69-модда. Сайловда иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан тақдим
этиладиган ҳужжатлар
Депутатликка номзодлар кўрсатиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун
қолганида Марказий сайлов комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:
сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия сайлов кампанияси
бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин рўйхатга олинганлигини
тасдиқловчи маълумотномаси;
имзо варақалари.
Ушбу модданинг
биринчи қисмида
кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилгач, Марказий
сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакилига ҳужжат қабул қилиб олинган сана
ва вақт қайд этилган маълумотнома беради. Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган
ҳужжатлар асосида беш кунлик муддат ичида сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишига
ижозат бериш тўғрисида қарор қабул қилади. Сайловда иштирок этувчи партиялар рўйхати
аризаларнинг келиб тушиши навбати тартибида марказий матбуотда эълон қилинади.
70-модда. Сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатиш
Депутатликка номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади
ва сайловга қирқ беш кун қолганида тугайди.
Депутатликка номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари
томонидан амалга оширилади.
Сиёсий партиялар депутатликка бир юз эллик нафар номзод, яъни ҳар бир сайлов
округидан биттадан депутатликка номзод кўрсатишга ваколатлидир. Бир шахс фақат битта
сайлов округидан депутатликка номзод этиб кўрсатилиши мумкин. Депутатликка
номзодларни танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан белгиланади.
Аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий
сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши керак.
Сиёсий партиялар ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни депутатликка номзод
этиб кўрсатишга ваколатлидир. Депутатликка номзодлар кўрсатиш тўғрисида баённома
тузилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |