Вазифасига кўра тестларнинг икки тури маълум:
5.1. Билимларни аниқлайдиган тестлар асосан назариянинг қай даражада ўзлаштирилганини кўрсатади. Уларнинг асосий хусусияти бундай тестларда аниқ жавоблар берилиши талаб қилинишидадир. Билимларни асосан даврий тестлар ёрдамида аниқлаш мумкин.
5.2. Малака ва кўникмаларни аниқлайдиган тестлар машқ кўринишидаги топшириқлардан иборат бўлади. Бу тестларни бажараётган талаба ушбу мавзуни ўрганганда ўзида қандай малакалар ҳосил бўлганини намойиш қилади. Малака ва кўникмаларни кундалик ва туркумли тестлар ёрдамида аниқлаш мумкин.
Бажарилиш усулига кўра тестлар уч хил бўлади:
6.1. Оғзаки равишда бажариладиган тестлар қоғоз иштирокисиз ўтказилади. Уларни аудио- техник воситаларга ёзиш мақсадга мувофиқ. Айрим ҳолларда бундай тестлар ягона назорат усули бўлиб, оғзаки нутқни эгаллаш кўникмаларини табиийга яқинлаштирлган шароитларда аниқлайди. Бундан ташқари, оғзаки тестларда топшириқ шартини доскага ёки карточкага ёзиш, шунингдек, телетестлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Жавоблар оғзаки равишда берилади.
6.2. Ёзма равишда бажариладиган тестлар қулайлиги ва тежамкорлилиги, уларга керакли шарт-шароитларнинг деярли ҳар доим мавжудлиги туфайли кенг тарқалган. Тест топшириқлари ёзма равишда берилиб, жавоблар “тўғри - нотўғри”, “+” ва “-” тарздаги муқобил (альтернатив) кўринишда ёки тўғри жавобга “+” белгисини қўйиш тарзида, ёзма равишда берилади. “Тўлдиринг” тарзидаги топшириқларда синалаётганлар бўш қолдирилган жойларни тўлдиришади ёки бутун жавобни ёзишади. Ҳозирги вақтда қўлланаётган тестларда танланган жавоб рақамини доирача билан белгилаш кенг тарқалган. Ёзма бажариладиган тестларнинг натижаларини текшириш қулай ва оз вақт талаб қилади.
6.3. Компьютер ёрдамида бажариладиган тестлар таълим берувчи дастурлар асосида амалга оширилади. Бундай дастурлар икки режимда ишлайди: репетиторлик (таълим берувчи) ва имтиҳон олувчи (назорат қилувчи ) дастурлар. Ҳозирга вақтда тестларни компьютерларда бажариш энг тезкор усул бўлиб ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |