6-МАВЗУ. ХУФЁНА ИҚТИСОДИЁТ
1. Хуфёна иқтисодиётнинг келиб чиқиши сабаблари
Хуфёналик – шахсларнинг кундалик фаолиятни ташкил қилишда мавжуд ҳуқуқ (қонун) нормаларидан фойдаланишдан бўйин товлаш ва ёзилмаган ҳуқуққа, яъни анъаналар ва урф-одатларда қайд этилган нормаларга ҳамда мулкчилик ҳуқуқларини алмашиш ва ҳимоялаш юзасидан келиб чиққан низоларни ҳал этишнинг ҳуқуқ доирасидан четга чиқувчи механизмларига мурожаат этишидан иборат.
Иқтисодий фаолиятни хуфёна амалга ошириш, биринчи навбатда, қонун доирасидаги ҳаракат билан, яъни юқори трансакция харажатлари билан боғлиқ. Трансакция харажатларининг таснифига асосланган ҳолда, таъкидлаш лозимки, бунда асосан шартномани тузишдаги юқори харажатлар, мулкчилик ҳуқуқларини тафсирлаш ва ҳимоялаш харажатлари ва учинчи шахслардан ҳимоялаш харажатлари назарда тутилади. Де Сото ушбу харажатларни «қонунга бўйсуниш баҳоси», дея таърифлайди. У қуйидагиларни ўз ичига олади:
- қонундан фойдаланиш харажатлари (юридик шахсни рўйхатга олиш, лицензия олиш, банкда ҳисобварақлар очиш, юридик манзилга эга бўлиш ва бошқа расмиятчиликларни бажариш харажатлари);
- қонун доирасида фаолиятни давом эттириш зарурати билан боғлиқ харажатлар (солиқларни тўлаш; меҳнат муносабатлари соҳасида қонун талабларини бажариш (иш кунининг узунлиги, энг кам иш ҳақи, ижтимоий кафолатлар); ошкора суд тизими доирасида низоларни ҳал этишда суд харажатларини тўлаш).
2. Хуфёна иқтисодиёт турларининг таснифи ва уни баҳолашга нисбатан ёндашувлар
Турли қонунчилик меъёрларига амал қилинмаслик ҳолатларининг тез-тез учраб туриши хуфёна иқтисодиёт ўлчамининг индикатори бўлиб хизмат қилади. Бироқ, унинг миқдорий ўлчови вазифасини ҳал этишга киришишдан олдин хуфёна иқтисодиётнинг турли унсурларини таърифлаш лозим. Умуман олганда хуфёна иқтисодиёт – унда иқтисодий фаолият қонун доирасидан ташқарида амалга ошириладиган, яъни битимлар қонундан, хўжалик турмушининг ҳуқуқий меъёрлари ва расмий қоидаларидан фойдаланилмаган ҳолда амалга ошириладиган соҳа. Хуфёна иқтисодиёт бир нечта унсурдан таркиб топади.
Do'stlaringiz bilan baham: |