260745
  1   2   3
Bog'liq
3-режа охири


I.БОБ. Бўлажак ўқитувчиларда касбий компетенцияларни ривожлантириш орқали педагогик масъулиятни шакллантиришнинг назарий методологияси.

    1. Бўлажак ўқитувчиларда касбий компетенцияларни ривожлантириш орқали педагогик масъулиятни шакллантиришнинг долзарб муаммолари.

Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-сиёсий тараққиёт даражасини белгиловчи устувор йўналишлардан бири таълим соҳасини ривожлантириш деб эътироф этилди. Таълим тизимини модернизация қилиш, мазмунан такомиллаштириш, илғор педагогик технологияларни қўллаган ҳолда уни жаҳон таълими сифат даражасига кўтариш Янги Ўзбекистон стратегиясининг муҳим ғояларидан бири саналади. Ўз тақдирини мамлакат тақдири билан боғлаган ҳар бир инсон юрагида масъулият ҳисси билан яшаши жамият ва миллатни юксакларга кўтариш омили бўлиб хизмат қилади. Аксинча, масъулият хиссининг етарли даражада ривожланмаганлиги ортида инсон ҳаёти, балки жамият ва давлат тақдирида аянчли якун топган мисоллар кўплаб топилади.
Бўлажак ўқитувчиларда касбий компетентликни ривожлантиришнинг асосий мезони тарбия ва масъулиятдир. Тарбия - инсонни маълум бир йўналишда шаклланиши, камол топишига таъсир этувчи оила, жамият ва турли одамларнинг бир-бирига кўрсатадиган ижтимоий муносабатдир. Инсон тарбиясига оид қонун-қоидалар дастлаб турли афсоналар, ривоятлар ва пандномаларда ўз ифодасини топган. Шарқнинг машҳур файласуфи Абу Наср Форобий ўзининг “Фозил одамлар шаҳри” асари орқали тарбиянинг инсонга бериладиган ўн икки фазилатини моҳирона таърифлаган. А.Авлонийнинг тарбия оид “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” деган хикматли иборасида чинакам тарбия дарахтини ғоявий асосини кўришимиз мумкин.
Ғарбда Ян Амос Коменскийнинг асарларида1 тарбия масалаларига алоҳида эътибор билан ёндашади. “Буюк дидактика”2 асарида ўқитишнинг табиийликка бўйсуниши ҳақида қимматли маълумотлар ёзилган. Боланинг жисмоний ва ақлий ривожланиш жараёни табиатдаги ўсиш жараёни билан бир хил бўлиб, педагог бола тарбиясида худдики, Румий хазратлари таъкидлаганидек, дарахтнинг биологик ривожланиш қоидаларини инобатга олгани каби, боладаги табиий хусусиятларни ҳам билиши шарт3.
И.Г.Песталоции, Гербарт, К.Д.Ушинскийлар фаолияти давомида педагогиканинг бош масаласи таълим-тарбия муаммосига муносабатини билдириб, педагогика тарбия тўғрисидаги фан эканлигини илмий асослаб берганлар. Педагоглик касби муҳим ижтимоий аҳамият ва масъулият талаб этади. Чунки, педагоглар ёш авлодларнинг қалб меъморидир.
Бугун бўлажак ўқитувчиларга ва умуман ёшларга ғоявий-сиёсий жиҳатдан дунё манзараларини, жамият, фикр ва тафаккур тараққиёти ва табиятнинг ривожланиш қонуниятларини идрок этишига масъул эканмиз, аввало, уларни касбий меҳнат фаолиятига тайёрлаб бориш, касб-ҳунар эгаллаши учун кўмак бериш ва ватанимиз тараққиёти учун муҳим бўлган вазифаларни ҳал этиш масъулиятини шакллантирмоғимиз даркор4. Айнан шу маъсулият педагоглардан касбий компетентликка эга бўлиши, ўқувчи-талаба-ёшларга тарбиявий жиҳатдан таъсир этиб, қобилияти, истеъдоди, қизиқишлари ва амалий кўникмаларини ривожлантиришнинг оптимал усулларини топгувчи педагогик масъулиятли бўлишни тақазо этади5.
“Масъулият” тушунчаси араб тилида “жавобгарлик”, “ҳисоб бермоқ” маъноларини ифодалайди. “Бирор ишнинг ёки хатти-ҳаракатнинг оқибати, натижаси учун жавобгарликни билдиради”6. Ўзбек тилида эса “масъулият” тушунчасининг муқобили кўринишида “жавобгарлик” тушунчаси қўлланилади. Мисол учун, ҳуқуқий жавобгарлик, маъмурий жавобгарлик ва давлат жавобгарлиги...
“Тарбия” энциклопедиясида мазкур тушунчанинг ижтимоий-фалсафий моҳияти очиб берилган, яъни, “масъулият — хатти-ҳаракатлар ҳамда уларнинг оқибатлари натижаси учун бўлган жавобгарликдир”7.
Мустақиллик йилларида илмий изланишлар олиб борган бир қатор олимларимиз “масъулият” тушунчасини фалсафий адабиётларда XIX асрларда кўлланилган деб ҳисоблайди8. Бизнинг назаримизда “масъулият” тушунча сифатида ижтимоий маънода, антик даврда Платон томонидан жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатини фалсафий-ахлоқий ифодасини назарда тутувчи адолат тушунчаси билан боғланган ҳолда таҳлил қилинган: “...адолатсизлик, агар у аниқланса, жазоланади ва шармандаи шармисорлик пардаси билан қопланади”9, ҳамда “...қонунларнинг бузилиши шундай бир зарар етказадики, у аста-секин одамлар феъл-атворидан ўрин олади ва у ердан йирикроқ ҳажмларда фуқароларнинг иш юзасидан ўзаро муносабатларига тарқалиб, ҳатто қонунларнинг ўзига ва давлат тизимига тажовуз қилади, ...охир-оқибатда шахсий ҳаётни ҳам, жамият ҳаётини ҳам ағдар-тўнтар қилиб ташлайди”10, деган фалсафий қарашлари ҳозир ҳам замонавий жаранглайди. “Масъулият” тушунчаси XVII асрда тарихда биринчи марта Томас Гоббс томонидан фанда қўлланилган. Т.Гоббс мазкур тушунчани ижтимоий муносабатга мувофиқ ўзаро бирлашган фуқароларнинг давлат ҳаракатлари олдида мавҳум жавобгарлиги маъносида қўллаган11. И.Кант шахс жавобгарликни бурч билан, Г.Гегель эса – муайян хулқ-атворни ақлий идрок этиш билан ифодалаган12. XIX-XX асрларда фалсафий адабиётларда “масъулият” тушунчасига ахлоқий-маънавий ҳодиса сифатида қаралиб, бу аввало, хорижий мамлакатлардаги ижтимоий жараёнлар, ҳодисаларни протестантча моҳиятини англашга нисбатан фалсафий-диний ёндашувга боғлашган.
Бугунги кундаги масъулият муаммосини мамлакатимиз фалсафа, педагогика ва социология фанлари доирасида тадқиқ этишда унинг ижтимоий-фалсафий категория сифатида бир қанча ўзига хос хусусиятларга эга эканлигига, ижтимоий ва индивидуал онгнинг барча шаклларидан ўзига хос “ўрин олганлиги”га эътибор қаратилади.
Инсоннинг юксак натижаларга эришиши, буюк жасоратлар кўрсатишга қодир эканлиги масъулиятнинг юқори даражада ривожланган ҳолатларига бевосита боғлиқ. Шунингдек, тадқиқотчиларнинг илмий изланишлари, ҳаётий кузатишлари натижасига асосланиб, масъулиятни инсоннинг психологик етуклигининг муҳим мезони сифатида тушуниш мумкин. Жумладан, В.П.Прядеиннинг илмий таҳлилларига кўра, инсоннинг илк ўспирин ва етуклик даврида масъулият ўз таркибида социоцентризм (ўз хатти-ҳаракатларига жамият нуқтаи назаридан баҳо бера олиш), интерналлик (ўз ҳаётида рўй бераётган воқеа-ҳодисалар сабабларини ўзидан қидиришга мойиллик) натижага йўналганлик, англаганлик (ҳар бир ишда онгли мотивларга асосланиб, натижани аниқ тасаввур қилиш), стенизм (фаолиятга рағбат берувчи ҳиссиётларнинг устунлиги), эргетизм каби сифатларни жамлаб боради13.
Н.В.Лейфрид ўзининг диссертация ишида, “масъулиятли шахс типи одамнинг муваффақиятларини шахс ички захиралари билан, жавобгарликни ўзига олиш, қўйилган мақсадга эришишда ўз имкониятлари ва қобилиятларини тўла рўёбга чиқариш, қийинчиликлар мавжудлигига қарамай улардан чиқиш йўлини топиш каби сифатлар билан боғлаб тушунтиради”14.
Қадим замонларда яшаб ўтган бир подшоҳнинг бошқаларга қўшилмайдиган одамови ўғли бор экан. Бу валиаҳднинг тенгдошлари, ака-укалари овга чиқишар, ўйнаб давру-даврон суришар эди. У хонасига қамалиб олиб туну-кун қамалиб ўтиришни хуш кўрарди. Ўғлининг маҳзунлигидан подшоҳнинг юрак бағри эзиларди. Кунларнинг бирида у ҳузурига бир донишмандни чақиртиради. Унга ўғлининг бу аҳволини маълум қилади, бу кулфатга бир чора топишини буюради. Бир ҳафта ичида бу муаммонинг ечимини топиб уддалай олмаса, бошидан жудо бўлишини айтади.
Донишманд чуқур ўйга толади. Шаҳзоданинг бу ҳолатдан қутқаришга ожизлигини билиб, ўз жонини қутқариш учун бош олиб узоқларга кетишга мажбур бўлади. Уйсиз, ватансиз ноилож қолган донишманд йўлдаги яйловда чўпон йигитни учратиб қолади. Қўй боқаётган йигитни олдига келиб у билан суҳбат қуради. Суҳбат давомида чўпон бола донишманддан илтимос қилди:
– Амакижон, озгина қўйларимга қараб турсангиз. Эрталаб шошганимдан тушликка егулик олишни унутибман, қишлоққа бориб келай!
Донишманд рози бўлибди.
Ўз билан овора бўлиб, бир қўзичоқни жарга тушиб кетганини кўрмай қолибди. Қўзичоқ онасини нола қилишидан хушёр тортиб боласини қутқаришга шошилибди. Жарликка тушиш қийин бўлибди. Бечора жониворни тепага олиб кўтариб чиқиш эса унданда машаққатли кечибди. Бор кучи билан қилган ҳаракатлари бекор кетибди-ю, аммо донишманд курашдан тўхтамабди, тиранди, тирмашди, қийналибди. Оқибат қўзичоқни қутқаришни уддасидан чиқибди.
Суҳбатдош “дўсти”га қилган ваъдасини бажариш, қўзичоқни қутқариш учун шундай меҳнат қилдики, натижада ўзининг ташвишлари унутилиб кетди…
Айни пайтда унинг вужудини бир ўй чақмоқдек титратди: “инсон бирор жиддий юмуш ила банд бўлса, унинг зиммасига масъулиятли вазифа юклатилса, кичик ташвишлар ўзини овора қилишга вақт етмайди қолади…”
Донишманд бу ҳақиқатни чопиб бориб, ҳукмдорга сўзлаб беради ва ечимини топганини айтди.
- “Олампаноҳ, гар фарзандингизни маҳзунлик холатидан чиқишини ҳохласангиз, унга масъулиятли вазифа буюринг. Бутун вақтини шу вазифага банд қиладиган масъулият юкланг. Шаҳзодадаги муаммолар сабаби бекорчилик ва ўзига нисбатан масъулиятсизлигидир. Унга юкланган масъулият жиддий ва муҳим бўлса, ўғлингиз шунча тез ҳаётга қайтади ва яшашга интилади”15.
Масъулият инсоннинг болалик давридан тарбияланиб борилади. Ота-оналар фарзандларига топширилган юмушни қандай бажараётганини эътибор билан кузатадилар (ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши ёки бажармаслиги), уларга кўмак берадилар, бажарган ишларининг натижаси учун жавоб беришга, ҳар бир бажарилган иш-ҳаракат маълум оқибатга олиб келиши ҳақида ўйлашга ва таҳлил қилишга ўргатиб борадилар. Болаларда “масъулият” тушунчасини шакллантиришда ота-оналарнинг шахсий намунаси ҳам муҳим саналади. “Оиладаги турмуш тарзи, ахлоқий муҳит, ота-онанинг бир-бирига муносабати, ҳамда ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатлар, болаларга далда бериш, уларни мустақил ижобий фикрлашга, ўз-ўзини назорат қилишга ўргатиб бориш масъулият тарбиясининг янада муваффақиятли бўлишига ёрдам беради”16.
Аллома Жалолиддин Румий ҳазратлари ўгитларининг бирида қуйидагича мулоҳаза юритилди: “Сиртдан қараганда шох меванинг ўзидир, аммо аслида, шох мева учун яралгандир. Мева олиш нияти бўлмаганда боғбон мева экармиди? Шундай бўлгач, мева дарахтдан пайдо бўлгандек кўринса-да, аслида дарахт мевадан бино бўлгандир”17. Бу жараёнда Румий ҳазратлари авлодларнинг тарбиясига, уларнинг масъулият билан тарбия қилишга ишора қилади.
Масъулият-касбий ёки ижтимоий фаолиятни бажариш ёки муайян хатти-ҳаракатни амалга ошириш, шунингдек, жамият, давлат, маълум гуруҳ ёки жамоа олдидаги бурчини тўлиқ англаш ва жавобгарликни хис қилишдир.
Масъулиятнинг кўриниши турлича намоён бўлади:
– Маълум хатти-ҳаракатни амалга оширишдаги масъулият.
– Муайян касбий фаолиятни бажариш бўйича шахс зиммасидаги масъулият.
– Маълум гуруҳ ёки унинг аъзолари бўлган кишилар олдидаги масъулият
– Жамият фуқаросининг ижтимоий фаолиятни амалга оширишдаги масъулияти
Шунингдек, масъулият инсоннинг ўзини-ўзи бошқариш шакли эмас, аксинча, ўз хатти-ҳаракатлари орқали атрофдагиларга нисбатан ёндашув бўлиб, индивидуаллик ва ижтимоийлик хусусиятини касб этади. Масъулият ҳиссига эгалик шахс ҳаётини, хатти-ҳаракатларини муайян тартибда амалга оширилишини ҳам таъминлайди. Турли ёш даврларида шахс муайян фаолият жараёнида масъулият ҳиссига эгаликни намоён этади.
Изланишларимиз натижасида шуни аниқладикки, “касбий компетентлик”, “масъулият” ва “педагогик масъулият” тушунчасига узил-кесил таъриф бериш мумкин эмас; бу тушунча педагогик-психологик, аҳлоқий, ижтимоий-иқтисодий, фалсафий, юридик муаммоларнинг ўзига хос уйғунлашувидан хосил бўлади. Бу ҳол ижтимоий борлиқ ва инсон моҳиятининг мураккаблиги ва ранг-баранг аҳамияти билан белгиланади. Тадқиқ этилаётган муаммога фалсафий ёндашсак, ўрганилаётган ҳар бир элемент орасида қатъий ўрнатилган ўзаро алоқалар ва таъсирлар борлигини кўришимиз табиий. Мақсадимиз “касбий компетентлик”, “масъулият” ва “педагогик масъулият” тушунчаларининг мазмуни ва улар орасида долзарб аҳамиятга эга бўлган мувофиқлаштирувчи мувозанат ўрнатишдан иборат бўлиб, бу пировард натижада бўлажак ўқитувчиларда касбий компетентликни ривожлантиришда педагогик масъулиятни шакллантирувчи яхлит тузилма ва кучни англатувчи категориядир.
““Масъулият” тушунчасига фанда азалдан эркинлик ва зарурат категорияларининг ўзаро нисбати, шахс хулқ-атвори ва фаолиятининг ахлоқий жиҳати нуқтаи-назаридан, ижтимоий амалиётда эса, маъмурий ёки юридик нуқтаи назардан, ижтимоий тартибга солишнинг турли, шу жумладан ҳуқуқий меъёрларини амалга оширишни назарда тутувчи ижтимоий назоратни амалга ошириш сифатида ёндашиб келинади”18.

Download 50.65 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling