Диққат! Айрим дарсликларда атамалар ва касб-ҳунар сўзлари битта гуруҳга киритилиб, илмий атамалар ва касбий атамалар деган гуруҳчаларга бўлинади. (23; 189-191)
4) эскириб қолган сўзлар – кундалик ҳаётда ишлатилмайдиган бўлиб қолган сўзлардир. Жамият тўхтовсиз ривожланиб боради. Йиллар ўтиши билан меҳнат қуроллари, кийим-кечак, уй жиҳозларининг янги нусхалари пайдо бўлади, эскиларининг баъзилари ишлатилмайдиган бўлиб қолади, натижада уларни ифодаловчи сўзлар ҳам бора-бора жуда кам қўлланади ёки истеъмолдан чиқиб кетади. Эскирган сўзлар иккита гуруҳга ажратилади:
а) тарихий сўзлар – ҳозирда мавжуд бўлмаган нарса-ҳодисаларнинг истеъмолдан бутунлай чиқиб кетган номларидир; бунда сўз ўзи ифодалаган тушунча билан биргаликда эскиради: мингбоши, элликбоши, канизак, омоч, додҳоҳ, мумсик, халфа, мўнди...
б) архаик сўзлар ҳозирда мавжуд бўлган нарса-ҳодисаларнинг эскириб қолган атамаларидир; бунда сўз эскиради, лекин тушунча эскирмайди, у бошқа сўз билан ифодаланадиган бўлиб қолади. Бундай сўзлар истеъмолдан чиқиш арафасида турган, ҳозирги тилда синоними бўлган сўзлардир (қавс ичида ҳозирги тилдаги синонимлари берилган): район (туман), экспресс (тезюрар), область (вилоят), врач (шифокор), хирург (жарроҳ), инженер (муҳандис), редактор (муҳаррир), редакция (таҳририят), улус (халқ), битик (ёзув) ...
5) янги пайдо бўлган сўзлар - фан, техника ва санъатнинг ривожланиши билан тилда янги пайдо бўлган тушунчаларнинг номларини ифодаловчи сўзлардир: хоккейчи, лимонзор, фермер, телеминора, компьютер, дискет, сайт, файл, чип, шоу, дебат...
6) жаргон сўзлар (французча jargon – “бузилган тил” дегани) - қизиқишлари, машғулотлари умумий бўлган одамлар (сарой аристократияси, савдогарлар, отарчилар, талабалар, ўқувчилар) томонидан ишлатиладиган сўзлардир: офтоби олам (подшоҳ), тиш (гуруч), эллик олти (ипак), қайчи (ревизор) каби.
Do'stlaringiz bilan baham: |