Иқтисодиётни ривожлантириш учун Ўзбекистонда нима ишлаб чиқарган маъқул?
Download 1.46 Mb.
|
3хошимов иктисодиёти ЯИМ
- Bu sahifa navigatsiya:
- Иқтисодий мураккаблик назарияси
- Дунёнинг технологик харитаси
Иқтисодиётни ривожлантириш учун Ўзбекистонда нима ишлаб чиқарган маъқул? Аксарият ривожланган мамлакатлар жаҳон бозорига чиқарадиган ўз товар ва хизматлари билан машҳурдирлар: Швейцария банк хизматлари, япон автомобиллари, Италия кийим-кечаги, Сингапур молиявий хизматлари. Бошқача қилиб айтганда, муайян мамлакатлар (ёки жамиятлар) муайян товарлар ишлаб чиқаришда ёки хизматларни кўрсатишда бошқаларга нисбатан афзалроқдирлар. XIX бошларида юзага келган нисбий афзалликлар назарияси асосчиси, инглиз иқтисодчиси Дэвид Рикардо сўз юритган халқаро меҳнат тақсимотидаги нисбий ва мутлақ афзалликлар – булар анчайин ҳиссий англашиладиган ва муомалада кўп қўлланиладиган тушунчалардир. Савол туғилиши табиий: мамлакатимизнинг рақобат афзаллиги нимада ва уни ким белгилайди? Бу масалада давлатнинг функцияси нималардан иборат? Бу борада маданий антропологлар жуда қизиқарли изоҳ берадилар. Масалан, автомобиллар ишлаб чиқариш ва гуруч ишлаб чиқариш – бир-бирига ўхшаш жараён. Униси ҳам, буниси ҳам юқори даражада кооперация (жамоада ишлаш, жамоавийлик)ни ва муайян алгоритмни – қоидалар ва ҳаракатлар кетма-кетлигига риоя этишни талаб қилади. “Гуруч назария”сини илгари сурувчи олимлар таъкидлашларича, Шарқий Осиёда автомобилсозлик деҳқонларга автомобиль ишлаб чиқариш ҳам гуруч етиштиришдек гаплигини, фақат кетма-кетлик бошқачароқ қурилганлигини тушунтирганларидан сўнг муваффақиятга эриша бошлаган. Бу тушунтириш қизиқарли кўринса-да, бизнинг рақобат афзаллигимизни маданий антропология ёки тарихий анъаналар призмаси орқали излаш унчалик самарали машғулот эмас. Бунинг сабабларидан бири – “гуруч назария”си Япония ва Корея автомобилларни муваффақиятли ишлаб чиқара бошлаганларидан кейин юзага келганлигидир. Сабаб-оқибат алоқасини инкор қилувчи қарама-қарши мисолларни топиш қийин эмас: умуман гуруч етиштирмаган атомобилсозлик мамлакатларини, гуруч етиштирилса ҳам, автомобиль ишлаб чиқарилмайдиган қатор мамлакатларни санаб ўтиш мумкин. Демак, гап одамлар менталитетида, уларнинг одатларида ёки темпераментларида эмас, балки бошқа нарсада экан. Шу сабабли бу масаланинг муҳокамасини мен социология (менталитет), тарих ёки антропология доирасидан ташқарига олиб чиқиб, замонавий иқтисодий илм-фан қандай жавоб бериши ҳақида сўзламоқчиман. Иқтисодий мураккаблик назарияси Иқтисодиётга математикадаги мураккаб тизимлар назариясидан ўтган мураккаблик конепциясини қўллаган ҳолда, Рикардо Хаусманн (Гарвард университети) ва Сезар Идальго (MIT) иқтисодиётнинг ривожланиши муаммоларига оригинал ёндашувларни таклиф қилади, у ҳам бўлса, иқтисодий мураккаблик назариясидир. Математикада туб тизимлар ҳаракатини олдиндан билиш мумкин бўлган ҳолда, тизимнинг ҳаракатланишини олдиндан билиб бўлмайдиган бўлса, у мураккаб тизим деб номланади. Бу тўлиқ таъриф бўлмаса-да, мураккаб тизимнинг бизга керакли моҳиятини тушуниб олиш учун етарлидир. “Иқтисодий мураккаблик индекси”ни ҳисоблаб чиқишда тадқиқотчилар қуйидаги ғояга таянганлар: мамлакатлар бойлиги ва салоҳияти самарадор билимдан келиб чиқади. Мамлакатлар у ёки бу товар ва хизматларни қандай ишлаб чиқариш ҳақидаги билимлар асосида равнақ топадилар. Мамлакат иқтисодиётига жорий этилган билимларнинг умумий қиймати “иқтисодий мураккаблик” (economic complexity) деб аталувчи омил билан ўлчанади. Тадқиқотчилар мамлакатлардаги жамоавий билимни уларда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар турлари атамаларида ўлчаб кўришди. Фақат бир нечта мамлакат тайёрлай оладиган маҳсулотлар (масалан, юксак технологик тиббий жиҳозлар, реактив двигателлар) ишлаб чиқарадиган мамлакатлар нисбатан соддароқ (пахта, нефть каби) товарлар ишлаб чиқарувчи мамлакатларга қараганда каттароқ жамоавий самарадор билимга эга бўладилар. Иқтисодий бутлик индекси ва мамлакат ЯИМнинг амалдаги салмоқли ва барқарор корреляцияси самарадор билим тўпланиши жараёни билан изоҳланади. Фақат ўта илғор технологияларга ихтисослашувгина барқарор, юқори даражадаги фаровонликка эришиш имконини бериши мумкин. Ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида аҳоли билим захиралари қанчалик кўп бўлса, мамлакат шунчалик кўп маҳсулот ярата олади ва маҳсулот шунчалик мураккаброқ бўлади. Графикда аҳоли жон бошига ЯИМ даражаси ва Иқтисодий мураккаблик индекси ўртасидаги боғлиқлик намоён бўлади. Табиий ресурслар экспортининг улуши 10 фоиздан юқори бўлган мамлакатлар қизил рангда, табиий ресурслар экспорти улуши 10 фоиздан кам бўлган мамлакатлар эса, кўк рангда кўрсатилган. Табиий ресурслар экспорти улуши нисбатан юқори мамлакатлар, уларнинг иқтисодий мураккаблиги даражасидан кутилганига қараганда бадавлатроқдир. Шундай бўлса-да, барибир, мураккаблик даражаси ва ЯИМ бу гуруҳ учун ҳам кучли алоқага эга. “Кўк” мамлакатлар учун индекс вариациянинг 75 фоизини “изоҳлайди” Афтидан, глобаллашув ва коммуникациялар ривожланиши асрида камбағал мамлакатлар ривожланган мамлакатлар технологияларидан нусха олишлари етарли, мана шу – тараққиётга етиб олиш стратегияси демакдир! Бироқ, ушбу тадқиқотлар муаллифлари келтиришича, юзаки таълимни (муаллифлар уни “эксплицит” билим дейдилар) таклиф этишнинг ўзи етарли эмас. Самарадор билимлар ноаниқ (имплицит) қисмга ҳам эга. Имплицит билимни ўргатиш қийинроқ, у бировга ўргатилиши оғир билим концепциясига эга. Буларга технолог кўникмалари, менежерларнинг бизнес юритиш тажрибалари ва ҳатто бош ошпазнинг интуицияси ҳам киради. Шу сабабли мамлакатлар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилган маҳсулотлардан ўхшаш қобилият ва билимлар талаб қиладиган бошқа маҳсулотларга ўтиш ҳисобига қобилиятларини кенгайтириш тенденциясига эгалар. Содда қилиб айтганда, агар мамлакатда мобил телефонлар учун микросхемалар ишлаб чиқарувчи кўплаб компаниялар бўлса, планшетлар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган компаниянинг юзага келиши эҳтимоли катта бўлади. Аксинча, агар мамлакатда бирор товар умуман ишлаб чиқарилмаса, мамлакат уларни ишлаб чиқара бошлаши иконияти кам. Малакали инсонлар, ресурслар, қувватлар етишмайди. Шу тариқа, иқтисодий мураккаблик индекси (ECI) мураккаб иқтисодий тузилмага эга (энг кўп диверсификацияланган товар ва хизматлар ишлаб чиқарадиган) мамлакатлар, одатда, энг бадавлат мамлакатлар бўлади (фақат нефть қазиб чиқарувчи мамлакатлар бундан мустасно). Москвадаги “Сколково” бошқарув мактаби ректори Марат Атнашев иқтисодиёт тузилмаси ва скраббл (“сўзни топ”) ўйини тузилмасида қизиқ ўхшашликни кўради: “Иқтисодий мураккаблик назариясида иқтисодиёт – бу глобал скраббл ўйини, унда технологиялар – ҳарфлар, товарлар эса, сўз вазифасини бажаради. Ҳарфларингиз қанча кўп бўлса, шунча кўп кўз туза оласиз. Агар сиз камбағал, қолоқ мамлакат бўлсангиз, ҳатто энг янги технологияларни ўзлаштириш ҳам нисбатан кам ишлаб чиқариш имкониятларини беради. Ривожланган иқтисодиётда янги технология бир вақтнинг ўзида кўплаб ёндош тармоқларда мультипликатив самарани беради”.
Хаусманн қаламига мансуб бу мавзудаги илк нашрлардан бири жаҳон технологик макони (product space) харитасини ишлаб чиқиш бўлган. Мураккаб алоқалар (network science) назарияси асосида бу харита турли маҳсулотлар ўртасидаги технологик алоқани намойиш этади. Глобал технологик макон харитаси мана шундай кўринади: Картадаги ҳар бир ранг иқтисодиётнинг турли тармоқларини англатади: енгил саноат (яшил), қишлоқ хўжалиги (сариқ), машинасозлик (кўк), электроника (фируза), кимё ва фармацевтика (бинафшаранг). Ўнгдан чапга ва четдан марказга қараб маҳсулотларнинг мураккаблиги изчил орта боради. Доира ўлчами – бу мазкур маҳсулотнинг халқаро бозордаги савдо ҳажми. Маҳсулотларни боғловчи чизиқлар узунлиги бир технология мавжудлигида бошқасини ўзлаштириш қанчалик осонлигини кўрсатади. Ўз-ўзидан тушунарлики, картошка етиштириш ва автомобиль ишлаб чиқаришни боғловчи чизиқ планшет ва смартфонларни боғлаган чизиқдан узунроқ бўлади. Асосий кластерлар марказидаги кучли мавқе қўшни технологияларни тез ўзлаштириш имконини беради. Технологик макондаги ҳолат иқтисодиёт амалда эриша оладиган технологиялар доирасини белгилайди ва, шу тариқа, иқтисодиётнинг ўсиш салоҳиятини намоён этади. Фақат чекка технологик ҳудудларда мавжуд бўлиш иқтисодий ривожланишни секинлаштиради. Масалан, технологик маконда Япония ва Германиянинг ривожланган иқтисодиётлари (ECI = 2.46 ва ECI = 2.15, мураккаблик бўйича дунёдаги биринчи ва учинчи иқтисодиёт) ва енгил саноатга таянувчи Камбоджа иқтисодиёти (ECI = -0,69, рейтингда 89- ўрин) мана бундай кўринишга эга. Япония Германия
Камбоджа
Download 1.46 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling