34-САВОЛ ЖИНОЯТЛАРНИ ТАСНИФЛАШ АСОСИГА
КИРУВЧИ МЕЗОНЛАРНИ БАЁН ЭТИНГ.
ЖК 15–моддасига кўра, жиноятлар ўзининг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра таснифланади. Жиноятнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти тажовуз объекти (инсон ҳаёти, соғлиғи, мулк, жамоат хавфсизлиги), айб шаклига (қасд, эҳтиётсизлик) қараб белгиланади. Жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси қилмиш содир этилиши ҳолатлари (жиноий ниятнинг амалга оширилганлик даражаси ва босқичлари, жиноятни содир этиш усули, зарар миқдори ва келиб чиққан оқибатлар оғирлиги, иштирокчиликда содир этилган жиноятда судланувчининг роли) билан белгиланади. Жиноятларни таснифлаш - жазо тайинлаш, жиноий жавобгарликдан озод қилиш, жазодан озод қилишда эътиборга олинади.
ЖК 15-моддасида жиноятларнинг қуйидагича таснифланган:
- ижтимоий хавфи катта бўлмаган;
- унча оғир бўлмаган;
- оғир;
- ўта оғир жиноятлар.
35-савол
Жиноий қилмишни бошқа ҳуқуқбузарликлардан фарқини муҳокама қилинг.
Жиноят ва жиноий бўлмаган ҳуқуқбузарликни фарқлаш уч асосий белгига кўра амалга оширилади:
1) обекти;
2) ижтимоий хавфлилик даражаси ва хусусияти;
3) ғайриҳуқуқийлик кўриниши.
Жиноятларнинг умумий обекти маъмурий, интизомий ва фуқаровий ҳуқуқбузарликларининг объектларидан кенгроқ ижтимоий манфаатларни қамраб олади. Жиноятнинг умумий объектига шундай ижтимоий манфаатлар кирадики, уларга тажовуз қилиш фақат жиноят қонуни билан тартибга солинади.
Жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва хусусияти муайян ижтимоий хавфга эга ножўя хатти-ҳаракатларга нисбатан ижтимоий зарарига кўра кўпроқ фарқланади. Бу жиноятни ножўя хатти-ҳаракатдан фарқлашнинг асосий мезонидир. Жиноят бошқа шундай шароитларда доимо катта зарар келтирадиган айби хавфли, мотиви ўзгармас, усули ғайриижтимоий бўлган ғоят қўпол ҳаракат ёки ҳаракатсизликдир.
Шунга қарамасдан, жиноятни бошқа ҳуқуқбузарликдан фарқловчи асосий белги қонун билан тақиқланган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ҳисобланади. Маъмурий, интизомий ва фуқаровий ҳуқуқбузарликлар ижтимоий муносабатлар тартибига ва ҳуқуқий тартиботга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам у муайян ижтимоий хавфлилик даражасига эга.
Учинчи фарқланувчи аломат ғайриҳуқуқийлик тури ва у билан боғлиқ бўлган санкциянинг хусусиятидир. Уни содир этганлик учун жавобгарлик жиноят қонунида кўзда тутилган. Жиноят қонунида кўзда тутилмаган қилмишлар жиноий жазога тортилмайди.
Маъмурий, интизомий, фуқаровий-ҳуқуқий санкциялар енгилроқ бўлиб, жиноий-ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |