4-модда. Жиноят-процессуал қонун ҳужжатларининг
ажнабий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган
шахсларга нисбатан амал қилиши
Ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишларни юритиш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ушбу Кодексга мувофиқ олиб борилади.
Иммунитетга эга бўлган шахсларга нисбатан ушбу Кодекс Ўзбекистон Республикаси иштирок этадиган халқаро шартномалар ва битимларга зид келмайдиган ҳолларда қўлланилади.
1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноят ишлари ушбу Кодекс талаблари асосида юритилади. Жиноятни содир этишда гумон остига олинган шахс, айбланувчи, судланувчи ажнабий давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган ҳолларда ҳам, Кодекс назарда тутган қоидалар қўлланади.
2. Ажнабий мамлакат фуқаролари ва ажнабий мамлакатда доимий истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида унинг қонунларида кўрсатилган ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва қонуний мажбуриятларни бажарадилар. Бироқ Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар билан тузган шартнома ва битимлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси тан олган ва ратификация этган халқаро ҳужжатлар устувор ҳисобланади.
3. Иммунитет (лотинча immunitatis) халос бўлиш демакдир. Ҳуқуқ соҳасида иммунитет фақат қонун ҳужжати асосида берилади ва шахснинг ёки муассаса, ташкилотнинг муайян ваколатлари тўсиқсиз амалга оширилишини таъминлаш зарурлиги боис алоҳида ҳуқуқлари, ҳуқуқий афзалликлари, имтиёзлари, устуворлиги борлигини ёхуд бирор турдаги мажбуриятдан халослиги, таъсир чорасидан ташқаридалиги, дахлсизлигини англатади. Ҳар қандай жисмоний шахс, шунингдек, ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаганлар Ўзбекистон Республикасининг қонунларига, шу жумладан Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларининг талабларига риоя қилишлари шарт. Аммо, улар бу мажбуриятларга нисбатан иммунитетга эга, яъни бундай мажбуриятдан халос этилган бўлишлари мумкин. Ушбу модда ана шундай иммунитетга эга бўлган ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тааллуқли. Ўзбекистон Республикаси фуқароларига бериладиган жиноят-процессуал иммунитетлар ушбу Кодекснинг 5-моддасида баён қилинган.
4 Мазкур Кодексда белгиланган ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тегиш алоҳида қоидалар БМТ 1946 йил 13 февралда тасдиқлаган “Имтиёзлар ва иммунитетлар тўғрисида конвенция” ҳамда 2001 йил 8 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик вакилликлар ва консуллик муассасалари тўғрисида низом” асосида белгиланган. Баъзи давлатлар билан Ўзбекистон Республикасининг ташқи битимлари мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси ЖПК 5-10, 165, 217-моддалари ва бошқа қонун ҳужжатларига биноан дипломатик элчихона, ваколатхона, консуллик муассасаси, баъзи халқаро ташкилотларнинг биноларида тергов ҳаракатлари ва тезкор-қидирув тадбирлари фақат шу идораларнинг раҳбарлари илтимос қилганда ёхуд уларнинг розилиги билан ўтказилишига йўл қўйилади. Бу идораларнинг бинолари, мулклари, транспорт алоқа воситалари ва ҳужжатларига нисбатан иммунитет қоидалари қўлланади. Уларнинг раҳбарлари, маъмурий-техникавий ҳамда кўмакчи ходимлари ҳам давлат ўртасида келишувга кўра шахсий иммунитетидан фойдаланадилар. Улар шунингдек, уларнинг оила аъзолари ва биргаликда истиқомат қилаётган шахсларга ҳам ўзаро келишувга биноан иммунитет қоидалари қўлланилиши, мулки, ҳужжати, хат-ёзишмалари текширилмаслиги назарда тутилиши мумкин. Уларни гувоҳ сифатида сўроқ қилишга чақириш, ушлаш туриш ёхуд бошқа процессуал таъсир чоралари қўллаш масалалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилмасдан.
5. Ажнабий мамлакат ва халқаро ташкилотларнинг дахлсизлик иммунитетига эга бўлган шахслари, шу жумладан, иммунитетга эга ходимларини жиноий жавобгарликка тортиш, кўрсатув бериш учун чақириш ва тергов-суд ҳаракатларига жалб қилиш фақат дипломатик йўл билан ҳал қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |