X –боб. КОРХОНА ДАРОМАДЛАРИНИНГ ҲИСОБИ
10.1.Корхона даромадларининг турлари, моҳияти
ва улар ҳисобининг вазифалари
Корхоналар молиявий-хўжалик фаолиятининг муҳим кўрсаткичи бўлиб даромадлар ҳисобланади. Ушбу кўрсаткичнинг моҳияти, таснифи ва тавсифи, тан олиниши, счётлар тизими ва улар бўйича бухгалтерия ёзувлари республикамизда қабул қилинган қуйидаги меъёрий ҳужжатларда атрофлича очиб берилган:
Ўзбекистон Республикаси Солиқ Кодекси (16-модда);
БҲМС «Молиявий ҳисоботни тузиш ва тақдим этиш учун концептуал асос»
2-сон БҲМС « Асосий хўжалик фаолиятидан олинган даромадлар»
«Маҳсулот (иш, хизмат)ларни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тўғрисида Низом».
Ушбу меъёрий хужжатларга мувофиқ даромад деганда, умумий олганда, ҳисобот даврида корхона активларини қўпайиши ёки унинг мажбуриятларини камайиши тушунилади. Корхоналарнинг барча даромадлари Ўзбекистон Республикасининг Солиқ Кодексида 13 та турга бўлинган (16-модда), 2-сон БҲМСда ушбу турдаги даромадлар иккита катта гуруҳга , яъни асосий фаолиятдан олинган даромадлар ва асосий бўлмаган фаолиятдан олинган даромадларга, ажратилган (12-чизмага қаранг).
Асосий фаолиятдан олинган даромадлар деганда корхона уставида белгиланган асосий фаолиятдан олинган даромадлар тушунилади. «Маҳсулот (иш, хизмат)ларни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тўғрисида Низом» га мувофиқ корхоналарнинг асосий фаолиятдан олинган даромадлари, ўз навбатида, қуйидаги икки гуруҳга ажратилади:
Сотишдан олинган даромадлар – буларга маҳсулот, товарлар, ишлар ва хизматларни сотишдан олинган тушумлар (акциз, ҚҚС ва экспорт бўйича божхона божидан ташқари) киради.
Асосий фаолиятдан олинган бошқа даромадлар –буларга корхонанинг асосий воситалари ва бошқа активларини сотишдан олинган фойда, ўндирилган жарималар, воз кечилган кредиторлик қарзлари, бепул келиб тушган активлар, инвентаризацияда аниқланган ортиқчалар, ТМБ ларни қайта баҳолашдан олинган даромадлар ва бошқалар киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |