М. А.Ҳамроев она тилидан маърузалар


Download 1.58 Mb.
bet62/149
Sana15.06.2023
Hajmi1.58 Mb.
#1486497
1   ...   58   59   60   61   62   63   64   65   ...   149
Bog'liq
М. А. амроев она тилидан маърузалар

3. Мажҳул нисбатдаги феъллар иш-ҳаракатнинг аниқ бажарувчисини кўрсатмайди. Бу феъллар ҳам н, -ин, -л, -ил қўшимчалари ёрдамида ҳосил қилинади: тўкилди, тўпланди, очилди, олинди.
Ўзлик ва мажҳул нисбатдаги феъллар бир хил қўшимча ёрдамида ҳосил бўлганда, уларнинг қайси нисбатдалиги гап мазмунидан ёки феълдан олдин ўзи сўзини келтириб кўриш билан аниқланади: Мукофотлар берилди. Алишер ўқишга берилди. (1-феъл мажҳул, 2-феъл ўзлик нисбатдадир). Ўзлик нисбатда ҳаракатнинг бажарувчиси аниқ бўлади ва у гапда эга вазифасида келади (Санжар имтиҳонга тайёрланди), мажҳул нисбатда эса бажарувчи (субъект) ноаниқ бўлади ва у гап таркибида тўлдирувчи вазифасини бажариб келади (Деворий газета Санжар томонидан тайёрланди).
Мажҳул нисбат шакллари, кўпинча ўтимли феъллардан ёки орттирма нисбат шаклидаги ўтимсиз феъллардан ясалади: китобни ўқиди – китоб ўқилди; машқни ёздирди – машқ ёздирилди.
4. Биргалик нисбатидаги феъллар иш-ҳаракатнинг бир неча шахс ёки нарса-буюм томонидан биргаликда бажарилганлигини билдиради ва унли билан тугаган негизга -ш, ундош билан тугаган негизга -иш қўшимчасини қўшиш билан ясалади: Бундай феъллар иш-ҳаракатнинг бир неча шахс ёки нарса томонидан бажарилганлигини ёки биргалик-кўплик маъноларини ифодалайди: Карим ва Аҳмад мақола ёзишди. Болалар пахта теришди. Тўқнашди, ўртоқлашди, оммалашди, ҳазиллашди, гўзаллашди, боқишди, қарашди (ёрдамлашди), айтишди, тортишди (баҳслашди) феъллари ҳозирги ўзбек тилида ажралмас ҳолатга келиб қолганлиги учун аниқлик нисбатидадир.
5. Орттирма нисбатдаги феъллар иш-ҳаракатнинг бажарувчи таъсирида бошқа бирор шахс ёки нарса-буюм воситасида бажарилганлигини билдиради ва –т (асосан, унли билан тугаган кўп бўғинли феълларга қўшилади), -тир (жарангсиз ундош билан тугаган бир бўғинли (кел феълидан ташқари), кўп бўғинли феълларнинг кўпчилигига қўшилади), -дир ( асосан, жарангли ундош билан тугаган бир бўғинли феълларга қўшилади), -ир, -ар, -из, -гиз, -киз, -ғиз, -газ, -қиз, -сат қўшимчалари ёрдамида ҳосил қилинади: ўқит, келтир, ёздир, битир, учир, пишир, қочир, очир, тошир, чиқар, қайтар, томиз, эмиз, оқиз, юргиз, кўргаз, турғиз, кеткиз, тутқаз, ўтказ, кўрсат. Бу қўшимчалар ўтимсиз феълларни ўтимли феълларга айлантиради: келди – келтирди, юрди – юргизди, учди - учирди, пишди – пиширди, чиқди – чиқарди, ўтди –ўтказди.
Айрим феъллар орттирма нисбат шаклида янги маъно ифодалайдиган бўлиб қолади ва шунинг учун уларни аниқ нисбатда қўллаб бўлмайди: эркаламоқ – эркалатмоқ (иккала шаклда ҳам орттирма нисбат маъносини ифодалаяпти).
Бир феълга биттадан ортиқ орттирма нисбат қўшимчаси қўшилиши мумкин: Егиз - егиздир, ёздир - ёздиртир. Бундай феълларда орттирма нисбат маъноси кучайтирилади.
Феълнинг орттирма нисбати ўзлик ва биргалик нисбатдаги феъллардан ҳам ҳосил қилиниши мумкин: ювинтир, йиғиштир.Орттирма нисбатдаги феъллардан биргалик ва мажҳул нисбатдаги феъллар ҳосил қилиниши мумкин: иситилди, ёздиришди.
Орттирма нисбат қўшимчалари ҳолат феълларини кўпинча натижали фаолият феълларига айлантиради: ухламоқ – ухлатмоқ, кулмоқ – кулдирмоқ, йиғламоқ – йиғлатмоқ. Мажҳул ва ўзлик нисбати қўшимчалари эса натижали фаолият феълларини ҳолат феълларига айлантиради (19; 74): қурмоқ – қурилмоқ, бўямоқ – бўянмоқ, букмоқ – букилмоқ, ясамоқ – ясанмоқ.
Бирдан ортиқ нисбат қўшимчаларини олган феълларнинг қайси нисбатдалиги охирги нисбат қўшимчасига қараб белгиланади: ювинтирди - орттирма нисбат, ювинтирилди - мажҳул нисбат, ювинтиришди – биргалик нисбати.



Download 1.58 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   58   59   60   61   62   63   64   65   ...   149




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling