Қўзғатувчининг белгилари: Leveilula taurica. Конидияларнинг ўлчами 41,6-72,9x9-26 мкм.
Клейстотецийлар шар шаклида, қуриганида усти япалоқ, диаметри 135-240 мкм, ўсимталари
кўплаб ҳосил бўлувчи, 1 марта шохланган; халтачалар цилиндр шаклли, яққол кўринадиган
оёқчалари мавжуд, ичида 2 та аскоспораси бор, ўлчами 68-100x27-80 мкм. Аскоспоралар
эллипсоид шаклли, ўлчами 28-45x14-22 мкм.
Кураш чоралари одатда қўлланилмайди; касаллик кучли ривожланиши башорат қилинса,
экинга олтингугурт кукуни ёки фунгицид пуркаш тавсия қилинади (Головин, 1960; Пидопличко,
1977а; Watterson, 1985; Флетчер, 1987).
Помидорда мева қора моғорини Alternaria alternata f.sp. lycopersici гифомицет
замбуруғи қўзғатади. Ўсимлик барглари, поялари ва меваси зарарланади. Помидор меваларининг
устида тўқ-қўнғир ёки қора, ботиқ яралар ривожланади ва улар меванинг ичига ўтади. Яралар
мева новдага бириккан жойларида тез-тез учрайди (Пидопличко, 19776; Watterson, 1985).
Қўзғатувчининг белгилари: Alternaria alternata. Колониялар қора ёки зайтун-қора рангли,
баъзан кулранг. Гифалар рангсиз, зайтун рангли ёки қўнғирроқ, диаметри 3-6 мкм.
Конидиофоралар оч-зайтун ёки қўнғир тусли, узунлиги 50 мкм гача, эни 3-6 мкм. Конидиялар
узун, шохланган занжирчаларда, тескари тўқмоқ, тескари нок, тухум ёки эллипсоид шаклли,
кўпинча калта конус шаклли бўйинчали, оч ёки ўртача қўнғир, усти силлиқ ёки сўгалчалар билан
қопланган, 3-8 та узунасига ва 1-3 кесасига ёки қийшиқ жойлашган септаларга эга, ўлчами 20-
63x9-18 мкм, бўйинчасининг эни 2-5 мкм.
Ўзбекистонда иссиқхонадаги помидорда Alternaria solani замбуруғи қўзғатадиган
альтернариоз касаллиги аниқланганлиги ва у экинларнинг 70-80 фоизини зарарланганлиги хабар
қилинган (Ҳасанов С., 2006), аммо муаллифнинг фикрига кўра бу касаллик Alternaria alternata
замбуруғи томонидан қўзғатилганлиги эҳтимол қилинади, чунки конидияларнинг белгилари
(қорамтир тусли, тескари тухум шаклли, занжирларда жойлашган, узунлиги 20-63 мкм) Alternaria
solani замбуруғиникига (оч-жигарранг, эллипсоид шаклли, занжирчалари йўқ, узунлиги 150-300
мкм) ўхшамайди; аниқ диагноз учун замбуруғнинг микроскопик белгилари пухта ўрганилиши
лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |