Жой номларининг айрим лингвогеографик хусусиятлари ҳАҚида
Download 135.5 Kb.
|
Хакимов К, Адилова О, Каримов И, Холмуродов Ш.
- Bu sahifa navigatsiya:
- Ишнинг мақсади ва вазифалари
- Асосий қисм
Мавзунинг ўрганилганлиги: Ҳозиргача жой номларининг лингвогеографик хусусиятлари ва уларнинг муаммолари географ мутахассислар томонидан нисбатан кам ўрганилган. Бинобарин, топонимларнинг лингвогеографик хусусиятларини аниқ бир минтақа ёки ҳудудий-маъмурий бирлик доирасида ўрганиш ва мавжуд топонимик қонуниятларини аниқлаш муҳим назарий ҳамда амалий аҳамиятга эга. Бу ҳолат эса ўрганилаётган мавзуни долзарблигини белгилайди. Мазкур тадқиқот ишида топонимист олимлар Ҳ.Ҳасанов, А.В.Суперанская, Н.Г.Маллицкий, А.Л.Хромов, С.Қораев, Т.Нафасов, З.Дўсимов, М.Миракмалов илмий ишларидан фойдаланилди.
Ишнинг мақсади ва вазифалари: Тадқиқот ишининг асосий мақсади жой номларининг айрим лингвогеографик хусусиятлари ҳамда географик номнинг асосий вазифаси ва бош мақсадидан келиб чиқиб, жой ва номнинг ўзаро алоқадорлик масалалари ҳамда номлар таркибидаги топоформантларнинг минтақавий тафовутларини ўрганишдан иборат. Тадқиқот давомида қуйидаги вазифаларни бажариш назарда тутилган: 1) жой номи ва унинг таркибий қисмларининг топонимик таҳлили; 2) жой номлари ясашга ихтисослашган топоформантлар ва уларнинг фарқловчи хусусиятларини ўрганиш; 3) аппелятивлар ва атоқли отлар негизида шаклланган ойконимлар тадқиқи; 4) соҳага оид илғор илмий ғояларни тарғиб қилиш. Асосий қисм: Ҳар қандай географик ном - бу дунёни англаш маҳсули, унда муайян бир ҳудуддаги кишиларнинг кундалик ҳаёти, турмуш тарзи, маданияти, урф-одатлари ўз ифодасини топган. Бинобарин, ижтимоий зарурат маҳсули бўлган номлар инсониятни географик муҳитдаги объектив ҳодиса-воқеаларни қанчалик англаб олиш жараёнини ўзида акс этади. Бу жараён албатта, кишиларни ижтимоий ҳаёти, миллий ва маънавий қадриятлари, маҳаллий аҳолини этник таркиби, миграцияси, тил тарихи ҳамда уларни ўраб турган табиий-географик муҳит билан чамбарчас боғлиқ. Топонимика фанининг таниқли назариётчиси А.В.Суперанская бу ҳақда шундай ёзган: «географик номларни топонимия сўзи билан ифодалаб, уларни бошқа атоқли отлар билан масалан, антропонимия, этнонимия, зоонимия ва ҳоказо билан яқинлигини (уйқашлигини) таъкидлаймиз. Географик номлар бағоят ҳаётчан, узоқ умр кўради. Улар нафақат пайдо бўлган ҳудудда, балки ўша тилнинг тарқалиш ареалидан ҳам ташқарига чиқиб, бошқа тилларга ўзлашиб, жойнинг маҳаллий географик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ҳам мазмунан ҳам талаффузда ўзгариши мумкин». [4] Географик номларнинг тўғри ёзилиши жуда муҳим ва мураккаб масала. Муҳимлиги шундаки, географик номдаги бирор ҳарф нотўғри ёзилиб қолса, фонетик ўзгаришлар оқибатида бутунлай бошқа маъноли топонимга айланиб кетиши мумкин. Жой номларни тўғри ёзиш масаласининг мураккаблиги шундаки, улар турли тилларда яратилган бўлиб, аслида ўша тиллар қоидаларига мувофиқ ёзилади. Бошқа тилларга ўтганда талаффузида ҳам, ёзилишида ҳам ўзгаришлар содир бўлиши мумкин. Хоразм топонимиясини ўрганган З.Дўсимов ёзишича: «топонимлар таркибидаги барча қўшимчалар тўғрисида бир хил фикр айтиб бўлмайди. Ўзбек тилида «-обод», «-истон», «-кент (канд, кат)» типидаги қўшимчалар борки, улар доимо жой номлари ясайди. Шунинг учун бундай қўшимчаларни топоним ясовчи аффикслар (топоаффикслар) дейиш ўринлидир». [5] Миллий топонимияда «-лар» аффикси кўплаб жой номлари яратишга ихтисослашган топоформант ҳисобланади. У номаълум кўпликни, ҳурматни, бирон фикрни таъкидлашни, мавҳум тушунчани конкретлашиши, умумийликни, такрорни билдиради ва сўз маъносига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. [6] Масалан, Арнасой тумани маркази Ғолиблар шаҳарчаси деб номланади. Топоним араб тилидан ўзлашган “ғолиб” сўзига асосланган. Ғолиб - сўзини «ғалаба қозонган», «зафар топган» деган маъноси бор. Жиззах чўлини ўзлаштиришда катта муваффақиятларга эришган, асрлар давомида қақраб ётган чўлни боғу-бўстонга айлантиришда ғалабаларга эришган, забардаст чўлқувар инсонлар шарафига шундай аталган. Профессор С.Қораев «-лар» аффикси ёрдамида топонимларнинг юзага келиши кейинги 200-300 йил - кўчманчи халқларнинг ўтроқлашиши билан боғлиқ деб ҳисоблайди ва буни уларнинг кўпчилиги этноним эканлиги билан асослайди. Олим томонидан -лар аффикси фақат кишилар билан боғлиқ бўлган топонимлар ясаши (араблар, беклар, бойлар, заргарлар, хўжалар ва ҳоказо) ва «-лар» даги бу хусусият барча туркий халқларга хослиги аниқланган. [7] Масалан, Шароф Рашидов туманидаги Беклар қишлоғининг номига этноним асос бўлганлигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Бошқа олим Б.Ўринбоев уни изоҳлаб шундай ёзган: «Ўзбек халқи таркибига кирган қўнғирот қабиласининг ойинни бўлимининг бир уруғи беклар деб аталади. Манғитларнинг оқманғит уруғи таркибида ҳам, миришкорларнинг ҳам беглар деган тўпи бор». [8] Асосий илмий ва ишончли манбалардан бири бўлган Ўзбекистон миллий энциклопедиясида бек сўзига қуйидагича таъриф берилган: «қадимий туркий халқларда хон хизматидаги алоҳида ҳарбий қисм вакиллари. Улар катта имтиёзларга эга бўлиб, олий ҳарбий зодагонлар табақасини ташкил қилган». [9] Шундай қилиб, беклар сўзи этнонимдан ойконимга айланганлиги ўз исботини топган. Турколог К.Мусаевнинг аниқлашича, «туркий топонимик ареалларда «-ли» ва «-лик» қўшимчалари бошқа аффиксларга нисбатан фаолроқ топонимлар ҳосил қилади». [10] Олимнинг аниқлашича, «-ли» қўшимчаси алоҳида лексик маъно касб этмаса ҳам, аммо формантлар билан қўшилиб шу объектнинг борлиги ва кўплигига ишора тариқасида жой номлари ясашга ихтисослашган. Бу тур жой номларига Мўлали, Тепали (Фориш тумани), Олмали, Тутли (Ғаллаорол тумани), Тангили (Бахмал тумани), Толли, Ўрикли (Зомин тумани) каби ойконимлар мисол бўлади. Бахмал тумани ҳудудидан ўтган Туятортар канали буйида Аламли номли қишлоқ жойлашган. Табиийки, қишлоқ номининг келиб чиқиш тарихи кўпгина олимларни қизиқтирган. Жумладан, Ҳ.Ҳасанов мазкур ном билан боғлиқ қуйидаги ривоятни келтирган, «гўё аҳоли йиғилиб, Абдуллахоннинг ёш, севикли ўғлига Туятортар ариғини қазишдаги оғир зулмдан арз қилишган. Боланинг уларга раҳми келиб, хонга бориб: «Бу машаққатнинг сўнги борми, ариғингни тўхтат» деганида, ғазабланган хон болани ўша жойда сўйдирган. Халқ бунинг аламига хотира деб қишлоқни шундай атаган». [11] Номшунос олим С.Қораев «алам» сўзига бошқача таъриф берган: алам (арабча) - азиз-авлиёларнинг қадам жойларида ўсган дарахтларнинг шох-шаббаларига ёки шаҳид бўлган кишиларнинг мозорига қоқилган таёқларга осилган латта-путталар. Маъноси (арабчадан) «байроқ» демак. Алам, Аламдор, Аламли деган жой номлари «азиз авлиёлар мозори» ёки «шаҳид бўлган киши кўмилган жой» деган маънони билдиради. Канал нима учун Туятортар номини олганлиги тўғрисида ҳам кўпгина ривоятлар мавжуд. Масалан, Жанубий Ўзбекистон топонимиясининг ўрганган Тўра Нафасов Қашқадарё вилоятининг Косон тумани ҳудудида ҳам Туятортар ариғи борлигини ёзиб, номни қуйидагича таърифлаган: «ариққа сув дарёдан чиғир орқали чиқарилган. Чиғир эса туя орқали ҳаракатга келтирилиб, айлантирилган. Чиғирга ўрнатилган сув идишлари анча йирик бўлган, шунинг учун у катта куч билан айлантирилган. Чиғир ҳаракати туя кучи билан амалга оширилганлиги туфайли шундай аталган». [12] Ўрта Осиё, жумладан Ўзбекистонда қадимдан тут, хусусан унинг балхи нави мевали дарахт сифатида парвариш қилинган. Шунинг учун ушбу мевали дарахт номи билан боғлиқ бўлган бир қатор номлар пайдо бўлган. Масалан, Жиззах вилояти ҳудудида: Қўштут, Яккатут, Ёнбоштут, Тутак, Тутли номли аҳоли пунктлари мавжуд. Мутахассисларнинг аниқлашича: «Рус тилининг этимологик луғатини яратган Н.В.Горяев ва А.Г.Преображенский тут сўзини арабча, деб ҳисоблашган. Бошқа олимлар, Э.Бернекер оромей тилига, Х.Петерссон, О.Шредер санскрит тилига мансуб деб қараганлар. Олимларнинг фикрича, тут сўзи санскрит тилидан форс тилига, ундан туркий, рус, арман ва бошқа тилларга ўтган. Ҳозирда барча туркий ва эроний тилларда тут сўзи мавжуд, у маданий дарахт, ипак қурти боқиш учун озуқа манбаи сифатида Шарқ мамалакатлари халқларига милоддан аввал маълум бўлган ва улар тилида бир хил товуш тузилишида қўлланилган. Тутли - тут дарахти ўсган жой, тутзор». Ўрганилаётган ҳудудда «-ли» аффикси ёрдамида этноойконимлар ҳосил қилган қабила, уруғ ва бошқа этник гуруҳ вакиллари номларини ҳам шу қаторга киритиш мумкин. Масалан, Баймоқли, Бағанали, Ойтамғали, Сўлоқли, Туёқли, Тароқли, Чўмичли, Чапарашли, Эрганакли ва бошқалар. Жиззах вилояти ҳудудида «-лик» қўшимчаси билан манзил-маконни англатувчи ойконимлар кўп учрайди. Уларга Заргарлик, Қассоблик, Оққўрғонлик, Яхтанлик, Ўратепалик каби шаҳар маҳаллалари номлари мисол бўлади. Жиззах шаҳридаги Ўратепалик маҳалласи номига Ўратепа (ҳозир Истаравшан шаҳри, Тожикистон Республикаси Суғд вилояти) ва унинг атрофидан кўчиб келиб шу жойда муқим яшаб қолган аҳоли сабаб бўлган. Тарихий манбаларга кўра, маҳалла халқи Жиззахга 250-300 йил муқаддам кўчиб келишган. Кўпликни ифода этувчи, «-он», «ён» қўшимчаси ҳам минтақа топонимлари таркибида иштирок этади. С.Қораевнинг аниқлашича, улар маълум миллатга мансубликни (Арабон, Қирғизон, Қазоқон), этник гуруҳга тегишлиликни (Қитоён, Туркон, Қарлуқон), маълум бир мансабга дахлдорликни (Мирзоён, Хожагон, Тархонон), у ёки бу касбга алоқадорликни (Оҳангарон, Сўзангарон, Саррофон), динга оидликни (Будпарастон, Насрониён, Муғон) билдиради. [13] Ҳақиқатдан ҳам, «-он», «-и» қўшимчаси маълум бир этник гуруҳни ифода этишини аниқлаш мақсадида қуйидаги мисолга мурожаат қиламиз. Фориш туманида Қорахон номли этноойконим бор. Мазкур қишлоқ аҳолиси ўзларини Авлиё ота номи билан машҳур бўлган Қорахон авлиёнинг авлодлари деб ҳисоблашади. Авлиёнинг мозори Қозоғистон Республикасининг Тараз шаҳрида жойлашган ва ушбу шаҳар 1936 йилгача Авлиёота деб аталганлиги ҳам маълум. Бошқа номшунос олим Тўра Нафасов ҳам бу этноним ҳақида қуйидаги фикрни билдирган: «қорахони - қадимий туркий халқ. Аслида қорахонийлар давлати 927-1212 йилларда Шарқий Туркистонда ташкил бўлиб, сўнг Аму-Сир оралиғидаги ўлкаларни ҳам ўзига бўйсундирган турк давлатининг бошлиғи, асл исми Абдукарим Сотуқ Буғрохон бўлган. 996-999 йилларда Мовароуннаҳрни ўзига тобе этган. Шу сулола билан боғлиқ ҳудудий ва сиёсий-ижтимоий гуруҳ қорахон-қорахони деб аталган. Кейинчалик улар қадимий ўтроқ туркий халқларга қўшилиб, сингиб кетган. Уларни қорахонийлар даври (X-XII асрлар) уруғ-қабилаларининг авлод-аждодлари намунаси дейиш мумкин». Жой номлари таркибидаги «-ча», «-и», «-лар» каби топоним ясовчи аффикслар Т.Нафасов томонидан Қашқадарё вилояти топонимияси мисолида ўрганилган. [14] Бу аффиксларни топоформантларга қўшилиб топонимлар ясашини Жиззах вилояти мисолида ҳам таҳлил қилиш мумкин. Масалан, Зомин туманида Қудуқча номли қишлоқ бор. Қишлоқ жойлашган ҳудудда оқар сув камлигидан маҳаллий халқ кўпинча қудуқдан сув ичишади. Мутахассисларнинг ёзишича, кудуқча «кичкина қудуқ» деган маънони бермайди, балки қудуқли қишлоқ (жой) демакдир. Дарҳақиқат, бу қишлоқда қудуқлар сони кўп. Бошқа олим Б.Ўринбоев қишлоқ номини этноним ҳисоблаб шундай ёзган эди: «ўзларини миришкор деб атовчи уруғларнинг бир тармоғи номи қудуқ деб аталган». Топоним ясовчи «-от», аффикси икки хил йўл билан пайдо бўлган: бири арабча бўлса, иккинчиси суғдийчадир. Бундан ташқари, «-т» аффикси қадимги туркий тилларда ва мўғул тилида ҳам кўплик маъносини ифодалайди. Топоаффикс сифатида -ак қўшимчаси топоформатлар ёрдамида Жиззах вилояти ҳудудида, кўплаб жой номлари ҳосил қилган ва географик объектни кичиклигига ишорадир. Масалан, Жиззах номининг ҳам асл шакли Дизак бўлган ва у қадимий суғд тилида “кичик қалъа” маъносини ифодалайди. Фориш туманидаги Кочак, Фаштак, Фўжак каби жой номлари ҳам -ак қўшимчаси ёрдамида яратилган. Мутахассисларнинг ёзишича, «-ак» аффикси суғд тилининг маҳсули бўлиб, Жиззах вилояти топонимиясининг энг қадимий лексик қатламларидан бирини ташкил этади. Суғдий номлар ўрганилаётган минтақанинг тоғли (Янгиобод, Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Фориш туманлари) ҳудудларида кўпроқ учрайди. Сабаби, ушбу ҳудудлар илк ўрта асрларда Уструшона тарихий ўлкаси таркибига кирган. Яғноб топонимиясини чуқур ўрганган рус олими А.Л.Хромов, «кўпинча «-ак» аффикси асосий топонимга боғлиқ бўлмаган ҳолда қўшилса, баъзан аксинча тайёр топонимга бевосита алоқадорлигини кўсатади ва бундай ҳолларда аввалги жойдан кўра янги ном олган жойнинг кичкиналигини билдиради», деган хулосани баён қилган. [15] Суғд тили элементлари ҳозирги вилоят топонимияси таркибида анча сезиларли, шу сабабдан, уларни ўрганишда топономик маълумотлар қимматли ва муҳим манба ҳисобланади. Вилоят ҳудудида шундай географик номлар ҳам борки, уларнинг таркибидаги сўз ёки аффикслар суғдий тилига мансуб бўлса ҳам топоним бевосита суғдлар томонидан яратилмаган. Бу тип топонимлар суғд тилидан, ўзбек тилига ёки форс-тожик тилидан ўзбек тилига ўтган сўз ва аффикслар ёрдамида пайдо бўлган, уларни тузилиш жиҳатидан гибрид номлар дейиш мумкин. Масалан, Зарбдор туманидаги Янгикент ойконимини гибрид ном деса бўлади. Бу ном Жиззах чўлини ўзлаштириши вақтида пайдо бўлган янги аҳоли пунктига берилган. Жой номидаги янги сўзи - «илгари бўлмаган», «яқинда бунёд этилган», кент - эса қадимий сўғд тилида - «шаҳар», «қишлоқ» маъносини ифодалайди. Янгикент - чўлнинг ўзлаштирилиши натижасида бунёд этилган - «янги аҳоли пункти» демакдир. Форс-тожик тилида ҳам, ўзбек тилида ҳам қўлланадиган генезиси эроний тилларга хос бўлган «-зор» аффикси ёрдамида пайдо бўлган географик номлар минтақа топонимияси таркибида анча сермаҳсул. Кўпликни билдирувчи -зор қўшимчаси ёрдамида Олмазор (Жиззах шаҳри), Боғзор (Дўстлик тумани), Пахтазор (Мирзачўл тумани), Гулзор (Арнасой тумани), Чилонзор (Зомин тумани), Лолазор (Зафаробод тумани), Узумзор (Пахтакор тумани) каби топонимлар (фитоойконимлар) каби номлар яратилган. Бундай топонимлар вилоятнинг шимолий текислик қисмида кўпроқ учрайди. Уларнинг барчаси маъмурий тарзда, яъни “кабинетда” яратилган номлар сирасига киради. Вилоятнинг чўл қисмидаги жой номлари лексик жиҳатдан унча ранг-баранг эмас. Чунки, жой рельефи текис бўлса, табиий чегаралар бўлмаса, топоним ҳам кам бўлади. Зомин тумани ҳудудида жойлашган қишлоқлардан бирининг номи Чилонзор - чилон (желон) - тиконли дарахт тури, меваси жийдага ўхшайди, табобатда ҳам қўлланилади, баъзан Гургон жийдаси ҳам дейишади. Шу сабабдан, Чилонзор - аслида чилон (желон) дарахти кўп ўсадиган жойдир. Н.Г.Маллицкий эса, Тошкентдаги энг йирик турар жой массиви, метро бекати ва шаҳардаги туманлардан бирининг номи бўлган Чилонзорни аслида чинорзор бўлган, яъни «чинори кўп жой» деб нотўғри талқин қилган. [16] Мутахассислар «-обод» қўшимчаси билан жуда қадимдаёқ жой номлари ясалганлигини аниқлашган. Масалан, форсий тиллар тарихининг тадқиқотчиси А.Л.Хромовнинг ёзишича, Мовароуннаҳрда VII-VIII асрларда обод сўзли номлар пайдо бўлган. [17] Бу сўз азалда белги билдирган ва доимо номларнинг сўнги компоненти бўлиб келган. Тўра Нафасов «-обод» сўзига таъриф бериб, «ўтроқ ҳаётга кўчиш, ерларнинг ўзлаштирилиши, деҳқончилик маданиятининг яратилиши ва ўсиши, йирик турғун аҳоли пунктларининг пайдо бўлиши, обод сўзини янги маъно касб этишига замин ҳозирлаган. Энг аввало обод сўзи инсон фаолияти билан ўзлаштирилган жой маъносини англатган. Сўнгра эса «фаровон жой», «овул», «қишлоқ» маъноларини ҳам ортирган», деб тўғри ёзган. Жиззах чўлини ўзлаштирилиши туфайли бунёд этилган янги аҳоли пунктларига ўзига хос номланиш принципига амал қилинган, натижада Пахтаобод - «пахтакорлар қишлоғи», Меҳнатобод - «янги ер очиб, қўриқни ўзлаштирган меҳнаткашлар қишлоғи», Зафаробод - «чўлни ўзлаштириб катта зафарларга, ютуқларга эришганлар қишлоғи», каби номлар пайдо бўлган. Будай номлар «-обод» сўзини ҳозирда ҳам ном ясашда анча фаол эканлигидан дарак беради. Жиззах шаҳрида анча қадимий бўлган Хайробод номли маҳалла бор. Шуни таъкидлаш жоизки, «-обод» сўзининг хайр сўзига қўшилиб жой номи ясаши ҳозирги даврга хос эмас. Хайрободни хайр - саховатли маҳалла деб изоҳлашни ҳам илмий жиҳатдан асосли деб бўлмайди. Аммо, маҳаллий халқ топонимни «хайр», «садақа», «саховат», «эҳсон» обод қилган жой деб таърифлашади. Профессор Б.Ўринбоевнинг ёзишича, «маҳалла номи аслида араб тилидаги харобот сўзи билан алоқадор. Харобот - «майхона», «майкада», «қовоқхона», «кўнгил очиш жойи» ёки «сўфийларнинг нола қиладиган, сиғинадиган жойи» деган маънони билдиради». Ўтган асрнинг 50-60 йилларида Жиззах воҳасида археологик тадқиқотлар олиб борган академик А.Муҳаммаджонов, маҳалла номини қўйидагича изоҳлаган: «топоним форс ва араб сўзлари бирикмаси бўлган Харработ сўзидан ташкил топган ва «ўлкан, катта рабод» деган маънони ифодалайди». XIII аср араб географи Ёқут Ҳамавийнинг асарларида хуросонликлар тилида хан ва тим (тевараги девор билан ўралган, усти ёғин-сочиндан беркитилган жой) сўзлари маъно ва вазифаси жиҳатидан бир-бирига яқин сўзлар бўлган. Маълумки, атоқли отларнинг энг такомиллашган тури бўлган жой номлари грамматик жиҳатдан бир ва ундан ортиқ таркибий қисмлардан иборат. Типик топонимлар, жумладан ойконимлар икки ва ундан ортиқ компонентлардан иборат бўлади, биргина сўздан таркиб топган топонимлар эса бирон таркибий қисми тушиб қолган номлар бўлиши мумкин. Лексик бирликлардан ташкил топган жой номларининг аксарият қисми турдош отлар, яъни апеллятивлар - географик ва ижтимоий-иқтисодий терминлар, касб-ҳунар лексемалари, ўсимлик - ҳайвон номлари, шуниндек атоқли отлар, яъни онимлар - уруқ-аймоқ номлари (этнонимлар), киши исм-лақаблари (антропонимлар) ва бошқалардан иборат. Тадқиқот ишида асосий эътибор аҳоли пунктлари номларига қаратилганлиги сабабли минтақа ойконимларини таркиб топган негизи бўйича икки йирик гуруҳга ажратиш мумкин: 1. Апеллятивлар асос бўлган ойконимлар. Бу гуруҳга кирадиган номлар турли хил турдош отлардан тузилган. Ойконимлар ҳосил қилган турдош отлар хилма-хиллигини ҳисобга олиб, номлар ясашда ҳозир ҳам анча фаол бўлган айрим аппелятивлар кўрсатиб ўтилди: а) табиий географик терминлар: адир - Адиробод (Зарбдор тумани), ариқ - Учариқ (Жиззах шаҳри), арна - Арнасой (Арнасой тумани), булоқ - Эгизбулоқ (Фориш тумани), бўктар - Бўктарйўл (Зомин тумани), жар - Жамонжар (Бахмал тумани), жўша - Жўшали (Фориш тумани), камар - Камарли (Бахмал тумани), кечув - Еттикечув (Зомин тумани), тепа - Учтепа (Ш.Рашидов тумани) ва бошқалар; б) ижтимоий-иқтисодий терминлар: банд - Хонбанди (Фориш тумани), бек - Беклар (Жиззах тумани), варғ - Варғин (Янгиобод тумани), дарғат - Дарғат (Жиззах тумани), кент - Нушкент (Бахмал тумани), ём - Ём (Зомин тумани), қўрғон - Хонимқўрғон (Ғаллаорол тумани), боғ - Чорбоғ (Фориш тумани), мозор - Сўфимозор (Зомин тумани), бозор - Кўҳнабозор (Фориш тумани) ва ҳоказо; в) ҳунар-касбга оид терминлар: ёмчи - Ёмчи (Фориш тумани), заргар - Заргарлик (Жиззах шаҳри), қассоб - Қассоблик (Жиззах шаҳри), совунгар - Совунгарлик (Жиззах шаҳри), пахтакор - Пахтакор (Пахтакор тумани), кимёгар - Кимёгар (Жиззах шаҳри) ва бошқалар. 2. Атоқли отлар негизида шаклланган ойконимлар. Бундай аҳоли пунктлари номларинг асосини кўпинча антропонимлар ва этнонимлар ташкил этади. а) кишиларнинг исми, тахаллуси, лақаби, нисбаси, кейинги даврларда фамилиясидан келиб чиққан аҳоли пунктлари номлари антропоойконимлар дейилади. С.Қораевнинг ёзишича: «антропоойконимлар моделининг грамматик жиҳатдан ўзбек тилига мос, энг тўғри ва мукаммал типи антропоним ҳамда географик терминдан ташкил топганидир. Масалан, Юнусобод, Чингизкент, Акмалобод ва бошқалар». Бундай мукаммал антропонимлар вилоят ҳудудида ҳам учрайди. Масалан, Сувонобод (Пахтакор тумани), Эшматовул (Зомин тумани) ва бошқалар. «Киши исмларининг ҳар қандай аҳоли пунктларига ўтиши ҳам хусусий мулкчилик, янги ерларни ўзлаштириш, янги аҳоли пунктларни қуриш каби ижтимоий воқелик билан боғлиқ. Уларни бошқа топонимик гуруҳларга ном бўлиб ўтиши кам учрайди, аммо бор ҳодиса». [18] б) уруғ, қабила, шуниндек, турли этник бирликларнинг номлари асосида пайдо бўлган аҳоли пунклари номлари этноойконимлар дейилади. Этноойконимлар вилоят топонимияси таркибида катта ўрин тутади ва улар орқали этник гуруҳ вакиллари қайси ҳудудларда яшаганликларини билиб олса бўлади. Вилоят харитасида жой номи сифатида учрайдиган айрим этноойконимлар: Болғали, Барлос, Жалойир, Калтатой, Найман, Ойтамғали, Уймовут, Шерқангли, Чапарашли, Қангли, Ўроқли ва ҳоказо. Этнонимларнинг маҳалла, қишлоқ, туман, шаҳар номига ўтиши Ўрта Осиё топонимиясида кенг тарқалган воқелик бўлиб, улар барча вилоятлар топонимияси таркибида мавжуд. Бундан ташқари, ўрганилаётган минтақада кичик географик объектларнинг номларидан, яъни микротопонимлардан ном олган ойконимларни ҳам учратиш мумкин. Топонимиканинг асосий қонуниятларидан бири микротопонимларни кейинчалик макротопонимларга айланишидир, чунки ҳар қандай ўлкан географик объектнинг номи дастлаб кичик бир жой номи бўлган. Download 135.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling