Исомов М. К., ф ф. н., доцент 14-Маъруза: Ислом қадриятлари


Исломда ахлоқий қадриятлар


Download 91.94 Kb.
bet22/28
Sana20.06.2023
Hajmi91.94 Kb.
#1629222
1   ...   18   19   20   21   22   23   24   25   ...   28
Bog'liq
14-маъруза

5.Исломда ахлоқий қадриятлар.

Масалан, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда ота-онага яхшилик қилиш таъкидланган. Бу қадрият савоби улуғ амаллардан ҳисобланади. Шоир таъкидлаганидек, “Отанг билан онанг қалби ўтар Каъба тавофидин, Алар кўнглини шод этсанг бу хизмат ҳам ибодатдир”. Исломдаги беш асоснинг моҳиятига эътибор қаратилса уларнинг барчаси инсоният учун қадрият ҳисобланган эзгуликларга чорлаши маълум бўлади. Масалан, имоннинг энг кичик белгиси йўлдан кишиларга озор берадиган нарсани олиб ташлаш дейилади. Инсонлар учун йўл қуриш ёхуд йўлларни обод қилиш қадриятига имон белгиси сифатида қаралган.

Ислом асослари инсониятни фаҳш ва бузғунчи ишлардан қайтариши қайд этилган. Савоб учун очлик ва ташналикни ирода қилса-ю, ёмонликлардан тийилмаса, бундай машаққатдан ҳеч қандай манфаат йўқлиги, савоб учун улуғ зиёратга борса-ю аммо тилини бузуқ сўзлардан, ўзини фисқу фужур ишлардан тиймаса ҳатто узоқ давом этган сафаридан ҳам фойда бўлмаслиги таъкидланган. Даромадини қирқдан бирини эҳтиёжманд кишиларга бераман деса-ю, бу даромад нопок йўллардан келган бўлса, ёхуд нопок йўлларга сарфланса, савоб қиламан, деб гуноҳ ва жиноятга ботиб кетиши ҳақида огоҳлантирилган. Демак, исломда савоб ва қадрият тушунчалари ўзаро чамбарчас боғланган.

Исломий қадриятлари орасида биринчи ўринда турувчи бу албатта имондир. Имон барча эзгуликлар манбаи, яхшилик ва гўзаллик асоси сифатида қаралади. Мўмин сўзининг маъноси – имонли, имон эгаси деганидир. Ҳалоллик, поклик, ҳаё, вафо, тўғрисўзлик, садоқат сингари барча маънавий фазилатлар имоннинг бўлаклари сифатида талқин этилади. “Имон етмишдан ортиқ бўлаклардан ташкил топган, ҳаё имоннинг бўлагидир” дейилади ҳадиси шарифда.

Ўзини имонли деб ҳисобловчи ҳар бир инсон атрофга фақат эзгулик соғиниши ва кишиларга озор берадиган ишларнинг барчасидан ўзини тийиши лозим. Бу борада авлиёлар авлиёси, мутафаккирлар мутафаккири, шоирлар султони бўлган Алишер Навоий инсониятга ибратдир. Алишер Навоийнинг умрини буюк ишларга бағишлашига сабаб бўлган туйғу комил имон эди. Шунинг учун ҳазрат: “Нақди жон чиққанда имон гавҳарин кўнглимға сол, Айлагил жондин жудо, лек этма имондин жудо” дея муножот қилдилар.

Исломдаги энг муҳим қадриятлардани яна бири ҳалолликдир. Буюк бобокалонимиз Баҳоуддин Нақшбанднинг: “Ибодат ўн қисм бўлса, шундан тўққиз қисми ҳалолликни талаб қилиш, қолган бир қисми бошқа ибодатлардир” деган фикрлари ҳалоллик мақоми қанчалар юксак эканини кўрсатиб беради. Ҳалоллик ҳар томонлама покликни ифодалайди. Шу ўринда яна Навоий ўгитлари ёдга келди. Буюк мутафаккир баркамоллик намунаси бўлган Фарҳодни тавсифлаб, “Демангким, кўзи поку ҳам сўзи пок, дили поку, тили поку ҳам ўзи пок” дейдилар.

Ҳалолликнинг энг муҳим жиҳатларидан бири ўғрилик, порахўрлик, фирибгарлик, давлат мулкини талон-тарож қилиш каби бу кишилар мулкига тажовуз ва хиёнат қилишдан тийилишдир. Ислом таълимотига кўра энг бечора кимса бу ўзгаларнинг шаъни, соғлиги ва мулкига тажовуз қилган киши ҳисобланади. Унинг энг бечора дейилишининг сабаби қилган гуноҳи ва жиноятининг то ўзи зулм қилган кишисининг розилигини олмагунча кечирилмаслигидандир.

Ҳалоллик муҳимлигидан, унга олиб борувчи воситаларнинг барчаси, айниқса, меҳнат қилиш, касбу ҳунар билан шуғулланиш ҳам исломий қадриятлар орасида алоҳида ўрин тутади. Кишилар ҳақига кўз олайтириш, тамаъгирлик, дангасалик муқаддас динимизга қораланади. Ҳадиси шарифда “Инсон ўз қўли билан ишлаб топган луқмасидан ширинроқ неъмат йўқ” экани таъкидланган. Шунинг учун, диёримиздан ўтган буюк аллома ва мутафаккирлар касбу ҳунар билан шуғулланганлар. Масалан, Тошкентнинг Ҳастимом – Ҳазрат Имом даҳасига номи қўйилган Абу Бакр Шоший қаффоллик, яъни қулфсозлик қилганлар. Абу Саъид Харроз косибликни, Абу Ҳафс Ҳаддод темирчиликни касб қилган бўлсалар, Баҳоуддин Нақшбанд матога гул солганлар. Диёримиз мусулмонлари амал қиладиган ҳанафий мазҳаби асосчиси – Имои Аъзам Нўъмон ибн Собит тижорат билан шуғулланганлар ва ҳоказо кўплаб мисолларни келтириш мумкин.


Исломда инсон ҳақи шунчалар улуғвор мақомдаки, банданинг ҳақига хиёнат қилиш Яратганнинг ҳақига хиёнат қилишдан оғирроқ ҳисобланади. Чунки Парвардигор ҳеч нарсага муҳтож эмас, ҳожатлардан пок зот. У ўзининг ҳақини кечиши мумкин. Аммо, бир инсон бошқа инсонга тажовуз қилса, то ўзи зулм қилган кимсанинг розилигини олмагунча гуноҳи кечирилмайди.

Ислом маданияти мусулмон халқлар томонидан яратилган жаҳон тамаддуни (цивилизацияси) хазинасидан муносиб ўрин олган беназир илмий асарлар, санъат намуналари, бетакрор обида ва зиёратгоҳларни, шунингдек, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда зикр этилган, олимлар, фозиллар, мутафаккирлар томонидан жамланган, инсоният маънавияти тараққиётига улкан ҳисса қўшган имон, виждон, диёнат, ҳалоллик, поклик, бағрикенглик, инсонийлик, меҳр-оқибат, ҳалоллик, охиратни ўйлаб яшаш, яхшилик, меҳр-шафқат каби ахлоқий фазилатларни ўзида акс эттиради.

Турли халқлар ва миллатлар ҳаётига исломий қадриятлар кириб борганида дастлаб қаршиликка учраган. Ислом дини ўзининг инсонпарварликка асосланган қадриятлари тизимини тавсия қилар экан, муроса ва келишув йўлидан борган. 

Бугунги замонавий қадриятшунослик фанида миллий қадриятлар кишиларнинг табиий, тарихий ва ижтимоий бирлигини таъминлайдиган этник маконда шаклланади. Ранг-баранг тарзда, турли шаклларда намоён бўлади, кишиларнинг онгига, ҳаёт тарзига ўзига хос тарзда таъсир қилади, дейилади. Шунингдек, миллий қадриятларни кишиларнинг ўзаро муносабатларида, ижтимоий фаолиятларида кўзга ташланиб туришидан ҳамда ана шу муносабат, фаолият, мақсад, эҳтиёж ва интилишлар учун маънавий асосдан билиб олса бўлади.

Ўзбек халқининг миллий қадриятлари ва уларнинг алоқадорлиги ифодаси бўлган қадриятлар тизими, миллатимизнинг тарих силсилалари, замона зайллари, турли ижтимоий ва сиёсий жараёнлар таъсирида шаклланиб келди. Миллий қадриятларимиз миллатнинг келиб чиқиш хусусиятлари ва ҳудудий макони билан боғлиқ ҳолда шаклланди. Қардош халқларнинг ижтимоий тараққиёти эса уларнинг миллий-ҳудудий қадриятлари равнақи билан узвий алоқадорликда давом этди. Шу тариқа миллатимиз ўзига хос ранг-баранг қадриятларни такомиллаштириб бориши натижасида, умуминсоний қадриятларни шакллантириб, унинг қирраларини ривожлантириб борди.

Миллий қадриятлар табиатига кўра, тор доирада тўхтаб қолмайди, балки равнақ топиб, турмуш жараёнида янгиланиб, бошқа халқлар қадриятларининг ютуқлари билан бойиб боради. Аёнки, ҳар бир эл, элат, уруғ ёки халқнинг урф-одатларида ўзига хослик бўлади. Ўзига хос қадриятларни бошқа жойда, бошқача тарзда яшаётган кишиларнинг тарозиси билан ўлчаш ёки бу масалада бошқаларнинг ҳакам бўлиши мақсадга мувофиқ эмас. Умуминсонийлик туйғуси фақат ўз халқи қадриятини ардоқлаш, кўз-кўз қилиш ва бошқалар орасига ёйиш учун интилишга асосланмайди, балки ҳар бир халқ, элат, уруғ қадриятларини қандай ҳолатда бўлса, шундайлигича қабул қилиб, уларни ҳурмат қилишдан бошланади.

Миллий қадриятларимиз ривожида ислом динининг аҳамияти ва ўрни жуда катта бўлиб, у миллий қадриятларимизни бойитди. Айниқса, халқимиз маънавий қадриятларининг такомиллашиб боришида ислом дини келтирган инсонпарвар ғоялар сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Ислом дини келганидан кейин Марказий Осиё халқлари ҳаётида диний қадриятлар тизими янгиланди, заминимиздан кўплаб мутафаккирлар, қомусий олимлар етишиб чиқди. Шунингдек, бу дин ўзининг бунёдкорлик таомилига кўра кўплаб меъморий обидалар, шаҳарларнинг бунёд бўлишига сабабчи бўлди.

Миллий қадриятимизга айланган ислом дини ғоялари ва кўрсатмалари миллатимизнинг табиий-тарихий ривожи, ижтимоий турмуши, яшаш тарзи, ўтмиши, келажаги, маданияти, маънавияти, урф-одатлари, анъаналари, тили, у вужудга келган ҳудуд ва бошқалар билан узвий боғланган. У миллий қадриятларимиз билан хилма-хил шаклларда, бир-бири билан узвий алоқада намоён бўлди, ўзига хос миллий қадриятлар тизимини ташкил қилди. Бу тизимда табиий-тарихий бирликни таъминловчи қадриятлар – ягона эътиқодлилик, қариндошлик, маданий-маънавий яқинлик, ўтмиш ва маънавий мерос, она юрт туйғуси ва бошқалар барқарор ҳисобланади.

Бу борада марҳум Президентимиз Ислом Каримов асарларида қуйидаги фикрни келтирганлар:Бизнинг мусулмончилигимиз, Аллоҳга, динимизга муносабатимиз баъзи миллий қадриятларимизда ҳам яққол кўринадики, ҳар бир мусулмон юртдошимиз уларга беихтиёр риоя қилади”.

Миллий қадриятларимиз таркибидаги баъзи исломий қадриятларимиз кишиларнинг яшаш жойлари, турмуш шароитлари билан боғлиқликда шаклланди. Шу сабабли ҳам минтақамизда бизнинг турмуш тарзимиз, шарт-шароитларимизга мос тарзда шариатнинг ҳанафийлик йўналиши ривожланди.

Халқимизнинг маънавий мероси, анъаналари, урф-одатлари, адабиёти, санъати билан умуминсоний қадриятларнинг миллий даражада намоён бўлиш шакллари исломий қадриятлар билан боғланиб кетган. Улар миллатимизнинг тарихий ривожланиш жараёнида авлоддан авлодга ўтиб келаётган маданий хусусиятлар ва жиҳатларда ўз аксини топади.

Энг муҳими, биз бу ишларни намойиш учун эмас, иймонимиз, эътиқодимиз амри билан адо этамиз, деган биринчи Президентимиз Ислом Каримов. Демак, дин бизнинг қон-қонимизга, онгу шууримизга шу қадар теран сингиб кетганки, уни ҳеч қандай куч, ҳеч ҳандай ташвиқот билан чиқариб бўлмайди.

Айтмоқчиманки, биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзлигимизни йўқотамиз. Хоҳ ёш бўлсин, хоҳ кекса бўлсин, ҳар бир ўзбек нимагаки муносабат билдирмасин, албатта, уни беихтиёр Яратгувчининг амри билан боғлайди” (Ислом Каримов).


Ер юзида яратилган динларнинг барчаси инсониятнинг имон-эътиқодини мустаҳкамлашга, қавмлар, миллатлар, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорликларни яхшилашга, одамларнинг бу оламни, ҳаётни тўлароқ англаб етишга, дунёда яхшиликларнинг, гўзаллик, ободлик, тамаддуннинг барқарор бўлишига ва яня кўплаб қадриятлар улуғланишига хизмат қилиши аниқ. Жумладан, ислом динининг асосий ғоясида ҳам ана шундай юксак қадриятлар, улуғвор мақсадалар ифодасини топган. Шунинг учун ҳам аждодларимиз ҳисобланган улуғ алломалар ислом дини пайдо бўлгандан бошлаб ўз асарларида бу диннинг инсонпарварлик ғояларини очиб беришга, унинг фалсафаси, илмий асосларини тадқиқ этишга, инсон қалбида имон-эътиқодини мустаҳкамлашдаги ролини кўрсатиб беришга, унинг моҳияти, ақидасини тўғри талқин қилишга аҳамият берганлар.
Айтайлик, Имом ад-Доримий, Қаффол Шоший, Маҳмуд Замахшарий исломда тафсир илмини, Имом Бухорий, Имом ат-Термизий ҳадис илмини, Абу Мансур Мотуридий, Абул Муъин ан-Насафий калом илмини, Абу Зайд Дабусий, Бурхониддин Марғиноний фиқҳ илмини, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Абдуҳолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф таълимотини ўз асарлари билан юксак даражага кўтардилар. Ислом фалсафаси ва илм-маърифати ана шундай асарлар туфайли дунё тамаддуни ва маданиятининг ажралмас қисмига айланди. Афсуски, орадан ўтган даврлар ва йиллар, олам ўзгаришлари, ҳаёт нотинчликлари халқимизни аждодларимиз яратиб кетган бебаҳо меросдан, исломий маърифат ҳамда маънавиятдан узоқлаштирди. Шу билан биргаликда ХХ асрдан бошлаб дунёнинг ҳар хил нуқталарида исломни нотўғри талқин қилиш, унинг асл моҳиятини яхши билмаслик, баъзан эса уни айрим гуруҳлар ва кимсаларнинг ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланишга уринишлари оқибатида бу дин ҳақида асоссиз қарашлар, турлича муносабатлар юзага келди.
Бугунги кунда оламдаги ўзгаришлар, ҳаётдаги янгиланишлар бу диннинг асл тарихий қадриятларини тиклашни, унинг маданий ва маънавий қудратини адолат билан ўз ўрнига қўйишни, унга холислик билан баҳо беришни талаб қилмоқда. Бошқача айтганда, эндиликда маърифий исломни ривожлантириш, халқимизнинг миллий-диний қадриятларини тиклаш, буюк аждодларимизнинг яратиб кетган асарларини кенг ўрганиш, улар меросини тарғиб-ташвиқ қилиш давлат сиёсатининг муҳим дастуриламалига айланди. Бу борада мамлакатимиз Президенти томонидан катта ишлар амалга оширилмоқда.
Энг аввало, давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан туриб исломнинг дунё миқёсидаги ўрнига, аждодларимизнинг динимиз ривожига қўшган ҳиссасига юксак баҳо берди. “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш таклифини илгари сурди. Бу нафақат мамлакатимиз ёки ислом оламининг, балки дунё ҳамжамиятининг ҳам эътиборини ўзига жалб этди.
Қолаверса, мамлакатимиз раҳбари кўрсатмалари асосида Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди. Ўзбекистон Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Олий маъҳад ва бошқа исломий таълим муассасалари фаолият олиб бормоқда. Сурхондарё вилоятида Абу Исо ат-Термизий, Қашқадарё вилоятида Абул Муъин ан-Насафий зиёратгоҳлари қайта қурилиб, илмий-тадқиқот марказларига айлантирилиши кўзда тутилмоқда. Бу ишларнинг барчаси юртимизда “Жаҳолатга қарши — маърифат” шиори остида амалга оширилмоқда
Айниқса, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилганлиги мамлакатимиз миқёсида, шу билан биргаликда мусулмон дунёсида катта воқеалардан бири бўлди. Бу марказ ўз бағрига ислом тамаддуни билан боғлиқ жуда кўп моддий ва маънавий бойликларни тўпламоқда. Ҳозирги кунга қадар унга 400 дан ортиқ ноёб қўлёзмалар келтирилди. Аҳоли қўлида сақланаётган нодир қўлёзмалар, ислом олами билан боғлиқ нодир осори-атиқалар йиғилмоқда. Булар орасида энг муҳимлари — аждодларимиз томонидан яратилган дурдона асарлар, қўлёзмалар бўлиши шубҳасиз.
Марказ бу борада хорижий мамлакатлар — Англия, Франция, Туркия, Россия каби ўнлаб давлатлардаги Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Франция ислом маркази, Париждаги Лувр музейи, Туркиядаги илмий-текшириш институтлари, Тўпқопи музейи, Санкт-Петербургдаги Эрмитаж давлат музейи сингари муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатиб, кўплаб меморандумларга имзо чекишган. Бундай ҳамкорликлар марказнинг илмий, маданий манбаларини бойитиш билан бирга халқаро доирада фаолият юритишига ҳам имкон яратади.
Табиийки, Ислом цивилизацияси марказининг кенг қамровли фаолият юритиши учун муҳташам бино қад ростлаши талаб этиларди. Президентимиз таклифига кўра бундай бино Тошкентнинг қадимий ва тарихий масканларидан бири Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида қуриладиган бўлди. Шу йилнинг 15 июнида, яъни Рамазон ҳайитининг биринчи кунида давлатимиз раҳбари марказ қурилиш майдонига ташриф буюриб, иншоот пойдеворига рамзий тамал тошини қўйди. Хайрли иш ана шундай улуғ айём кунларида яхши ниятлар билан бошланди.
Марказ лойиҳага кўра уч қаватли тарзда барпо этилиши режалаштирилган. Марказнинг биноси пештоқи Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасаси пештоқига монанд қилиб қурилади. Пештоқ ортида эса маҳобатли гумбаз қад кўтаради. Бино ичида ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар, конференция зали, хизмат хоналаридан ташқари кутубхона, аждодларимизнинг ислом дини, илм-фани ривожига қўшган ҳиссасини, санъат, таълим, шаҳарсозлик, меъморлик, қоғоз ишлаб чиқариш ва ёзув тарихи соҳасидаги ютуқларини, анъана ва урф-одатларини намойиш этувчи заллар ҳам ўрин олади. Маҳобатли гумбаз остида эса муқаддас Усмон Қуръони жойлаштириладиган ўлчами 1116 квадрат метрдан иборат катта зал барпо этилади.
Умуман олганда, Ислом цивилизацияси марказида ҳам музей ишлари амалга оширилади, ҳам илмий тадқиқотлар олиб борилади. Ватанимиздан етишиб чиққан олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий ва бугунги цивилизациядаги ўрни тадқиқ этилади. Уларнинг илмий-маънавий жасорати, ибратли ҳаёт йўллари бугунги авлодлар учун ёритиб берилади. Бир сўз билан айтганда, марказ ўз бағрида юртимиз ислом тамаддунининг улуғ маскани эканлигини яққол акс эттиради.
Улуғ алломаларимиз асарларида илм-маърифатни инсоният учун ўчмас зиё, мангулик нур, дея эътироф этганлар. Жумладан, Абу Лайс Самарқандий “Танбеҳул-ғофилин” асарида бундай деб ёзади: “Саҳобалардан бири Расули акрам ҳузурига келиб, “Дунёда энг улуғ аъмал нима?” деб савол беради. Пайғамбаримиз унга “Илм” деб жавоб беради. Саҳоба бунга қаноатланмай яна шу саволни такрорлайди. Пайғамбаримиз унга яна “Илм” дея жавоб беради. Шунда саҳоба пайғамбаримизга “Мен аъмал ҳақида сўраяпман, илм ҳақида эмас”, дейди. Пайғамбаримиз “Дунёдаги энг улуғ аъмал илмдир. Бошқа ҳамма аъмаллар давр, вақт синовларига дош беролмай унутилади. Аммо илм унинг яратувчиси бу дунёдан кетганидан кейин ҳам кейинги авлодлар учун хизмат қилиб, мангуга қолади. Илм — мангулик аъмалдир”, дейди”. Илм — мангулик аъмал, улуғвор иш эканлигини ҳаёт неча асрлардан бери исботлаб келмоқда. Зеро, барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази илмнинг тарихий жиҳатдан ҳам, келажак учун ҳам мангуликка дахлдорлиги ифодасидир.


Download 91.94 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   18   19   20   21   22   23   24   25   ...   28




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling