2-модда. Жиноят-процессуал қонун ҳужжатларининг вазифалари
Жиноят-процессуал қонун ҳужжатларининг вазифалари жиноятларни тез ва тўла очишдан, жиноят содир этган ҳар бир шахсга адолатли жазо берилиши ҳамда айби бўлмаган ҳеч бир шахс жавобгарликка тортилмаслиги ва ҳукм қилинмаслиги учун айбдорларни фош этишдан ҳамда қонуннинг тўғри татбиқ этилишини таъминлашдан иборатдир.
Жиноят ишларини юритишнинг жиноят-процессуал қонунларда белгиланган тартиби қонунийликни мустаҳкамлашга, жиноятларнинг олдини олишга, шахс, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя этишга ёрдам қилмоғи лозим.
1. Жиноят-процессуал қонун ҳужжатларининг ягона вазифаси конунни, хусусан Жиноят кодексини тўғри татбиқ этилишини таъминлашдан иборат. Қонунни тўғри татбиқ этиш дейилганда, аввало, қонунбузарлик ҳамда қонунга риоя қилмаслик ҳолларини тез ва тўла очиш, ҳар қандай қонунбузарнинг жавобгарликка тортилиши муқаррарлигини таъминлаш тушунилади. Ҳар бир жиноят содир этган шахс, у ўз қилмишини яширишга қанчалик уринмасин, фош этилишига, айни вақтда, айби бўлмаган ҳеч бир шахс ноҳақ жавобгарликка тортилмаслигига эришиш - одил судловнинг туб кафолатидир.
2. Ҳар бир жиноят, у қанчалик яширин содир этилган бўлмасин, тез ва тўла очилиши лозим. Жиноят процессуал қонунига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари доимо сезгирлик билан жиноий воқеликларни аниқлаши, уларни "излар совимай" очиши, жиноят содир этишга имкон берган ҳолатларни аниқлаши, жиноятнинг барча иштирокчилари, айниқса ташкилотчилари, далолатчилари, бевосита ижрочиларини аниқлаши муҳим аҳамият касб этади. Жиноят қанча тез ва тўла очилса, инсон, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоялаш вазифаси шунча самарали бажарилади.
3. Ишнинг барча ҳолатларини аниқлаш юз берган воқеани, ҳақиқатни аниқлашдан иборат. Бўлиб ўтган ҳолатларга тўғри баҳо бериш ҳақиқатнинг туб мазмунини билишга имкон беради. Ҳақиқатни билмай жиноят процессуал қонун ҳужжатларини татбиқ этиш ва унинг вазифаларини бажаришга эришиб бўлмайди.
4. Жиноят-процессуал қонун талабларини бажариш бевосита ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суднинг зиммасидадир. Бу талабларни амалга оширишдан давлат, жамият ва ҳар бир инсон манфаатдор. Унга боғлиқ амалий ишларни мувофиқлаштириб бориш, барча имкониятлардан, фан ва техника ютуқларидан, жамоатчилик кучи, заковати ва маънавий таъсиридан оқилона фойдаланиш ташкилий ҳамжиҳатликни талаб қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |