Ислом дини ва унинг тарқалиши тарихи
Download 124.5 Kb.
|
islom Dini
- Bu sahifa navigatsiya:
- Исломгача Арабистондаги ижтимоий-сиёсий ҳолат
- Ислом динининг вужудга келиши
Ислом дини ва унинг тарқалиши тарихи Режа
Исломгача Арабистондаги ижтимоий-сиёсий ҳолат. Ислом динининг вужудга келиши. Ислом дини таълимоти. Қуръон ва ҳадис – ислом динининг манбалари.
Арабистонда ҳар хил худоларнинг тимсоллари – санамлар қачон пайдо бўлгани ҳақида муайян тарихий маълумотлар йўқ. Баъзи тарихчиларнинг хабар беришича, Арабистонга биринчи бўлиб санам келтириб ва унга ибодат қилишни бошлаб берган Амр ибн Луҳай исмли шахс бўлган. У Шомга тижорат мақсадида тез-тез сафар қилиб турарди. Шомда эса бутпарастлик, турли санамларга сиғиниш одатлари анча аввал шаклланган эди. Арабистоннинг турли ерларида муайян санамларнинг қароргоҳи мавжуд бўлиб, улар зиёратгоҳлар сифатида маълум эди. Макка Арабистоннинг диний марказига айлангач, у ердаги Каъба санамлар тўпланган жойга айланиб қолди. Ислом арафасида араблар орасида бутпарастлик шунчалик авжида эдики, ҳатто ҳар бир хонадоннинг ўз санами бўлган. Ибн ал-Калбийнинг араб кўпхудолигига бағишланган “Китоб ал-асном” (“Бутлар китоби”) асарида тилга олинган датлабки беш санам (аёл худо тимсоли) Вадд, Сувоъ, Ёғус, Ёъуқ, Наср бўлиб, Қуръонда ҳам зикр қилинган (“Нуҳ” сураси, 22-23-оятлар). Қуръонда зикр қилинган энг қадимги санамлар жумласига Лот, Манот ва Уззо ҳам киради. Жоҳилия арабларининг тасаввурида бу учала санам ҳам аёл худолар бўлган. Исломдан олдин Арабистоннинг кўп жойларида яҳудий жамоалари мавжуд бўлгани ҳақида маълумотлар бор. Яҳудийлар билан бирга Арабистон ярим оролига яҳудий дини ҳам кириб келди. Арабистон яҳудийлари ҳақида, асосан, Қуръон, ҳадис, тафсир, сийра ва тарих китоблари хабар беради. Бу мавзуга аниқлик киритадиган ҳозирга қадар топилган ҳужжатларнинг энг қадимийси Янги Бобил подшоҳи Набонидга (мил. ав. 555-539 й.) тегишли хроникадир. Унда айтилишича, милоддан аввалги 552-542 йиллар Шимолий Арабистондаги Тейма шаҳрини ўзига пойтахт қилиб олган Набонид бу ердаги шаҳарларни ўзлаштириш мақсадида Бобилдан талайгина аҳолини кўчирган. Улар орасида кўпчиликни яҳудийлар ташкил қилган. Маълумки, бундан олдинроқ (мил. ав. 586 й.) Навуходоносор II Қуддусни забт қилганида салкам 30 минг яҳудийни асир қилиб, Бобилга келтирган ва “Бобил асирлиги” 50 йил давом этган. Шундан сўнг ҳам баъзи яҳудийлар Фаластинга қайтмай Бобилда қолиб кетганлар. Арабистон ярим оролида яҳудийлик билан бир қаторда христианлик дини ҳам тарқалган. Христианлар бу ерда кенг тарғиботчилик ишларини олиб борганлар. Улар Арабистонга қачон кириб келганлиги номаълум. Тарихий манбаларда хабар берилишича, қул савдоси бу ерга христианларнинг кириб келишида асосий омиллардан бири бўлган. Византия вилоятлари ва Ўрта ер денгизи оролларидан келтириладиган оқ танли эркак-аёл қуллар одатда уй ишлари ва ҳунармандчилик ишларига жалб қилинар эди. Шаҳар бойлари чиройли христиан қизларни ўзларига жорияликка олар, улар она бўлганларидан кейин озод қилардилар. Масалан, Маккадаги Бану Махзум уруғининг бойлари қўл остида юнонистонлик жориялар кўп бўлган. Жоҳилия жамиятида ўзларининг катта боболари Иброҳим алайҳис-салом динини сақлаб қолган бир жамоа кишилар “ҳанифлар” деб аталган. Улар санамларга сиғинмас, балки ягона худога ибодат қилганлар. Ҳанифлар очиқдан-очиқ бутпарастларни танқид қилардилар. Бу танқидлар, табиийки, зодагонларга ёқмас эди. Шунинг учун ҳам улар бир ерда муқим турмай, ўлка бўйлаб кўчиб юришга ва қаландарона ҳаёт кечиришга мажбур бўлдилар. Ушбу тоифа кишилардан Зайд ибн Амр, Варақа ибн Навфал, Убайдуллоҳ ибн Жаҳш, Усмон ибн Ҳувайрис, Қусс ибн Сайидоларни келтириш мумкин.
Download 124.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling