3-§. Феълларнинг замон шакллари
Феъл ифодалаган иш-ҳаракатнинг пайтга муносабати феъл замонлари дейилади. Феълларда учта замон мавжуд:
1. Ўтган замон феъллари нутқ пайтидан олдин бажарилган ёки бажарилмаган иш-ҳаракатни билдиради: ёзди, келди, борди.
Ўтган замон феъллари ўз навбатида беш турга бўлинади:
1) яқин ўтган замон феъллари -ди қўшимчаси ва тусланиш ёрдамида ҳосил қилинади: келди, бордим.
2) узоқ ўтган замон феъллари -ган қўшимчаси ва эди, экан феълларини туслаш ёрдамида ҳосил қилинади: келган эди.
3) ўтган замон ҳикоя феъллари -(и)б қўшимчасини олган феълларни туслаш ёрдамида ҳосил қилинади: келибман.
4) ўтган замон мақсад феъллари -моқчи қўшимчаси ва эди феълини туслаш ёрдамида ясалади: келмоқчи эдик.
5) ўтган замон давом феъллари -(а)р қўшимчаси ва эди феълини туслаш ёрдамида ясалади: келар эдинг.
2. Ҳозирги замон феъллари нутқ пайтининг ўзида бажарилаётган ёки бажарилмаётган иш-ҳаракатни билдиради ва икки турга ажратилади:
1) ҳозирги замон давом феъллари –яп (бу қўшимча ундошдан кейин –аяп тарзида айтилса ҳам, -яп ёзилади: бораяпти эмас боряпти), -моқда, -ётир, -ётиб қўшимчалари ва тусланиш ёрдамида ҳосил қилинади: келяпти, бормоқда, чиқаётиб. Бу замон тури ёт, тур, юр, ўтир кўмакчи феъллари ёрдамида ҳам ясалади: ёзиб ётибди, ёзиб турибди, ўқиб юрибди, гаплашиб ўтирибди.
2) ҳозирги-келаси замон феъллари -а ёки -й қўшимчалари ва тусланиш ёрдамида ҳосил қилинади: бораман, келасан, ўқийман.
Диққат! Айрим дарсликларда –а, -й қўшимчалари келаси замон феълларини ҳосил қилувчи қўшимчалар сифатида берилади. (24; 82)
Do'stlaringiz bilan baham: |