Абу Умома айтадилар: «Расулуллоҳ (с.а.в.): Қайси бир ёш илм ва ибодатда ўсиб кексаяркан, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унга 92 та сиддиқнинг савобини беради», - дедилар».
Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига шундай насиҳат қиладилар: «Эй ўғлим! Илмни ёшлигинда талаб қил! Албатта, кексакликда илм талаб қилмиш қийин бўлади. Эй ўғилчам! Панду насиҳат телбага оғир келганидек, қари кишига ҳам довондан ошиб ўтиш оғирлик қилади».
Демак ёшларни илмга қизиқтириш масъулияти аввало ота-онанинг зиммасида бўлар экан. Шу билан бирга фарзандга касб-ҳунар ҳам ўргатиш лозим. Чунки олган илмини миллат равнақи учун сарф қилар экан, ўрганган касбидан ҳам инсонларга фойдаси тегади, ҳам ўзи учун ҳалол, покиза ризқ топади. Бировга муҳтож бўлмайди.
Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Кишининг ейдиган энг афзал таоми – ўз касби-ҳунари орқали топганидир. Албатта, Аллоҳнинг пайғамбари Довуд (а.с.) ўз қўл меҳнатидан таомланарди» - дедилар.
Яна Расулуллоҳ (с.а.в.): «Гуноҳкорлар ичида шудайлари борки, унга ҳалол ризқ топиш мақсадида чекилган ташвишгина каффорат бўлади» деб марҳамат қилганлар.
Булардан кўриниб турибдики, ёшларнинг тарбиясида, уларни касб – ҳунарли бўлишига ҳам эътибор бериш муҳим вазифалардан экан.
Ёшларни, фарзандаримизни гўдаклик чоғидан, аввало уларга яратган зотни танитмоқлиги ва уларни иймонли, эътиқодли, динига, ватанига хизмат қиладиган комил инсон бўлиб етиши учун ҳар бир ота-она масъулдирлар.
Ҳусни хулқ инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидир. Чунки ҳусни ҳулқ эгасидан доимо яхшилик кутилади: Ўзига, оиласига, жамиятга балки, бутун атроф муҳитга ундан манфаат етади. Жамиятимизнинг эртанги эгалари бўлган ёшлар учун Пайғамбар (с.а.в) нақадар улуғ сўзлар айтиб қолдирганлар. Пайғамбар (с.а.в.) марҳамат қиладилар: «Яъни қиёмат кунида меъзон тарозусида энг оғир келадиган амаллардан бири Аллоҳ таъолодан тақво қилиш ва ҳусни хулқдир».
Яна бир ҳадиси шарифда марҳамат қиладилар: «Эй, умматларим! Сизлар бир-бирингизни ҳеч қачон молу давлат, хайру эҳсонлар билан батамом миннатдор қила олмайсизлар. Бинобарин, очиқ юзлик ва хушхулқлик билан розиликларингизни топишга ҳаракат қилингизлар», - дейилган. (Имоми Баззор ва Байҳақий ривояти.) Фарзандаларга чиройли одоб-ахлоқ ва мусулмончиликни ўргатиш нафл ибодатидан афзал ва савоблироқдир. Чунки фарзандларнинг солиҳ, дурустлиги билан киши қабрида роҳат топади.
Do'stlaringiz bilan baham: |