Кириш магистрлик диссертацияси мавзусининг асосланиши ва унинг долзарблиги


Download 190.52 Kb.
bet7/15
Sana20.12.2022
Hajmi190.52 Kb.
#1039988
TuriДиссертация
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   15
Bog'liq
Бойнияз

1.1-§. Ўзбек миллий кураши тарихи
Кураш спорт тури сифатида жуда кўплаб халқларда қадим замонлардан буён маълум бўлиб, инсоният тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Бундан беш минг йил илгариги даврга мансуб қадимги Месопотамиядан топилган ҳайкалчаларда кураш тушаётган полвонлар сиймоси тасвирланган. Кураш мусобақаси Қадимги Юнонистонда олимпия ўйинлари орасидан жой олган бешта беллашувнинг бири саналади.
Курашнинг хилма-хил кўринишлари Юнонистон, Италия, Япо­ния, Туркия, Эрон, Афғонистон, Ўзбекистон, Россия, Грузия, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда мавжуд. Масалан, қадимдан юнон-рум кураши, японларда “дзю­до”, “карате”, корейсларда “таэквандо”, хитойда “у-шу” каби кураш турлари ривожланиб келган. Хозирги кунда эса кураши­нинг 400 дан ортиқ усули бор.
Замонавий спорт курашнинг асосий коидалари XVIII аср охири ва XIX аср бошларида Европанинг бир неча мамлакатларида ишлаб чиқилди. 1912 йилда Халқаро ҳаваскорлар кураш федерацияси (FILA) тузилди. Хозир­ги кунда унга 144 мамлакат аъзо, жумладан, 1993 йилда Ўзбе­кистон хам ушбу федерацияга аъзо бўлди. Халқаро майдонда спорт курашининг юнон-рум кураши, эркин кураш, дзюдо, сам­бо турлари кенг тарқалган. Мустақиллик туфайли ўзбек миллий кураши ҳам алоҳида спорт тури сифатида дунёда тан олинди.
Ўзбек миллий курашининг пайдо бўлиши, айрим манбаларга кўра, уч ярим минг йиллик тарихга эга. Бунга мисол қилиб Қадимги Бақтрия, яъни Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудлари, айнан Сур­хон воҳасидан топилган жез даврига оид цилиндрсимон сопол идишда икки полвон ва улардан бири иккинчисини кураш усулида чалаётгани тасвирланган. Шу даврга оид бошқа бир археологик манбада эса полвонларнинг кураш усулларини намойиш этаётгани ифодаланган.
Шунингдек, милоддан аввалги III асрга оид ҳайкалчада икки курашчи бир-бирининг белбоғидан ушлаб тургани акс эттирилган. Юнон муаррихи Клавдий Элианнинг маълумотига кўра, юртимизда яшаган кадимги сак қабилаларининг қизлари ўзларининг бўлажак куёвлари билан кураш тушиб, турмушга чиққанлар.
Хитойнинг “Тан-шу” қўлёзмасида Довон (Фарғона) да тўйлар ва сайллар кураш мусобақасисиз ўтмаганлиги баён этилган. Тарихи минг йилликлар билан беллаша олагинан қадимий эпосимиз “Алпомиш” достонида Барчиннинг шартларида кураш мусобақасининг ўтказилиши ҳам миллий ку­рашимизнинг xaлқимиз турмуш тарзининг ажралмас узвий бўлагига айланганлигини кўрсатади.
Қадимда ва ўрта асрларда яшаб ижод этган қатор олимлар курашга алоҳида эътибор қаратганлари бежиз эмас. Милоднинг IX асрига келиб миллий курашимиз янги босқичга кўтарилди. Шу даврдан минтақанинг сиёсий майдонига чиққан сомонийлар, ғазнавийлар, қорахонийлар ва салжуқийлар каби сулолаларнинг хукмдорлари базм ва сайилларни ўтказиш чоғида тантаналарни моҳир полвонларнинг кураш мусобақалари билан бошлаб бериши одат тусига айланди.
Туркий халқларда азалдан кучли, эпчил, чаққон, баҳодир кишиларга нисбатан “алп” сўзи ишлатилган. Жумладан, Ғарбий Турк ҳоқонларидан бири Қора Чўриннинг ўғли Шери Кишвар Алп Арслон лақабини олган ёки Турк ҳоқонларидан бири Билга ҳоқоннинг укасининг исми ҳам Алп Эртунга бўлган ёки ғазнавийлар сулоласининг асосчиси Алп Тегин, Хоразмшоҳлар сулоласида Алп (Эл) Арслон исмли ҳукмдорларнинг ўтгани ҳам бежиз эмас.
Қолаверса, халқимизнинг севимли достони “Алпомиш” достонининг бош қаҳрамони Алпомишнинг асл исми Ҳакимбий бўлиб, Ҳакимбий Добонбий бобосидан қолган 14 ботмонлак ёйни кўтаргач, Алпо­миш номини олган. Ёҳуд Алпомиш Қалмоқ юртига бориб, 90 алпни енггани ҳақидаги сюжетларда ҳам алп сўзи паҳлавонларга нисбатан ишлатилган. Дастлаб кураш аҳолининг анъанавий байрамлари, тўй ва ҳашамларида йирик жамоатчилик тадбирларида кўнгил очиш ва дам олиш томошаси сифатида намойиш этилган бўлса, даврлар ўтиши билан мустақил спорт тури ва чиниқиш воситаси усулига айланди. Шарқнинг буюк мутафаккирлари Ибн Синонинг “Тиб қонунлари”, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғатит-турк”, Алишер Навоийнинг “Хамса”, “Ҳолати Паҳлавон Муҳаммад”, Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақоеъ”, Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномайи султоний”, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарларида мил­лий курашимиз тўғрисида қимматли маълумотлар берилган.
Ибн Сино бобомиз ёзадиларки, кураш ҳар хил турлардан иборат бўлган. Шулардан биттаси икки эркак бир-бирларининг белбоғларини ушлаб ўзига тортади ва ҳар бири ўз рақибидан қутулишга ҳаракат қилади. Лекин бири бошқасини қучоқлайди. Бунда полвон ўнг қўлини рақибнинг елка устидан, чап қўлини пастдан ўтказади. Кейин рақибини ўзига тортади. Курашнинг яна бир тури бир-бирига оёқ чалиш усули билан рақибни йиқитиши эканлиги айтилади. Машҳур тилшунос олим Маҳмуд Қоғарий ўзининг “Девони луғатит-турк” асарида 150 га яқин ўйин турларини тилга олиб, шундан 20 га яқин ўйинга батафсил тўҳталиб таъриф беради. Олим ўйин турлари, ўйинларнинг ёшга нисбатан тақсимоти, мусобақа шартлари ҳақида маълумот бериб, бундан мусобақаларни "баҳс" деб атайди. Жумладан, кураш баҳсларидан “боғдоди”, “чалиш”, “енг сикиш”, “бўйин қайириш” турларини санаб ўтади.
XII асрнинг донғи кетган паҳлавонларидан бири Паҳлавон Маҳмудни халқимиз ҳозиргача алоҳида ҳурмат ва эҳтиром би­лан тилга олади. Паҳлавон Маҳмуд асли хоразмлик бўлиб, пўстиндўзлик касби билан шуғулланган. Бу зотга яратган эгам улкан салоҳият ва куч-қудрат ато қилган. Шу боисдан ҳам бу кишининг номи нафақат Туронзаминда, балки Эрон, Хиндистон ва Шарқнинг кўпгина мамлакатларида ҳам маълуму машҳур бўлган.
Паҳлавон Маҳмуд тасаввуфнинг жувонмардлик тариқати етакчиларидан бири саналган ва “Пурёлвалий” номи билан ҳам машҳур бўлган. Хатто ҳинд рожаси Рай Попай Чунни ўлимдан олиб қолиб, бунинг эвазига Ҳиндистондаги ўн минг хоразмликни асирликдан озод этган. Ўзбек давлатчилиги тарихида шавкатли ўрин эгаллаган Соҳибқирон Амир Темур ҳам мардлик ва шижоат бобида беназир бўлган. Соҳибқирон мард, жасур, ҳалол инсонларни қадрлаган.
Соҳибқирон ўз аскарларининг жисмоний чиниқишида кураш мусобақаларига жиддий эътибор қаратганлиги хақида кўплаб муаррихлар ўз асарларида маълумот бериб ўтишган. Шеърият мулкининг султони Али­шер Навоий ҳазратлари ҳам кураш мусобақаларига, ўз даврининг паҳлавонларига катта эътибор билан ёндашган. Илгарилари душман қўшинлари жангдан олдин рақиб паҳлавонлари яккама-якка олишардилар ва аксари ҳолларда жанг оқибати ана шу олишувларнинг натижаларига боғлиқ бўларди.

Download 190.52 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   15




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling