528-модда. Ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслиги
Ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.
Ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир ҳуқуқини амалга оширишни рад этиши тўғрисидаги ёзма ёки оғзаки мажбуриятлари ҳақиқий эмас.
529-модда. Меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий усуллари
Меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий усуллари қуйидагилардан иборат:
ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ўзи ҳимоя қилишидан;
меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши устидан давлат назорати ҳамда текширувидан;
меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратидан;
меҳнат ҳуқуқларининг яраштирув-воситачилик тартиб-таомиллари орқали ҳимоя қилишдан;
меҳнат ҳуқуқларининг меҳнат низоларини кўриб чиқувчи органлар томонидан ҳимоя қилишдан.
Ходимларга меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усулини танлаш, қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ўз меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
32-боб. Ходим томонидан меҳнат ҳуқуқларини ўзи ҳимоя қилиши
530-модда. Меҳнат ҳуқуқларини ходим томонидан ҳимоя қилиш тушунчаси ва ҳимоя қилишни амалга ошириш
Ходим томонидан меҳнат ҳуқуқларини ўзи ҳимоя қилиши деганда ходимнинг бузилган ҳуқуқини меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни ва текширувни амалга оширувчи органларга ёхуд якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқувчи органларга мурожаат этмасдан ёки мурожаат қилган ҳолда тиклашга ва (ёки) ушбу ҳуқуқни амалга ошириш борасидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган мустақил равишдаги қонуний ҳаракатлари тушунилади.
Ходим ўз ҳуқуқи бузилганлиги ҳақида билган ёки билиши керак бўлган пайтдан эътиборан меҳнат ҳуқуқларини ўзи ҳимоя қилишни (бундан буён матнда ўзини ўзи ҳимоя қилиш деб юритилади) амалга оширишга ҳақли.
Ходим ўзини ўзи ҳимоя қилишни тўхтатиш тўғрисида ўз хоҳишига кўра исталган пайтда қарор қабул қилишга ҳақли.
Do'stlaringiz bilan baham: |