М. А.Ҳамроев она тилидан маърузалар
Download 1.58 Mb.
|
М. А. амроев она тилидан маърузалар
- Bu sahifa navigatsiya:
- 1-§. Тўлиқсиз феъллар Ўзининг луғавий маъносини бутунлай йўқотиб, ёрдамчи сўзларга яқинлашиб қолган феъллар тўлиқсиз феъллар
18 - М А Ъ Р У З А
Режа: 1. Тўлиқсиз феъллар 2. Етакчи ва кўмакчи феъллар 3. Феълнинг вазифа (хосланган) шакллари 4. Феълларнинг ясалиши 5. Ҳаракатни қай даражада ифодалашига кўра феъл турлари 6. Феълнинг тузилиш жиҳатдан турлари 1-§. Тўлиқсиз феъллар Ўзининг луғавий маъносини бутунлай йўқотиб, ёрдамчи сўзларга яқинлашиб қолган феъллар тўлиқсиз феъллар дейилади. Буларга эди, экан, эмиш, эмас, сўзлари киради (эса боғловчилар гуруҳига ўтиб кетган). Тўлиқсиз феъллар қуйидаги умумий хусусиятларга эга: 1) мустақил луғавий маънога эга эмас. 2) нисбат, бўлишсизлик, замон каби маъноларга эга эмас. 3) шахс-сон қўшимчалари уларга қўшилса ҳам, шахс маъноси тўлиқсиз феъл қатнашган бутун бирикмага тегишлидир. 4) тўлиқсиз феъл қатнашган бирикма (асосий феъл+тўлиқсиз феъл) таркибидаги тўлиқсиз феълни ҳар доим ҳам тушириб бўлмайди. 5) тўлиқсиз феъл таркибидаги “э” товуши тушиб қолиши мумкин. 6) тўлиқсиз феъллар отларга (кенг маънода) ҳам, феълларга ҳам бирика олади. Улар кўпроқ сифатдош ва равишдошга бирикади. 7) бу феъллар кетма-кет қўшилиши ҳам мумкин: Опам ишдан келган эдимикин (эдими экан)? 8) бу феъллар қатор келган бир неча феълнинг охиргисига бирикади. Тўлиқсиз феъллар гапда кўпинча боғлама (эга билан кесимни боғловчи восита) вазифасини бажаради: Отаси ишчи экан. 2-§. Етакчи ва кўмакчи феъллар Нутқимизда биттадан ортиқ феълдан иборат бўлган бирликлар ҳам бор. Улар таркибидаги асосий маънони ифодалайдиган феъл етакчи феъл дейилади: ўқиб чиқди, кўра бошлади, айтиб бериб тура қол. Етакчи феълнинг маъносини изоҳлайдиган, тўлдирадиган феъл эса кўмакчи феъл дейилади: ўқиб чиқди, кўра бошлади, сотиб юборди, бериб тур, йиқила ёзди, гапириб бериб қўя қол ва б. Етакчи ва кўмакчи феълнинг қўшилишидан қўшма феъл, яъни янги сўз ҳосил бўлмайди, чунки улар биргаликда янги бир луғавий маънони ифодаламайди. Етакчи ва кўмакчи феълнинг бирикишидан кўмакчи феълли сўз қўшилмаси ҳосил бўлади. Айрим дарсликларда бу бирикмалар ҳаракат тарзи шакллари деб юритилади (19; 61). Ҳаракат тарзи шакллари қуйидаги маъноларни ифодалайди (19; 63-64): 1) ҳаракатни бажаришга киришиш (ўқий бошлади); 2) ҳаракатни бажаришга имконият (бажара олади); 3) ҳаракатнинг давомли муддатда ора-сира бажариш (бориб турибман, ишлаб ётибди, ўқиб юрибди); 4) ҳаракатнинг кутилмаганда содир бўлиши (кўриб қолди); 5) ҳаракатни синаш мақсадида бажариш (татиб кўрди); 6) ҳаракатларни ўз мақсадларида бажариш (ёзиб олди); 7) ҳаракатнинг бошқалар учун бажарилиши (сотиб берди); 8) ҳаракатнинг узоқ давом этиши (синаб юрибман); 9) ҳаракатнинг фавқулоддалиги (ишониб ўтирибман); 10) ҳаракатнинг тўла бажарилиши (бажариб бўлди, ўқиб чиқди); 11) ҳаракатнинг тез, тўсиқсиз ва осон бажарилиши (олиб ташладик, бошлаб юбордик, ёзиб қўйдим); 12) ҳаракатни бажармасликни қатъий таъкидлаш (бора кўрма); 13) ҳаракатнинг маълум муддатгача давом эттирилиши (тура тургин). 14) ҳаракатнинг юз беришига оз қолганлик маъноси (йиқила ёздим). Бу шакл кўп ўринларда қўшиб ёзилади. Баъзан кўмакчи феълли сўз қўшилмаси таркибидаги етакчи феъл уюшиб келиши ҳам мумкин: Йил сайин совхознинг ери кенгайиб, техникаси кўпайиб , одамлари ўсиб бормоқда. Баъзан кўмакчи феъл ҳам бирдан ортиқ бўлиши мумкин: айтиб бериб тура қол (айтиб – етакчи феъл, бериб тура қол – кўмакчи феъл). Кўмакчи феъллар етакчи феълларга равишдош ясовчи –(и)б, -а, -й қўшимчалари ёрдамида боғланади. Айрим кўмакчи феъллар етакчи феълга қўшимчасиз ҳам бирикади: ёзди-олди, кетсин-қўйсин, айт-қўй. Етакчи феълларга сўз ясовчи ва шакл ясовчи қўшимчалар, кўмакчи феълларга эса барча турдаги (замон, шахс-сон, нисбат, вазифадош шаклларнинг қўшимчалари) қўшимчалар қўшила олади: ёзиб оламан, ишлай бошладик. Нисбат ва бўлишсизлик шакллари қўшимчалари етакчи феълга ҳам, кўмакчи феълга ҳам қўшила олади: гапиртирмай қўйишмайди. Кўмакчи феълли сўз қўшилмаларида ўзлик нисбат қўшимчалари фақат етакчи феълга қўшилади, мажҳул даража қўшимчаси кўпинча кўмакчи феълга қўшилади, орттирма нисбат қўшимчаси асосан етакчи феълга қўшилади, биргалик нисбат қўшимчаси эса етакчи феълга ҳам, кўмакчи феълга ҳам қўшилаверади Ўзбек тилида фақат кўмакчи феъл бўлиб келадиган феъллар йўқ. Айрим феъллар ўз асл маъноларидан ташқари, кўмакчи феъл тарзида келади. Буларни етакчи феълга боғланиши жиҳатидан қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин: 1) равишдошнинг –(и)б қўшимчали турига бирикади: ёт, ўтир, юр, кел, бўл, бит, чиқ, ет, ўт, юбор, ташла, туш, ўл, қара, боқ, қўй; 2) равишдошнинг –а,-й қўшимчали турига бирикади: бошла, бил, ёз; 3) равишдошнинг ҳам –(и)б, ҳам –а, -й қўшимчали турларига бирикади: тур, бор, ол, бер, қол, кўр, кет. (сол кўмакчи феъли –(и)б, -а қўшимчасини олган етакчи феълга боғланади. Бу кўмакчи феълларни яна маъно жиҳатидан ҳаракат жараёнини тасвирловчи (бошла, кел, кет, ёт, тур, юр, ўтир, бор, бер, бўл, бит, битир, чиқ, ет, ўт, ол, қўй, юбор, сол, туш,ташла, ўл, кўр, ёз, қол), модал маъноларни ифодаловчи, яъни сўзловчининг ҳаракатга бўлган муносабатини кўрсатувчи (бил, бўл, ол,қол, қўй, кўр, бер, қара, боқ, тур, юр, ўтир, ёз), йўналиш маъносини ифодаловчи (ол, бер) каби гуруҳларга бўлиш мумкин. Download 1.58 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling