4-§. Боғловчи ҳақида маълумот
Сўзларни ва қўшма гапдаги содда гапларни бир-бирига боғлаш учун хизмат қиладиган ёрдамчи сўзлар боғловчи деб аталади: Майса ва дарахтларга жон киряпти, чунки баҳорнинг илиқ нафаси сезила бошлаган эди.
Боғловчилар гапда қўлланишига кўра икки хил бўлади:
1. Якка ҳолда қўлланадиган боғловчилар: ва, аммо, чунки.
2. Такрорланган ҳолда қўлланадиган боғловчилар: ё...ё, ёки...ёки.
Боғловчилар вазифасига кўра тенг боғловчилар ва эргаштирувчи боғловчиларга бўлинади.
1. Тенг боғловчилар
Бу боғловчилар сўзларни ва қўшма гап таркибидаги содда гапларни тенг ҳуқуқли қилиб боғлайди ва қуйидаги турларга бўлинади:
1) бириктирув боғловчилари - ва, ҳам, ҳамда: Ҳам сўзи уюшиқ бўлаклар олдидан келгандагина боғловчи ҳисобланади: Ҳам акамни, ҳам укамни табриклашди ва совғалар топширишди ҳамда дам олиш уйига йўлланма билан мукофотлашди. Билан кўмакчиси уюшиқ бўлакларни боғлаганда бириктирувчи боғловчи (ва) ўрнида келиши мумкин: Карим билан Салим мактабга бирга боришган. Бу сўз ўзаро тобе боғланган сўзларни боғлаганда кўмакчи ҳисобланади: укам билан бордим.
2) зидлов боғловчилари: аммо, лекин, бироқ, балки, ҳолбуки. Бу боғловчилар содда гапдаги сўзларни ёки қўшма гап таркибидаги содда гапларни боғлаб, зид муносабатларни ифодалайди: У келди, аммо ўтирмади. Ҳаво булутлашди, лекин ёмғир ёғмади. Сўзлашув тилида рус тилидан ўтган а боғловчиси ҳам шундай вазифани бажаради: Мен бормоқчиман, а сиз-чи?
3) айирув боғловчилари: ё, ёки, ёхуд, гоҳ, баъзан, ёинки, ё...ё, ёки...ёки, гоҳ...гоҳ, баъзан...баъзан, бир...бир, хоҳ...хоҳ, дам...дам. Бу боғловчилар уюшган бўлакларни ёки қўшма гап қисмларини бир-биридан айириб боғлайди: Алижон гоҳ менга, гоҳ ерга қараб жим тураверди. Ё сен борасан, ё мен келаман. –ми сўроқ юкламаси айирув боғловчилари ўрнида алмашиб келиши мумкин: Кўчагами, ҳовлигами чиқиб кетибди. (Ё кўчага, ё ҳовлига...)
Do'stlaringiz bilan baham: |