5.3. Корхоналарда режалаштириш ва башорат қилиш
Башарот – бу, корхона, объект ёки ҳодисанинг келажакдаги аҳволи ва уларни амалга ошириш вариантлари ва муддати тўғрисидаги илмий жиҳатдан асосланган мулоҳазадир. Башоратларни ишлаб чиқиш жараёни башорат қилиш, яъни келажакни ҳозирги пайтдан келиб чиққан ҳолда олдиндан кўра билиш деб аталади.
Корхоналар фаолиятида иқтисодий башоратлар алоҳида ва етакчи ўрин эгаллайди. Уларнинг асосий вазифалари қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:
-ривожланиш мақсадларини белгилаш,
-оптимал йўналишлар ва уларга эришиш воситаларини излаб топиш,
-ресурсларни ва қўйилган вазифаларни бажариш муддатларини белгилаш,
-корхона ривожланишига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган чеклашларни аниқлаш.
Режалаштириш – қарор қабул қилишнинг узлуксиз бир жараёни бўлиб, бу жараён давомида корхона фаолияти ва ривожланишининг мақсад ва вазифалари атрофда рўй бераётган ўзгаришларни инобатга олган ҳолда вақт бўйича аниқланади ва белгиланади ҳамда уларни амалга ошириш учун ресурслар аниқланади.
Мазмунига кўра, режалаштириш техник-иқтисодий ва тезкор-ишлаб чиқариш турларига бўлинади.
Техник-иқтисодий режалаштириш корхона фаолиятининг барча (иқтисодий, техник, ижтимоий ва ҳоказо) жиҳатларини қамраб олувчи режалаштириш тури бўлиб, асосан бир йилга мўлжалланган иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш режаси шаклида амалга оширилади. Мазкур режалаштириш турининг соддалаштирилган кўриниши кўпинча корхона фаолиятининг йиллик режаси деб аталади.
Тезкор-ишлаб чиқариш режалаштириш техник-иқтисодий режалаштиришнинг давоми бўлиб, корхона фаолияти йиллик режасини янада қисқароқ муддатга - сутка, ўн кунлик, ойга бўлиб муайянлаштириш билан тавсифланади. Тезкор-ишлаб чиқариш режалаштириш-календарь режалаштириш ва диспетчерлашдан иборат бўлади.
Календарь режалаштиришда корхона йиллик режасида ва биринчи ўринда ишлаб чиқариш дастури(маҳсулот тайёрлаш режаси)ни ўн кунлик, ҳафта, кун ва смена бўйича аниқлаштириш ҳамда бу кўрсаткичларни бажарувчиларга етказиш кўзда тутилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |