Ибтидоий жамият тарихи (Жаҳон тарихи)
Одамзоднинг дастлабки тарқалиш ҳудудлари
Download 0.99 Mb.
|
11 Darslik (Ibtidoiy jamiyat tarixi-Djurakulov M)
4. Одамзоднинг дастлабки тарқалиш ҳудудлари
Ишлаб чиқаришнинг юксала бориши ва яшаш шароитларнинг яхшилана бориши аҳолининг асрлар оша кўпая боришини тақозо қиларди. Ишлаб чиқариш қуролларининг доимий такомиллаша бориши овчилик, термачилик, балиқчилик хўжаликларининг ривожланишига олиб келди. Айниқса, овчиликнинг ривожланиши яшаш ҳудудлардаги ҳайвонот дунёсининг камайишига таъсир кўрсатди. Сўнгги палеолит даври овчилари аввалги яшаш жойларидан музлик давридан кейин ҳосил бўлган кенг даштзорларга озиқа излаб тарқалиш, маъқул экологик бурчакларни ишғол қилиб, ўзлаштиришга олиб келди. Бу даврда одамзод Шимолий Овропа, Осиё ҳудудларидаги дашт минтақаларни ўзлаштирадилар. Сўнгги палеолит даврида Сибир ва Шимолий Германия ҳудудлари ўзлаштирилди. Осиё минтақаларидан тарқалган одамзод жамоалари Беренгов қўлтиғи орқали биринчи бор Американи ишғол қиладилар. Палеолитнинг охирларида ва мезолит даврида одамзод Австралияни ишғол қилади. Сўнгги палеолит даврида бир-биридан муайян даражада ўз тараққиёти билан фарқ қиладиган маданий вилоятлар ташкил топади. Бу борада ўз хусусиятлари билан бир-биридан фарқ қиладиган учта вилоятни кўрсатиш мумкин: музликларга туташ Овропа, Сибир-Хитой ва Африка – Ўрта Ер денгизи ҳудудларини ўз таркибига олувчи ойкуменлар вилояти шулар жумласидандир. (Расм-16) Музликка туташ Овропа вилояти бир неча музликларни бошдан кечирган Овропа ҳудудини тўла ўз ичига олади. Одамзод жамоалари бу вилоятларда қаттиқ қиш шароитида яшаган ва мамонт, шимол буғуси каби йирик жониворларни овлаб тирикчилик ўтказганлар. Бу зимистон қиш совуғи шароитига мослашган яшаш кулбаларини қуришга киришадилар. Кулбаларни қуришда мамонт суякларидан ва бошқа жониворларнинг териларидан фойдаланганлар. Овропа ҳудудида яшаган аҳолининг асосий маданият бирлиги таркиби якдил кўринишда бўлса-да, аммо минтақалар бўйлаб қисман бир-биридан фарқ қиладиган маданият бирликлари ташкил топади. Масалан, Рус текислиги, Чехословакия ва унга туташ Марказий Овропа ҳудудларида яшаган аҳолининг маданияти Ғарбий Овропа аҳолиси маданиятидан фарқ қиларди. Музлик минтақасига туташ Овропа табиий шароитига ўхшаш минтақаларда Сибир-Хитой вилояти аҳолилари яшаган. Бироқ буларда муайян даражада Овропадан фарқ қиладиган қурол ясаш техникаси шакли асосидаги маданий тараққиёт йўналиши мавжуд эди. Бу фарқ яна шундан иборат эдики, бу минтақа аҳолисига тош ўзакдан бўйдор парақалар ажратиб олиш технологияси маълум бўлса-да, асосий қуроллардан – скребло ва чопувчи қуроллар Овропанинг мустьер даври аҳолиси қуролларига ўхшаш бўлиб, айрим ҳолатларда ашелль давридаги қўпол чопувчи чўқмор қуролларга ўхшаш қурол-аслаҳалар мавжуд эди. Африка – Ўрта Ер денгизи вилоятига Африкадан ташқари Испания, Италия, Болқон ярим ороли, Қрим, Кавказ, Яқин Шарқ мамлакатлари ҳудудлари киради. Бу минтақаларда яшаган аҳоли юмшоқ иқлим ўсимликлари, ҳайвонот дунёси шароитида яшаб, кўпинча дашт кийиги, тоғ эчкиси, буғу, от, буқа ва йирик йиртқичлар каби жониворларни ов қилишган ва терим-термачилик билан кенг равишда шуғулланган. Суякдан ясалган қуроллардан игна, жуволдиз каби қуроллар сероб учрайди. Бу минтақаларда микролит қуроллар Овропага қараганда анча аввал тарқалган. Шу билан бирга бу минтақада тошдан босим орқали парақалар ажратиб олиш технологияси суст тараққий қилган. Аммо шимолий ўлкаларга қараганда бу ерда ўқ-ёй анча эрта кашф қилинган. Бу ҳолат майда жониворларга, паррандаларга кўпроқ ов қилиш шароитини туғдирган. Сўнгги палеолит даврида эслатилган уч вилоятларда маданий тараққиёт бир-биридан кескин фарқ қилмас эди ва уларнинг чегараси ҳам мутлақ аниқ эмасди. Ҳар бир кўрсатилган вилоятлар таркибида бир-биридан қисман фарқ қиладиган локаль, яъни жойли, маҳаллий маданиятлар ҳам ривож топган. Жанубий Шарқий Осиё палеолити деярли ҳамон яхши ўрганилмаган. Шунга қарамасдан айрим ўзига хос хусусиятларга эга бўлганлиги сабабли бу вилоят тўртинчи қилиб фанга киритилган. Бу минтақаларда яшовчи аҳолининг шароити Шимолий Овропадан кескин фарқ қилиб, илиқ иқлимга мос флора ва фаунога сероб эди. Шунинг учун ҳам бу вилоят аҳолиси бу замонларда доимий қишлоқларда яшамаган, унга зарурият ҳам бўлмаган. Шу боисдан бу минтақаларда яшаган аҳоли вақтинчалик, мавсумий уй жойлар билан кифояланган. Америка қитъасининг одамзод томонидан ўзлаштирилиши бундан 20 минг йил аввал содир бўлган. Бу минтақа Осиёдан Беренгов қўлтиғи орқали ўтган аҳоли томонидан ишғол қилинган. Бу қитъада ҳатто приматлар қолдиқлари ҳам топилмаган. Америка ҳиндларининг ўтмишдошлари эски дунёдан кириб борган ибтидоий жамоалардан иборат эди. Америка ҳудудидан топилган тош қуроллар хитой сўнгги палеолитига, хусусан, Чжоукуодянь ғор маконининг юқори қатлами, шунингдек, Бирма, Индохитой сўнгги палеолит маданиятига ўхшашдир. Америкада тош асри маданиятининг асоратлари мил. авв. 5 мингинчи йилларга қадар сақланиб қолган. Австралия қитъаси, фаннинг сўнгги маълумотларига кўра, Жанубий-Шарқий Осиё ва Индонезия томонидан кириб борган аҳоли жамоалари томонидан сўнгги палеолит даврида ўзлаштирилган. Бундан кейинги ўзлаштирган аҳоли микролит қуроллардан фойдаланган ва бутун қитъа бўйлаб, ўзига хос овчилар ва теримчилар маданиятини шакллантирган. Download 0.99 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling