2. Сўз ўзгартирувчи қўшимчалар (айрим дарсликларда “алоқа- муносабат шакли қўшимчалари” дейилади (19; 18) гапда сўзларни бир-бирига боғлайдиган қўшимчалардир. Булар 3 турли бўлади: 1) келишик қўшимчалари: китобни, уйга, дафтарнинг. 2) эгалик қўшимчалари: мактабимиз, укам, боғи.
3) шахс-сон қўшимчалари: едик, бордим, келдинг, юрасан.
3. Шакл ясовчи қўшимчалар (айрим дарсликларда «луғавий шакл қўшимчалари” дейилади (19; 19) ўзакка қўшилиб, маънони бир оз ўзгартирадиган, қўшимча маъно орттирадиган, лекин янги сўз ясамайдиган қўшимчалардир. Булар сўзларни бир-бирига боғлаш вазифасини бажармайди, балки кўплик (китоблар), кичрайтириш (уйча), эркалаш (қизалоқ), чегаралаш (уйгача), камлик (оқаринқирамоқ), кучайтириш (тепкиламоқ, чайқа), гумон (кимдир), даража (каттароқ) каби маъноларни ифодалайди,
Ўзбек тилида қўшимчаларнинг ўзакка қўшилиш тартиби, одатда, қуйидагича: Асос + сўз ясовчи қўшимчалар + луғавий шакл ясовчи қўшимчалар + сўз ўзгартувчи(синтактик шакл ясовчи) қўшимчалар: китоб+хон+лар+нинг.
Қўшимчалар тузилишига кўра 2 хил бўлади:
1. Содда қўшимчалар бошқа қўшимчаларга ажралмайди: ақлли.
2. Мураккаб қўшимчалар камида иккита қўшимчанинг қўшилишидан ҳосил бўлади: деҳқончилик, одамгарчилик, ёрдамлаш, отлан, уйдаги, юзлаб, бутунлай, очиқчасига, тортқила, хомлигича, тепкила, турткила, югургиламоқ, эзғиламоқ, акаларча.
Ўзакка сўз ясовчи қўшимча қўшилишидан ҳосил бўлган қисм негиз дейилади: пахтакорларга, гулзорда, билимлилар.
Шуни айтиш керакки, сўзнинг морфемик таркиби деганда унинг ўзак ва қўшимчалардан иборатлиги назарда тутилса, морфологик таркиби деганда сўзнинг негизи ва шакл ясовчи, сўз ўзгартувчи қўшимчалар назарда тутилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |