275-модда. Меҳнат нормаларининг амал қилиш муддати
Меҳнат нормалари доимий бўлиши мумкин, бунда улар номаълум муддатга белгиланади ва ушбу Кодекснинг 274-моддасига мувофиқ алмаштирилгунига ва қайта кўриб чиқилгунига қадар амал қилади, меҳнат нормалари вақтинчалик ҳам бўлиши мумкин, бунда улар маҳсулот ишлаб чиқаришни, техника, технологияларни ўзлаштириш даври учун ёки ишлаб чиқаришни ва меҳнатни ташкил этиш даври учун уч ойгача бўлган муддатга белгиланади. Мазкур муддат тугаганидан кейин вақтинчалик нормалар доимий нормалар билан алмаштирилиши лозим.
Айрим ҳолларда вақтинчалик нормаларнинг амал қилиш муддати иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда узайтирилиши мумкин.
Технология ўзгартирилганда, бахтсиз ҳодисалар ва авариялар юзага келиши хавфи билан боғлиқ ишларни бажаришда, шунингдек бир марталик хусусиятга эга бошқа шунга ўхшаш ишларни бажаришда меҳнат нормалари ҳар бир аниқ ҳолатда тегишли ишларни бажариш даври учун белгиланади.
276-модда. Иш берувчининг меҳнат нормаларини
бажариш учун зарур меҳнат шарт-шароитларини таъминлаш мажбуриятлари
Иш берувчи меҳнат нормаларининг бажарилиши учун зарур шарт-шароитларни таъминлаши шарт. Бундай шарт-шароитлар жумласига қуйидагилар киради:
бинолар, иншоотлар, машиналар, технологик жиҳозлар ва бошқа асбоб-ускуналарнинг соз ҳолатда бўлиши;
ишларни бажариш учун зарур бўлган техник ҳужжатлар ва бошқа зарур ҳужжатлар билан ўз вақтида таъминлаш;
меҳнат шартномасида шартлашилган ишларни бажариш учун зарур бўлган материаллар, асбоблар, бошқа воситалар ва буюмларнинг лозим даражада сифатли бўлиши, уларнинг ходимга ўз вақтида тақдим этилиши;
меҳнат муҳофазаси ва ишлаб чиқариш хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган меҳнат шарт-шароитлари.
277-модда. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида
нархларни аниқлаш
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида нархлар белгиланган иш разрядларидан, меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларидан, тариф ставкаларидан (маошлардан) ва ишлаб бериш нормаларидан (вақт нормаларидан) келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Ишбай нарх бажариладиган ишнинг разрядига мувофиқ бўлган кунбай тариф ставкасини ёки соатбай тариф ставкасини кунбай ёки соатбай ишлаб бериш нормасига бўлиш йўли билан аниқланади. Ишбай нарх бажариладиган ишнинг разрядига мувофиқ бўлган кунбай тариф ставкасини ёхуд соатбай тариф ставкасини белгиланган кунбай ёки соатбай вақт нормасига кўпайтириш йўли билан ҳам аниқланиши мумкин.
Кунбай тариф ставкаси (маош) ёки соатбай тариф ставкаси меҳнатга ҳақ тўлашнинг разрядига мувофиқ бўлган ойлик тариф ставкасини ёки лавозим маошини иш кунларининг ёхуд иш соатларининг ойлик нормасига бўлиш йўли билан аниқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |