Кириш. «Эстетик тарбия асослари» ўқув қўлланмаси


ЎҚУВЧИЛАРНИ ЭСТЕТИК ТАРБИЯЛАШНИНГ МОҲИЯТИ ВА МАЗМУНИ


Download 40.37 Kb.
bet2/2
Sana10.04.2023
Hajmi40.37 Kb.
#1347985
1   2
Bog'liq
Эстетик тарбия қўлланма

ЎҚУВЧИЛАРНИ ЭСТЕТИК ТАРБИЯЛАШНИНГ МОҲИЯТИ ВА МАЗМУНИ
Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ, ўзбек олимларининг миллий педагогика мактабини яратишга доир назарий асарлари ва амалий-ташкилий ишларида, илк фан дастурлари ҳамда узлуксиз таълим тизимининг турли бўғинларидаги ўқитувчиларнинг амалий фаолиятларида адабиёт ва санъатга, эстетик тарбияга кенг ўрин берила бошланди. Мактабларда йиллар мобайнида ҳукм суриб келган, ўзибўларчилик, қуруқ расмиятчиликка барҳам берилди. Янги мактаб фаолияти ҳаётий талаб ва эҳтиёжларни қондиришга қаратилди.
Эстетик тарбияни ташкил қилиш, унинг болалар қизиқишига мос шакл ва методларини яратишдаги мисли кўрилмаган ва ажойиб ташаббускорлик ҳамда фаолликнинг қулоч ёзиши бу давр учун характерлидир. Турли тўгараклар ва ҳаваскорлик ижодиёти, баҳс ва мунозаралар, санъатни ўрганиш дарслари ва ҳоказолар мактаб ҳаётига жўшқинлик бахш этди, ўқувчиларнииг диққат-эътиборини эстетик жиҳатдан мустақил билим олиш ва ўз-ўзини тарбиялаш масалаларига жалб қилди. Мумтоз ҳамда замоиавий адабиёт ва саиъатнинг энг сара асарлари ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий қиёфасининг таркиб топишига бевосита ҳамда самарали таъсир кўрсатувчи манба сифатида хизмат қила бошлади, бинобарин бу асарлар мазмунида юксак маънавийлик ва ватанпарварлик намуналари ўз ифодасини топган шахс идеали мужассамланган бўлиб, ахлоқий-эстетик идеалларнинг ҳамда инсонпарварликнинг улуғворлиги тўла ва ҳар томонлама ёритилган эди.
Умумтаълим мактабининг, умуман ёш авлодни ўқитиш ва тарбиялаш тизимининг кейинги ривожланиши билан мактабда адабиёт ва санъатнинг мавқеи мустаҳкамланиб борди. Педагогика фанлари туркумига кирувчи фанлар дастурлари ҳамда дарсликлар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар яратилди ва такомиллаштирилди, ўқувчиларни ҳаёт ва санъатдаги гўзаллик оламига жалб этишнинг янги шакллари ишлаб чиқилди.
Ўқувчиларнинг синфдан ва мактабдан ташқари бадиий-ижодий фао­лияти шакл ва методларини ривожлантириш ғояларининг вужудга келиши ҳамда мустаҳкамланиши алоҳида аҳамият касб этди, бу эса ҳозирги шароитда мактабнинг ривожланиши учун энг самарали омил бўлди.
Ҳозирги кунда эстетик тарбияга эътибор берилмайдиган мактаб, техникум, лицейлар, болалар ва ёшларнииг жамоатчилик ташкилотлари йўқ. Радио, телевидение, матбуот, ижтимоий тармоқлар ҳам ёшларни эстетик камол топтиришни асосий муаммоларидан бири деб қарамоқда.
Адабиёт ва санъат билан мулоқот ҳозирги ўқувчи учун ҳаётий норма бўлиб қолди. Рассом санъат асарида ифодаланган воқеликни ҳис қилиш ва образли идрок этиш натижаси ёш авлод учун ҳаётни билишнинг кучли таянчи ва воситасидир.
Ёш китобхон, томошабин, тингловчи бадиий асарни идрок қилар экан, ўзини фикран тадбиркор, фермер, ишчи, олим, депутат, ҳарбий, қурувчи, ннженер ёки олис чўлнинг кичик станциясидаги темир йўл ишчиси деб билади.
Санъат шундай катта, тарбиявий кучга эгаки, бадиий асарлардаги қаҳрамонларнинг тажрибалари идрок этувчининг хаёлида, кечинмаларида, эстетик ҳиссиётида қайта ишланиб, унинг ўз тажри- басига айланади, янги ҳиссиётларни, янги инсоний муносабатларни вужудга келтиради.
Адабиёт ва санъат билан узоқ вақт, жиддий муло­қот натижасида ўқувчи шахсининг аввало санъат асарининг образли эмоционал мазмунидан баҳраманд бўладиган жиҳатлари-эстетик ҳиссиёт, эҳтиёжлар, муносабат, шунингдек унинг барча жиҳатлари шахсий ва ижтимоий тушунчалари, дунёқараши ҳам такомиллашади, ахлоқий ва эстетик идеали таркиб топади.
Гўзалликни тушуниш, ҳис қилиш қобилияти фақат ўқувчидаги ривожланиш даражасининг муайян мезони, кўрсаткичи эмас. Балки у шахснинг ўз қобилиятлари ривожланиши учун стимул сифатида намоён бўлиб, кўпинча ўқувчининг ўз тенгқурлари, яқин кишилари, синф ва мактабдаги ўртоқлари билан маънавий алоқаларининг у ёки бу даражасини олдиндан белгилайди.
Гўзалликни интуитив ҳис қилиш ҳамда тушуниш вақт ўтиши билан санъат ва ҳаётдаги гўзалликка онгли муносабатга айланишида ана шундай эстетик ривожланиш ғоят зарурдир. Бундай ҳолда унинг мароми табиий ва узлуксиз бўлади. Агар ана шу табиийлик ва узлуксизлик бузилса (масалан, мазкур ривожланишга бола ўсаётган муҳит ёрдам бермаса), педагог кўпроқ куч сарфлаши зарур бўлади, эстетик тарбиянинг самарадорлиги эса кескин пасаяди.
Бола бадиий асарлардаги қаҳрамонларнинг эзгу ишлари ва инсоний ҳатти-харакатларини тушуна олади. Лекин у эзгулик ва инсонпарварликни тушуниши ҳамда ҳис қилишидан ташқари раҳмдил ва одамгарчиликни биладиган меҳрибон ва илтифотли бўлишга одатланиши ҳам керак.
Табиийки, ўқувчилар инсоният яратган чинакам маънавий ва эстетик бойликларга асосланиб иш тутсалар, уларнинг эстетик камолоти мукаммал бўлади.
Бироқ кейинги йилларда урф этиб бораётган оммавий маданият шундай кучли сохта санъат ва сохта маънавий бойликлар яратмоқдаки, ҳозирги глобал ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши шароитида уларнинг таъсиридан сақланиш жуда қийин. Бу ўринда ёшларнинг у ёки бу санъат тури саҳнасига кўтарила олган “даҳо”ларга эргашиши ва берилиб кетиш бошланадики, улар кумир сифатида ўзларигина эмас, балки уларнинг асарлари, қўшиқлари, рақслари, расмлари ҳам ёшлар тасаввурида ҳаётий идеал бўлиб қолмоқда. Шу та­риқа санъат алмашинуви рўй бериб, чинакам санъат ўрнини прогрессив ва инсонпарварлик ғоялари билан бойитилмаган маданият эгаллайди.

Нотўғри идеалнинг зарари бадиий асарнинг ҳақиқий аҳамияти тўғрисидаги тушунчанинг бузилишидагина эмас, балки, энг аввало, бу идеал ўлчовга, ҳаётни, жамиятнинг маънавий ва ах­лоқий бойликларини баҳолаш мезонига айланишидадир. Киши ўзинииг ахлоқий ва эстетик идеалига мувофиқ атрофдагиларга таъсир кўрсата бошлайди, ўз атрофидаги ҳаётни шакллантиради.


Нотўғри идеал таъсири доирасига янги-янги кишилар қўшиладилар, уларнинг онги ана шу таъсирга маълум даражада қаршилик кўрсатади ёки бу таъсир етарлича кучли бўлса, ўзи ҳам ўзгаради. Иродаси, характери кучли, етакчиликка интиладиган, лекин чинакам бадиий-эстетик бой­ликлар ҳақида нотўғри тушунчага эга бўлган ўсмир ёки йигитча, баъзан ўз тенгқурларига иедагоглар ва сиифдошлар жамоаси ёки оиладан кўра кўпроқ таъ­сир кўрсатади.
Шуни унутмаслик керакки, ҳар қандай ижтимоий ҳодисанинг ҳам эстетик, ҳам ахлоқий моҳияти бўлади. Ахлоқийлик, гўзаллик қадимдан қандайдир таркибий бирлик сифатида тушунилади. Инсонпарварлик нуқтаи назаридан ахлоқий, маънавий кишини юксалтирадиган ва унга зеб берадиган нарса гўзалликдир, ахлоқий хусусият эса гўзаллик билан ички боғланишда бўлмаса, уни маънавий-эзгулик деб эътироф этиб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан, педагог ахлоқий ва эстетик соҳаларнинг ички яқинлигини, маъно жиҳатдан бирлигини доимо эътибордаи четда қолдирмаслиги зарур.
Шуни таъкидлаш керакки, гўзалликни тушуниш, ҳис этиш руҳида тарбияланган инсонлар ўз фаолияти маҳсулотига ҳақиқий талабчанлик билан муносабатда бўлади. У шошқалоқликни, палапартиш ва қўпол иш қилишни, сифатсиз, кўримсиз буюмлар ва маҳсулотлар тайёрлашни ёқтирмайди, эҳтиёткор ва тежамкор бўлади, ўз меҳнатиии қадрлайди ва у тайёрлаган буюм сифатнинг қатъий мезонларига жавоб беради. Ана шундай шахсларни шакллантириш ва тарбиялаш янгиланаётган Ўзбекистон шароитида умумий таълим мактабининг мақсади ва энг муҳим вазифасидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари асосида амалга оширилаётгаи умумий таълим мактабларини ислоҳ қилишда фақат янги ўқув предметлариии жорий этиш ва таълим методларини ҳозирги фан-техника тараққиёти ютуқларига яқинлаштириш эмас, балки мактабдаги иш услубининг ўзини, маънавий ҳаёт муҳитини, ўқувчилар жамоасини жипслаштириш, мактаб ҳаётида янги куч ва фаолият оқимини вужудга келтириш, ўқувчининг ўқитувчи билан муносабати ва бунда санъатнинг мавжудлиги, ўқувчининг теварак-атрофидаги гўзалликка эътибор бериши ҳам назарда тутилади1.
Кўпгина мактаблар ва мактабдан ташқари муассасалар ислоҳотни амалга ошира бориб барча ёшдаги болалар билан олиб бориладиган кўп қиррали бадиий ижодий ишларни авж олдириб юбордилар. Бу соҳада маданий марказлар билан «чекка ҳудудлар»нинг фарқи бошқа соҳалардагига нисбатан сезиларли даражада бартараф этилди. Хусусан музейлар, театрлар ва санъат марказларидан анча олисдаги баъзи мактаблар болалар билан адабиёт ва санъат бўйича изчил, қизиқарли ҳамда мазмунли иш­ларни амалга оширишда ажойиб намуна кўрсатмоқда. Афтидан, ижод ва гўзаллик иштиёқи муқаррар равишда уларни профессионал санъат билан мулоқотдаги камчиликни ўз ижодлари орқали тўлдириш эҳтиёжига олиб келади. Ўқувчиларни эстетик тарбиялаш юзасидан иш олиб бораётган мактабларнинг амалий тажрибаси улар ижодий меҳнатлари билан асосий вазифани самарали ҳал этаётганини, яъни ҳар томонлама ривожланган, ўзида маънавий бойлик (юксак ривожланган маънавий-амалий, назарий, эстетик қобилиятларни), ахлоқий поклик ва жисмоний камолотни мужассамлантирган шахсни шакллантираётганини кўрсатмоқда.

Шу сабабли мамлакатимиздаги ҳар бир мактабда ҳозир эстетик тарбияга шахсни шакллантириш тизимининг энг муҳим элементи деб қаралмоқда.


Илғор тажрибага эга педагоглар эстетик тарбия ўқувчиларда ҳаётга, адабиёт ва санъатга эстетик муносабатни, уларга юксак талабчанлик қобилиятини, бадиий асарларни адабиёт ва санъатнинг мамлкатимизни ривожлантиришга қаратилган концепциялар нуқтаи назаридан объектив баҳолай олиш иқтидорини таркиб топтирадиган ва такомиллаштирадиган восита ҳамда методлар йиғиндиси эканини тушунадилар. Миллий дунёқараш-санъат асарининг ғоявий-бадиий қиммати учун ўлчов бўлиб саналаднган кўрсаткичдир.
Эстетик таъсир тизими боланинг синфдаги, синфдан ва мактабдан ташқари турли бадиий-ижодий фаолияти шаклларининг чамбарчас боғланишини назарда тутади. Эстетик тарбия тажрибасида оммавий ахборот ҳамда ахборот-комммуникацион воситалардан фойдаланиш унинг шакллари ва методларини анча кенгайтиради.
Ҳар бир мактабда болага эстетик тарбия беришнинг интенсив ва ривожлантирувчи комплексини ташкил қилиш учун эстетик тарбиянинг вазифалари ва мақсадлари бир томонламалиги ҳақидаги тушунчаларни бартараф этиш керак. Мамлакатимиз табиатидаги, теварак-атрофдагн гўзалликларни, муносабат ва фандаги гўзалликларни англаш, жисмоний камол топиш фақат адабиёт ва санъат билан мулоқотга нисбатан анча кўп тарбиявий самара беради.
Афсуски, амалда боланинг эстетик камолотига эътибор бермайдиган, ахлоқий, меҳнат, ижтимоий тарбияда бундан ҳам жиддийроқ вазифалар борлигини баҳона қиладиган, эстетик тарбияни ортиқча иш деб биладиган ўқитувчилар ҳамон учрамоқда. Бундай ўқитувчи тарбия ишларида катта ютуққа эриша олмайди.
Ҳақиқатан, эстетик тарбия ўқув предмети у ёқда турсин, ҳатто санъат предметларига ҳам жуда оз дарс соатлари ажратиладигаи ўқув режаси тузилмасида эстетик тарбиянинг мақсади ва вазифалари муҳимлиги, унинг ўқувчи шахсини шакллантиришдаги имкониятлари етарлича акс этмаган. Шунга кўра ўқитувчи ва мактабнинг вазифаси биринчидан, дарс вақтларидан тўлиқ ва унумли фойдаланиш, иккинчидан, предметлараро интегратив алоқаларни йўлга қўйиш ва улардаи доимо фойдаланиш, учинчидан эса синфдан ва мактабдан ташқари ишларнинг имкониятларидан максимал даражада фойдаланишдир.
Ана шу уч нуқтаи назардан пухта ўйланган эстетик-тарбиявий иш бутун таълим-тарбия жараёнига, барча дарсларга, тўгараклар ва факультатив ишларга, боланинг мактабдан ташқари педагогик ташкилий фаолиятига, бўш вақтлардаги машғулотларига, санъат, адабиёт ва ҳоказоларга мустақил равишда мурожаат этишда сингиб боради. Ана шунда бу ишлар жамулжам бўлиб, тарбия жараёнининг асоси, унинг ташкилий ва бирлаштирувчи бўғини бўлиши мумкин.
Чинакам эстетик тарбияни ташкил этишдаги муайян қийиинчилик шундаки, мактабда эстетик тарбия вазифа­лари кўпинча оддий равишда ва юзаки ҳал қилинади. Бадиий асар чексиз имкониятга эга бўлса-да, ундан пухта тайёргарликсиз, жиддий мақсадлар қўйилмай фойдаланилади.
Ваҳоланки, ўқувчилар билан ажойиб мусиқа, адабиёт ёки тасвирий санъат асарлари ҳақида фақат кези келганда юзаки тарзда гаплашмаслик керак. Бадиий асар материали асосидаги тарбиявий ишнинг савияси асарнинг мураккаблиги, ундаги ғоянинг чуқурлиги, муаллифнинг бадиий маҳорати ва ахлоқий-эстетик тасаввурига мувофиқ бўлиши лозим. Акс ҳолда бадиий асарнинг жиддий мазмуни йўқолган бўлади ва у ўқувчининг ҳиссиёти ҳамда онгига кутилганидек таъсир этмайди.
Шунинг учун бадиий асар билан ишлашни ташкил қилишга, тарбия жараёнида ундан фойдаланишга ижодий ва чуқур ёндашиш зарур.
Санъатни билишнинг иккита энг муҳим томони: ба­диий асарни бевосита идрок этиш ва уни баҳолаш томонлари бор. Мактабда буларнинг ҳар иккисига ҳам эътибор бериш лозим.
Ўқувчи биринчи навбатда китоблар ёки расмлар муҳитида бўлиши, асар учун тегишли бадиий ва ахлоқий-эстетик моҳиятни англаши керак. Бадиий асарнинг мазмунини уни яратилган воситалардан бошқа ҳеч қандай воситалар ёрдамида бериб бўлмаслигини фаҳмлаши лозим.
Бола санъат асарини идрок этишда бир лаҳза унга маҳлиё бўлиб қоладики, унинг худди шу лаҳзадаги ички диалоги педагогнинг айни истаги ва мақсадиднр. Агар бола буюк рангтасвир асарига лоқайд томошабини бўлиб қолса ёки буюк мусиқа асарини лоқайдлик билан тингласа, кейин ўқитувчи бу асарларнинг буюклиги ва ўлмаслиги ҳақида айтадиган гаплар бекорга кетади. Ўқувчи мазкур диалогда бирорта ҳам савол бермаса, унда бирор ҳнссиёт вужудга келмаса, шахсий ҳиссиёт ва муносабат билан боғланмаган хабар тарзндаги алоқагина пайдо бўлса, демак, вазифа бажарилмаган, мақсадга эришилмаган ҳисобланадн.
Асарни билишнинг иккинчи босқичида ўқувчи асар ҳақидагн ўз фикрини айтиши, унинг ғоявий-бадинй мазмунига баҳо бериши, асарнинг характерли хусусиятларини таҳлил қилиши керак. Бунда танқидчилнк, адабиётшунослик, санъатшунослик ва ҳоказолардаги рассом ва унинг асарлари ҳақида инсоният тўплаган билимлар асқотади.
Санъатни фақат интеллектуал даражада билиш ўқувчиларнннг асар ҳақидагн тушунчасини қашшоқлантиришдан ташқари асарнинг ҳақиқий маъносини, ғояси ва мазмунини бузиши ҳам мумкин. Шунинг учун бу жараёнда санъатни бевосита идрок этиш бош омил бўлиб ҳисобланадн. Санъатга интеллектуал ёндашиш аслида унинг кишига фаол таъсирини йўққа чиқаради. Бундай ҳолда ҳиссиёт бир четда қолиб, идрок устун туради, бевосита муносабат санъат тарихи ва назарияси олдида ҳеч нарса бўлмай қолади.

Лекин бундан санъатни билиш фақат бевосита идрок этиш ва кечинмалар билан чегараланиши керак, деган маъно келиб чиқмайди.


Ўқувчи таҳлил қилиш, баҳолаш кўникма ва малакаларини эгаллаган тақдирдагина ба­диий асарни баҳолашга онгли муносабатда бўлиши мумкин. У ўзининг муносабатини, асарга берадиган баҳосини ижтимоий тажрибада тасдиқлаган баҳога мувофиқлаштира олиши керак. Бадиий асарни ижти­моий баҳолаш тажрибасини билиш тарбиявий ва ривожлантирувчи аҳамиятга эга.
Асарни бевосита идрок этиш ва ундан олинадиган кечинмалар асарнинг танқидий ва назарий адабиётдаги талқини ҳисобга олинадиган шахсий таҳлил тажрибаси билан уйғун боғланиши лозим. Лекин билиш мантиқи жуда объектив: ҳиссий ва бевосита билишдан оқилона ва абстракт билиш тарзида бўлиши зарур.
Билиш амалиётида бадиий асарга ҳаётнинг инди­видуал-психологик ва ғоявий-бадиий хусусиятлари билан такрорланмас образли тасвири деб қаралса, идрокнинг ҳиссийлиги ва эмоционаллиги шахснинг хусусияти сифатида сақланади ва мустаҳкамланади. Гўзалликни идрок этувчи киши аввало, қаҳрамонлар билан бирга фикр юритади ва бирга бўлади, баъзиларинииг нуқтаи назарига айланиб, бошқалариии айблайди, асарнинг ўзидан, унинг услубидан, тили ва ҳоказоларидан лаззатланади. Бўлинмас ва ягона бадиий асардаги эмоционаллик, образли-бадиийлик ва интеллектуаллик полифонияси ўқувчида худди мусиқа тинглаётгаи, расм ёки ҳайкални томоша қилаётган кишидаги сингари ҳиссиётлар, тасаввур ва фикр-мулоҳазаларнинг уйғун мажмуасини вужудга келтириши керак. Бадиий адабиётни идрок қилишга муносабатнинг бундай тажрибаси тез-тез такрорланиб турса ва кечинмалар ҳамда фикр-мулоҳазалар юритиш учун ўзига чинакам қимматли мумтоз ва замонавий санъатни объект қилиб танлаб олган бўлса, қатъий формада мустаҳкамланиб қолиши мумкин.
Эстетик тарбия шахснинг шаклланишига катта ва ҳар томонлама таъсир кўрсатади. Энг аввало санъат асарини идрок этиш тажрибаси ижодий, образли тафаккурнинг ривожланишига ёрдам беради. Мураккаб ва такрорланмас воқеа ҳисобланган бадиий асар нозик хаёлий боғланишларни шакллантиради, тафаккурни бойитади ва чуқурлаштиради, ҳиссиётни ҳамда уни оғзаки ёки бошқа шаклда ифодалаш қобилиятини ривожлантиради. Сўз, айниқса шоирона сўз ҳиссиёти, тасаввур ва хаёл такомиллашади, ҳаётга ижодий муносабатда бўлиш, ўзининг ғоялари, ҳиссиёти ва кайфиятини бирор бадиий материал орқали ифодалаш қобилияти чуқурлашади.
Билишнинг турли шаклларидан (идрок қилиш, кечинма, санъат материалини ўзлаштириш, хаёлий тафаккурни ривожлантириш ва ҳоказолардан) фойдаланиш тажрибаси, ўқувчида умуман бадиий-ижодий қобилиятни ривожлантиришиинг изга солиб турувчисига айланиб қолади: тажриба қанчалик кам бўлса, ривожланиш даражаси ҳам шунчалик паст ва аксинча, у қанча кўп бўлса, ривожланиш даражаси ҳам шунча юқори бўлади.
Санъатни, табиатни ва гўзаллик элементлари мавжуд бўлган бошқа барча воқеаларни эстетик билиш билан шахсда бадиий дид, эстетик идеал, эстетик кечинма, гўзалликни ва уйғунликни кўриш, ҳис қилиш ҳамда уларни баҳолаш қобилияти сингари алоҳида хусусиятлар, фазилатлар таркиб топади. Эстетик билишнинг мана шу ҳамма кўринишлари қанчалик ривожланмасин, у охирги чегара бўла олмайди, балки улар инсоннинг бутун ҳаёти давомида такомиллашиб боради. Бу жараёнда умумий таълим мактаби жиддий босқич ҳисобланади. У болани санъатдаги ва борлиқдаги гўзалликлар билан таништириб, унда эстетикликнинг ҳар қандай кўрииишини ижодий идрок этиш қобилиятини ривожлантиради ва унга шу эстетикликни фарқлай олинши ўргатади, болада эстетик эҳтиёжни шакллантиради, санъатдаги ва борлиқдаги ҳар қандай воқеани баҳолаш малакасини такомиллаштиради.
Боланинг дастлабки муносабат тажрибаси ва атрофдаги нарсаларни билиши билан унда эстетик дид ривожлана бошлайди. Унинг энг интенсив шаклланадиган даври мактабда ўқиш йиллари бўлиб, бу даврда бола санъат воқеалари билан мунтазам танишиш имкониятига эга бўлади, унинг бадиий-ижодий қобилияти фаол ривожланади. Ўқитувчи таълимий ёки тарбиявий ишда ўқувчининг диққатини ҳаёт ва санъат воқеаларининг эстетик сифатларига жалб этади. Шуни айтиш керакки, ёш инсон ўзи идрок этган ҳамма нарсани бевосита ҳиссий баҳолашга катта одамдан кўра қобилиятлироқ бўлади. У танлашни ёқади ёки ёқмайди тарзида оддийгина ҳал қилади. Ўқувчида аста-секин шахсий эътирофи ва хайрихоҳлигини ифодаловчи тушунчалар комплекси ривожланади. Бола бошқалардан кўра кўпроқ ёқтирадиган асарларни танлаши ундаги эстетик диднинг кўрсаткичи ҳисобланади. Эстетик дид ўқувчидаги эстетик камолотнинг бошқа кўрсаткичларига нисбатан муайянроқ ва педагогик бошқариладиган бўлади. Ҳозирги пайтда ўқитувчи ўқувчининг бадиий ёки янада кенгроқ эстетик афзалликлар тўғрисидаги билимларига таяниб унга келажакда диди ўсишини кўрсатиш имкониятига эга.
Бадиий дид эстетик диднинг кўринишларидан биридир. Унда ўқувчининг адабиёт ва санъатга индивидуал муносабати, баҳоси ва интилиши акс этади.
Эстетик идеал-кишииииг моддий, маънавий-интеллектуал, ахлоқий ва бадиий олам кўринишларининг мукамаллиги ҳақидаги тушунчасидир. Кўпинча эстетик идеал аниқ ва ҳиссий образ характерида бўлади деб ҳисобланади. Лекин энг юқори даражадаги мукаммалликни аниқ эстетик ёки бадиий воқеа билан боғлайдиган киши анча кам учрайди.
Ўқувчи у ёки бу санъатга доир қандай асарни кўпроқ ёқтириши ҳақидаги саволига жавоб бера олади. Бунда китоблар, расмлар, мусиқа асарларини айтади. Бу асарлар ўқувчидаги бадиий ёки эстетик диднииг кўрсаткичлари бўлади, ҳатто, унинг идеалини тушунишга ҳам ёрдам беради, лекин идеалии ифодаловчи аниқ мисоллар бўла олмайди.
Одатда, кўпчилик ўқувчилардаги эстетик идеал яққол ва аниқ кўрсаткичларсиз, анча мавҳум ва тарқоқ феномен ҳисобланади. Болада етарлича ҳаётий тажриба йўқлиги, адабиёт ва санъат соҳаларидаги билимларнинг етишмаслиги эстетик идеалнинг шаклланиш имкониятини чеклаб қўйиши деб тушунтирилади.
Эстетик идеал тўғрисидаги тущунчанинг беқарорлиги мактаб ёши учун характерлидир. Ўқувчи эстетик воқеаларни билиш жараёнида у ёки бу нарсага қизиқиши мумкин. Саргузашт, илмий-фантастикага доир адабиётларга қизиқиш, вокал-чолғу ансамблига ишқибозлик билан алмашиниши, телевединиянинг бадиий эшиттиришларига иштиёқмандлик ўрниии ҳаваскорлик санъати эгаллаши мумкин ва ҳоказо. Билиш тажрибаси катта мактаб ёшида аста-секин эстетик идеал тўғрисидаги аниқроқ тушунчага айланади. Асарнинг ғоявий ва ба­диий мазмунини баҳолаш қобилияти таркиб топади, мумтоз адабиёт ва санъатга қизиқиш мустаҳкам­ланади.


Адабиётлар рўйхати

  1. Абдулла Шер. Эстетика. Дарслик. –Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги матбаа-ижодий уйи. 2014. –Б. 327-328

1 Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ги 29.04.2019 йилдаги ПФ-5712-сон Фармони,




Download 40.37 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling