102 - м о д д а. Эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш
Эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш -
икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эҳтиётсизлик орқасида икки ва ундан ортиқ одам ўлдириш -
икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш субъектив томондан жиноий ўз-ўзига ишониш ёки жиноий бепарволик оқибатида содир этилиши мумкин. Эҳтиётсизлик тури шарҳланаётган жиноят квалификациясига таъсир қилмайди, бироқ оқибатда ҳар бир муайян ҳолатда эҳтиётсизликнинг тури аниқланиши зарур, чунки жиноий ўз-ўзига ишониш натижасида одам ўлдиришнинг хавфлилик даражаси жиноий бепарволик оқибатида одам ўлдиришнинг хавфлилик даражасидан анча юқори. Бу эса жазо чораларини тайинлашда судлар томонидан инобатга олиниши лозим. Бундан ташқари, бу мазкур жиноятни қасддан одам ўлдиришдан, шунингдек, айбсиз равишда зарар етказишдан ажратиш имконини беради.
2. Жиноий ўз-ўзига ишониш оқибатида эҳтиётсизлик билан одам ўлдиришда айбдор ўз хатти-ҳаракатлари оқибатида шундай бўлиши мумкинлигини олдиндан кўради, бироқ онгли равишда муайян эҳтиёткорлик чораларига риоя қилмай, ўлим бошланмаслигига енгилтаклик билан умид боғлайди.
3. Жиноий ўз-ўзига ишониш натижасида одам ўлдиришни эгри қасд билан қасддан содир этиладиган одам ўлдиришдан фарқлаш керак. Эгри қасдда айбдор ўзи содир этаётган ижтимоий хавфли қилмиш ўлимга олиб келишини олдиндан билади ва у мазкур ҳодисани маъқуллаш муносабатида бўлади. Ўз-ўзига ишо-ниш шароитида айбдор ўлимни ўз хатти-ҳаракатларининг оқибат-ларидан бири сифатида олдиндан кўради, бироқ унинг мўлжалига кўра, ўлим ҳали бошланмаслиги лозим бўлади, бироқ бундай тасаввур асоссиз бўлиб чиқади. (ЖК 21-22-моддаларининг шарҳига қаранг).
4. Шахс ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англамаган, англаши мумкин ҳам, лозим ҳам бўлмаган ёки унинг ижтимоий хавфли оқибатларига кўзи етмаган ва ишнинг ҳолатларига кўра кўзи етиши мумкин ҳам, лозим ҳам бўлмаган айбсиз зарар етказиш орқали ўлимга сабаб бўлишдан жиноий бепарволик натижасида одам ўлдиришни фарқлаш лозим. Айбсиз зарар етказишда одам ўлдирганлик учун шахснинг айби бўлмайди, жиноий жавобгарлик истисно этилади.
5. Айбдор эҳтиётсизлик туфайли икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлса, унинг ҳаракатларини ЖК 102-моддасининг 2-қисми бўйича квалификация қилиш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |