Касбий маънавият ва маҳорат маҳорат тушунчасига замонавий ёндашув, унинг бўлажак ҳарбий-педагог касбий фаолиятида тутган ўрни ва аҳамияти


Ҳарбий-педагогнинг умумий маданий савияси ва қобилияти


Download 32.04 Kb.
bet2/7
Sana24.12.2022
Hajmi32.04 Kb.
#1053903
1   2   3   4   5   6   7
2. Ҳарбий-педагогнинг умумий маданий савияси ва қобилияти.
Мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш, юксалтириш бўйича белгиланган масалаларни муваффақиятли ҳал қилишнинг муҳим шартларидан бири халқнинг маънавий, маърифий ва маданий савиясини ўстириш ҳисобланади. Чунки халқнинг, жамиятнинг ҳар бир аъзосининг маънавий, маърифий ва маданий савияси қанча юқори бўлса, кадрлар салоҳияти шунча баланд бўлади, халқнинг турмуш даражаси ошади.
Маънавият, маърифат ва маданият тушунчаларининг ҳар бири алоҳида чуқур мазмунга эга бўлишига қарамасдан, улар ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, ягона узилмас занжирни ташкил этади, бир-бирини тўлдириб ва ривожлантириб боради.
Маданият ҳақида сўз юритилар экан, унинг мараккаб ва серқирра маънавий-ижтимоий ҳодиса эканлигини, жамият ҳаётини, инсон турмуши ва кўп томонлама фаолиятини акс эттиришини таъкидлаш муҳимдир. Шу нуқтаи-назардан қараганда, адабиётларда маданият икки гуруҳга, яъни моддий ва маънавий маданиятга бўлинган ва қуйидагича таъриф берилган.
Моддий маданият деганда меҳнат қуролларини, меҳнат кўникмаларини, шунингдек ишлаб чиқариш жараёнида инсон томонидан яратилган ва моддий ҳаёт учун хизмат қиладиган барча моддий бойликлар тушунилади. Моддий маданият бир неча турга бўлинади. Масалан, ишлаб чиқариш ва техника маданияти, деҳқончилик маданияти, меҳнатни ташкил этиш маданияти, инженерлик маданияти, пазандачилик маданияти ва бошқалар.
Маънавий маданиятга эса инсоннинг ақлий ва маънавий яратувчанлик фаолиятлари ва уларнинг натижалари киради. Маънавий маданият инсоннинг фан, фалсафа, санъат, адабиёт, ахлоқ, дин, ҳуқуқ, сиёсат, маориф, маърифат ва ҳоказолар йиғиндисидан ташкил топадиган ташқи ва ички маънавияти, руҳияти оламидир. Маънавий маданиятни яратиш, ўзлаштириш ва ривожлантириш жараёнида жамият тараққий этади, меҳнат унумдорлиги ортади, ишлаб чиқарувчи кучлар ривожланади, кишиларнинг маънавий қиёфаси шаклланади, ахлоқ-одоби, дид ва фаросати, эстетик завқи, ижодий кучи ва қобилиятлари тараққий этади.
Демак шахс маданияти жамият маданиятининг шунчаки акс этиши эмас, балки унинг (шахснинг) ижтимоий сифатлари, фаолияти ва хулқи мазмунида, шунингдек эҳтиёжларида намоён бўлувчи ривожланганлик даражасидир.
Педагогик маданият нима? Педагогик маданият педагогик фаолият таъсири остида юзага келади ва бу фаолиятни амалга оширишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Педагогик маданият шахснинг педагог сифатида қай даражага эришганлигида намоён бўлади.
Психологик жиҳатдан педагогик маданият педагогик тушунчалар ва маҳорат, педагогик ахлоқ ва касбий-педагогик сифатлар, педагогнинг иш услуби ва ўз фаолиятига муносабати йиғиндисидир. Педагогик маданиятнинг намоён бўлиши ва унинг қадриятга, турмуш тарзига айланиши учун инсондан юқори касбий салоҳият, маънавий, маърифий ва ахлоқий баркамоллик талаб қилинади.
Офицернинг педагогик маданиятини чуқур ҳарбий билимларсиз ҳам тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳозирги замон офицери замонавий ҳарбий техника ва қуролларни яхши билиши ва самарали қўллай олиши, умумҳарбий низомлар талабларига кундалик хизмат жараёнида риоя қилиши ва буни бошқалардан талаб қилиши лозим.
Педагогик маданиятнинг таркибий қисмлари.
Педагогик маданият мураккаб тузилишга эга бўлиб, қуйидаги таркибий қисмлардан иборатдир:
♦ педагогик йўналтирилганлик (педагогик фаолиятга мойиллик, қатъий педагогик ишонч, бўйсунувчиларга ҳурмат, ғамхўрлик ва шу кабилар);
♦ кенг дунёқараш;
♦ юксак ахлоқийлик;
♦ билимдонлик, зукколик ва зиёлилик;
♦ педагогик маҳорат;
♦ таълим-тарбия ишларини илмий изланишлар билан уйғунлаштира олиш қобилияти;
♦ юксак муомала маданияти, сўзлашиш одоби;
♦ ўзига нисбатан талабчанлик, изланувчанлик, касбий маҳорати ва билими савиясини ошириб боришга доимий эҳтиёж ва ҳоказо.
Педагогик маданиятнинг санаб ўтилган таркибий қисмлари ўзаро боғлиқ бўлиб, бир-бирини тўлдириб, ривожлантириб боради ва педагогик фаолият жараёнида ягона тизимда намоён бўлади.
Қуйида бу таркибий қисмлар қандай мазмунга эга эканлигини кўриб чиқамиз.
Шахснинг педагогик йўналтирилганлиги таълим-тарбия фаолиятига бўлган муносабатларни англатувчи, мақсад, интилиш, ҳиссий жараёнлар, қарашлар тизими бўлиб, бу фаолиятнинг мазмунига ва натижаларига таъсир этувчи омилдир. Моҳиятига кўра педагогик йўналтирилганлик офицер шахсининг касбий йўналтирилганлиги ҳисобланади. Чунки офицер бўлинмадаги таълим-тарбия жараёнининг ташкилотчиси ва амалга оширувчиси саналади. Шунинг учун офицер шахсининг умумий касбий йўналтирилганлигининг муҳим таркибий қисми сифатида педагогик йўналтирилганлик унинг дунёқараши, билими, малакаси ва кўникмалари тизими, маънавий-ахлоқий дунёси, умумий маърифий ва маданий савияси билан белгиланади.
Юқори маданиятли педагоглар педагогик фаолиятга мойиллиги, қизиқиши, ўз касбига муҳаббати, олдига қўйилган вазифаларни бажаришга нисбатан ўта масъулиятли мунасабати билан ажралиб туради. Фақат шундагина офицер ҳамкасблари, бошлиқлари ва бўйсунувчилари олдида ҳурматга сазовор бўла олади, ўз меҳнатидан қониқиш ҳосил қилади, янгиликка, янги натижаларга интилиб яшайди.
Кенг дунёқараш юксак маданиятли педагогга хос тушунчадир. Бу тушунчага луғатларда берилган таърифларни умумлаштирган ҳолда айтиш мумкинки, дунёқараш кишиларнинг табиат ва жамиятга, теварак-атрофдаги воқеликка, ўз-ўзларига ва бошқа одамларга муносабатига бўлган умумий қарашлар тизими ҳамда уларнинг шу қарашлар асосида шаклланган эътиқодлари, билиш ва фаолият принципларидир. Дунёқараш қанча кенг бўлса, инсон юз бераётган воқеа ва ҳодисаларга, кечаётган жараёнларга шунча объектив баҳо бериш имкониятига эга бўлади, маънавий, маърифий ва ахлоқий жиҳатдан камол топа боради.
Педагогик маданиятнинг муҳим таркибий қисмларидан яна бири юксак ахлоқийлик бўлиб, унинг моҳияти ва асосий мазмуни офицернинг педагогик фаолияти учун зарур ҳисобланган ахлоқий сифатлари билан ифодаланади. Умуминсоний ва миллий ахлоқий фазилатларнинг, умумҳарбий низомлар талабларининг офицер томонидан ўзлаштирилиши ҳамда уларнинг турмуш тарзига айлантирилиб, сўзсиз бажариб борилиши, бу борада ҳамкасбларига ва бўйсунувчиларига доимо ибрат бўлиши ҳарбий педагогга хос хусусиятдир. Профессионал педагогик ахлоқ офицер шахсининг касбий такомиллашуви ва ахлоқий билимларни эгаллаши асосида ҳосил бўлади.
Билимдонлик, зукколик ва зиёлилик ҳозирги замон офицерига қўйиладиган асосий талаблардан биридир. Билимдонлик маданиятлиликнинг бош мезонидир. Ўз мутахассислигини чуқур билган, бошқа соҳалардан ҳам етарли тушунчага эга бўлган, замонавий ахборот оқими маълумотларини тўғри талқин қила оладиган педагоггина ўз ҳамкасблари ва тарбияланувчилари кўз ўнгида обрў-эътиборга эга бўлади. Таълим-тарбия ишларини амалга ошириш, турли тадбирлар ўтказиш жараёнида материални тингловчи онгига етказа олиш, туғиладиган саволларга ҳозиржавоблик билан жавоб бериш мураккаб ишдир. Бунда педагогдан яхши хотира, маълум тизимга солинган билимлар заҳираси, тажриба ва шароитга қараб йўл тута олиш қобилияти талаб қилинади.
Билимдонлик, зукколик, зиёлилик инсонга ўз-ўзидан келмайди. Буларга билим, кўникма ва малакаларни доимий равишда такомиллаштириб бориш, маълумотни ошириш йўлидаги тинимсиз меҳнат, изланиш оқибатида эришилади.
Педагогик маданиятнинг асосини педагогик маҳорат ташкил қилади. Педагогик маҳорат офицернинг касбий ва ахлоқий қиёфаси тарзида намоён бўлиб, унинг психологик-педагогик тафаккури, касбий-педагогик билими, кўникма ва малакалари ҳамда педагогга хос маънавий-ахлоқий фазилатлари йиғиндисидан иборатдир.
Ўзининг педагогик фаолияти давомида юқори натижаларга эришиш истагида бўлган офицер таълим-тарбия ишларини илмий изланишлар билан уйғун равишда олиб бора олиши лозим. Тараққиётнинг негизини фандаги изланишлар ташкил қилади. Изланишлар, тадқиқот ишлари асосида фан ривожланиб боради, янгиликлар яратилади, кашфиётлар қилинади. Шундай экан, офицер ўз фаолиятини педагогика фанининг илғор ютуқлари асосида ташкил этиши, ўзи ҳам мутахассис сифатида нафақат фан ривожидан орқада қолмаслиги, балки унинг тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб бориши мақсадга мувофиқдир.
Педагогик маданият ҳақида сўз юритганда юксак муомала маданияти, сўзлашиш одоби ҳақида гапирмаслик мумкин эмас. Офицер ўз фаолияти жараёнида кўплаб инсонлар билан муомала қилади, фикрини сўз воситасида тингловчига етказади. Шунинг учун у нутқини ўстириш, муомала маданиятини ривожлантириш, сўзлашиш одобига риоя қилиш устида тинмай меҳнат қилиши лозим.
Сўз луғатининг бойлиги, нутқининг равон ва тозалиги, тингловчи шахсини ҳурмат қилиши, муомала қилиш жараёнида ахлоқийлик қоидаларига ва низомлар талабларига қанчалик риоя қилиши офицернинг маданий савиясини кўрсатувчи омилдир.
Ўзига нисбатан талабчанлик, изланувчанлик, касбий маҳорати ва билими савиясини ошириб боришга доимий эҳтиёж офицернинг педагог сифатида тобора ривожланиб бориши учун муҳимдир. Педагогнинг ўзига нисбатан талабчанлиги унинг ўз кўникма ва малакаларини такомиллаштириб бориш, билимлари доирасини, дунёқарашини кенгайтириш, ахлоқий, маънавий ва маърифий савиясини оширишга бўлган доимий эҳтиёжда кўринади. Қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар, инсон доимий изланишда бўлиши, ўз билими, кўникмаси ва малакаларининг бугунги даражасидан қониқмаслик ҳисси билан яшаши лозим. Фақат шундагина ҳозирги давр талабига мос мутахассис бўлиб етишиш мумкин. Изланишдан тўхтаган одам – кечаги кун одами бўлиб қолиши мумкин.
Офицер педагогик маданиятининг шаклланиши мураккаб, узоқ вақт талаб этувчи ва кўп босқичли жараён бўлиб, бир қатор омиллар таъсири остида кечади. Бу жараёнга жамиятимизда юз бераётган туб ўзгаришлар, турмуш тарзи, кундалик фаолият ўз таъсирини кўрсатади. Шунингдек, офицернинг мутахассис сифатида ўқиш ва хизмат даврида шаклланишининг турли даврлари давомидаги таълим-тарбия жараёни, ўқитувчилар, бошлиқлар, командирларнинг, хизматдошларнинг муносабати ва таъсири ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.
Офицерларнинг педагогик маданиятини доимий равишда такомиллаштириб бориш учун қуйидагиларга амал қилиш мақсадга мувофиқ:
1. Аниқ белгиланган тизим асосида офицерларнинг ҳарбий, психологик-педагогик билимларини ривожлантириб бориш.
2. Маънавий-маърифий, ахлоқий мазмунга эга тадбирларни доимий равишда ва режали асосда ташкил этиш.
3. Таълим-тарбия жараёнини, хизмат ва кундалик турмушни қонунлар ва ҳарбий низомлар талабларига мувофиқ ташкил қилиш.
4. Илғор педагогик тажрибани ўрганиш ва оммалаштириш.
5. Офицерларни ҳарбий-педагогик жараёнга кенг жалб қилиш.
6. Ҳарбий меҳнатни илмий асосда ташкил қилиш.
7. Офицерларни илмий-тадқиқот ишларига жалб қилиш.
8. Офицерларнинг ҳарбий, психологик-педагогик билимларини такомиллаштириш, умумий ва педагогик маданияти савиясини ошириш мақсадида ўз устида мустақил ишлашини ташкил қилиш.

Download 32.04 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling