§2.3. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши – ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим омили
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 11 мартдаги «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредит беришни кўпайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги
ПҚ-1501-сонли Қарори ва 2012 йил 18 июлдаги «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4455-сонли Фармони ҳамда бошқа қарорларига мувофиқ, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлаш ҳажмини янада ошириш, кредитлаш шартларини соддалаштириш, уларга банк хизматларидан фойдаланиш борасида қўшимча имтиёз ва қулайликлар яратиш бўйича чора-тадбирлар изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, 2014 йил давомида:
– кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш учун аризаларни кўриб чиқиш муддати 3 банк кунигача қисқартирилди;
– банк ҳисобварағини очиш, давлат бюджетига уларнинг ҳисобварақларидан солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашда банк хизмати учун тўлов ундириш ва нотариал тасдиқланган имзолар намунасини олиш бекор қилинди;
– ҳисобварақларга электрон кўринишда хизмат кўрсатиш учун олинадиган тўлов миқдори 20 фоизга қисқартирилиб, молия-банк соҳасида 8 турдаги рухсат бериш тамойиллари бекор қилинди;
– инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш учун кредитлар тўлаш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз 5 йилгача муддатга берилиши бўйича меъёр бекор қилиниб, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш муддати тижорат банкининг Кенгаши томонидан тасдиқланадиган «Банкнинг кредит сиёсати»да акс эттириладиган бўлди;
– тижорат банкларига кичик тадбиркорлик субъектларига кредит беришда кредитнинг умумий суммасида қарз олувчининг гаров таъминотини расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни ҳисобга олиш ҳуқуқи берилди.
Амалга оширилган тадбирлар натижасида 2014 йил давомида тижорат банклари томонидан мазкур соҳа субъектларига барча молиялаш манбалари ҳисобидан ажратилган кредитлари ҳажми 2013 йилга нисбатан 1,3 баробарга ошиб, қарийб 9,2 трлн. сўмни ташкил этди (4-расм).
Do'stlaringiz bilan baham: |