Мулкчилик шаклларига кўра давлат, корпоратив, хусусий, аралаш ва қўшма корхоналар, шунингдек, жамоат ташкилотлари балансларига бўлинади.
Акс эттириш объектига кўра баланслар мустақил ва алоҳида балансга ажратилади. Мустақил балансни ҳуқуқий шахс бўлган корхоналар тузади. Алоҳида балансни корхонанинг таркибий бўлинмалари (филиаллар, цехлар, корхонанинг автотранспорт ва турар жой-коммунал хўжаликлари ва шу кабилар) тузади.
Тозалаш усулига кўра - баланслар баланс-брутто ва баланс-неттога ажратилади.
Баланс-брутто - тартибга солувчи моддаларни ўз ичига олувчи балансдир. Асосий воситаларнинг ҳақиқий қийматини (таннархи ёки қолдиқ қийматини) аниқлашда қилинадиган сўммалар, бошқа моддалар миқдоридаги сўммалардан чегириладиган моддалар тартибга солувчи моддалар дейилади. Масалан, асосий воситалар қолдиқ қийматини аниқлаш учун «Асосий воситалар» сўммасидан «Асосий воситаларнинг эскириши» сўммаси чегирилади. Баланс-бруттода тартибга солувчи моддалар сўммаси баланс якуни қийматига киритилади.
Баланс-неттода - баланснинг умумий қийматидан тартибга солувчи моддалар сўммаси чегирилади. Бу жараён балансни «тозалаш» дейилади. Ўзбекистондаги барча корхоналар ҳозирги пайтда баланс-нетто тузмоқда, яъни баланс якунига: асосий воситалар, ярзон ва тез эскирувчан буюмлар қолдиқ қиймати, қайта сотиладиган товарлар эса таннархи бўйича киритилмоқда.
Бухгалтерия балансига қўйиладиган асосий талаблар: тўғрилик, реаллик, яхлитлик, изчиллик ва тушунарлиликдир.
Баланснинг тўғрилиги унинг тузиш жараёнида асос қилиб олинган ҳужжатларнинг тўлалиги ва сифати билан таъминланади. Агар ҳисобот даврида хўжалик фаолиятининг барча фактлари ўз вақтида ҳужжатли расмийлаштирилмаган ёки нотўғри расмийлаштирилган бўлса, унда баланс корхона ишининг ҳуқуқий якунини акс эттирмайди. Бухгалтерия балансининг ҳар бир моддаси ҳужжатлар, бухгалтерия ҳисоби рақамларидаги ёзувлар, бухгалтерия ҳисоб-китоблари билан тасдиқланган бўлиши керак. Бухгалтерия баланси маълумотларини қасддан бузиш ниқоблаш дейилади. Балансни ниқоблаш қонунларининг бузулганлигини яшириш ёки корхона фаолиятининг айрим томонларини бўрттириб кўрсатиш мақсадида тузилган баланс бўлиб ҳисобланади. Буни айрим ҳолларда амалдаги қоидалардан бехабарлик оқибатида билмасдан қилиши ҳам мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |