2-§. Сўзларнинг ишлатилиш даражасига кўра гуруҳлари
Бу жиҳатдан тилимиздаги сўзларни иккита гуруҳга бўлиш мумкин:
1. Умумхалқ ишлатадиган сўзлар кундалик турмушда ҳамманинг нутқида тез-тез қўлланадиган сўзлардир: нон, сув, бугун, ким, беш, яхши, сотди ва б. Буларни яна фаол сўзлар ҳам дейишади. Улар тилнинг асосий сўз бойлигидир.
2. Умумхалқ ишлатмайдиган сўзлар турли сабабларга кўра кундалик турмушда ҳамманинг нутқида ҳам тез-тез қўлланавермайдиган сўзлардир. Буларни яна нофаол сўзлар ҳам дейишади. Бу сўзларни қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин:
1) атамалар (терминлар) - илм-фан, техника, санъатга хос сўзлардир. Булар одатда бир маънони билдиради: урғу, кесим, ундалма ва б. Атамалар илмий нутқда қўлланади. Улар икки хил усул билан ҳосил қилинади:
а) умумхалқ ишлатадиган сўзлар орасидан айримларининг маъноси торайиб, умумхалқ тилида бир маънони, илмий нутқда эса бошқа маънони ифодалайдиган бўлиб қолади: феъл (умумхалқ тилида характер, феъл-атвор маъносини, илмий тилда сўз туркуми номини билдиради);
б) бошқа тиллардан сўз олиш орқали ҳосил қилинади: омоним, пароним ва б.;
2) шевага хос сўзлар - маълум ҳудуддагина ишлатилиб, фақат шу ерда яшовчи кишиларга тушунарли бўлган сўзлардир: хоразмча момо (буви), гашир (сабзи), мояк (тухум), ўжак (бузоқ), тахя (дўппи), сеча (чумчуқ), така (ёстиқ), ҳовва (ҳа); фарғонача шатта (шу ерда), валиш (ишком) пақир (челак); бухороча каллапўш (дўппи), инак (сигир), нана (она); тошкентча ада (ота), дода (бобо); Ёзувчилар бадиий асарларида қаҳрамонларнинг қаерлик эканини, тилидаги хусусиятларни кўрсатиш учун уларнинг нутқида баъзан шевага хос сўз ва қўшимчаларни ҳам ишлатадилар.
3) касб-ҳунарга оид сўзлар - маълум касб-ҳунар эгалари ишлатадиган сўзлардир. Тикувчилик: андоза, ангишвона, қатим, бичиқ ва б. Ёзувчилар бадиий асарларида қаҳрамонларнинг меҳнат фаолиятини кўрсатиш учун уларнинг касб-ҳунарларига оид сўзлардан ҳам фойдаланадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |