Диний ташкилотлар аъзолари деганда, диний жамоа, йиғин, қавм, синагога ва ҳоказолар таркибига кирувчи ҳамда ушбу диний ташкилотларда муайян ишларни бажарувчи шахс тушунилади.
9. Диний маросимга алоқаси бўлмаган меҳнат, адабиёт ва бошқа хилдаги тўгараклар ҳамда гуруҳларни ташкил этиш ва ўтказиш ҳам жиноий қилмиш деб топилади.
Диний ташкилот – бу фуқароларнинг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари бўлиб, шунинг учун диний маросимларга алоқаси бўлмаган меҳнат, адабиёт ва бошқа хилдаги тўгараклар ҳамда гуруҳларни ташкил этиш ва уларни ўтказиш, уставда кўрсатилмаган фаолиятни амалга ошириш нолегал ҳисобланади.
Болалар ва ўсмирлар йиғинлари деганда, мунтазам ўтказиладиган йиғиннинг мақсадидан қатъи назар, ўн саккиз ёшга тўлмаган икки ёки ундан ортиқ болалар ва (ёки) шахслар (ўсмирлар ҳамда қизлар) гуруҳлари тушунилади.
Меҳнат, адабиёт ва бошқа хилдаги тўгараклар ва гуруҳлар деганда, меҳнат, адабиёт ва бошқа характердаги (масалан, театр тўгараги, спорт секцияси ва бошқа) тадбирларни амалга ошириш мақсадида, ёшидан қатъи назар, икки ёки ундан ортиқ шахснинг бирлашмаси тушунилди. Болалар ва ўсмирлар йиғинларидан фарқли равишда, меҳнат, адабиёт ва бошқа хилдаги тўгараклар ҳамда гуруҳлар иштирокчиларнинг умумий қизиқишлари, тегишли тўгарак ва гуруҳлар таркибида доимий бўлишлари каби белгиларга эга.
Диний маросимга алоқаси бўлмаган болалар ва ўсмирларнинг махсус йиғилишлари, меҳнат, адабиёт ҳамда бошқа хилдаги тўгараклар ва гуруҳларни ташкил этиш деганда, ана шундай йиғилишлар учун зарур иш ва ўқув режаларининг ишлаб чиқилиши, шахслар контингенти, жой ҳамда зарур адабиётлар танланиши ва ҳоказоларни тушуниш лозим.
Диний маросимга алоқаси бўлмаган болалар ва ўсмирларнинг махсус йиғилишлари, меҳнат, адабиёт ҳамда бошқа хилдаги тўгараклар ва гуруҳлар йиғилишини ўтказиш деганда, амалда маросим бўйича фаолиятини амалга ошириш билан бирга дунёвий аҳамият касб этувчи йиғинлар, тўгарак ва гуруҳларда диний таълимдан сабоқ бериш эътироф этилади.
10. Айбдорнинг қилмишини ушбу модда билан квалификация қилиш учун унга нисбатан олдин маъмурий преюридиция чораси қўлланилган бўлиши лозим. Шахснинг қилмиши, агар у маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг бир йил мобайнида содир этилган бўлса, ижтимоий хавфли деб ҳисобланади.
11. Диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш жинояти ЖК 2162-моддаси диспозициясида кўрсатиб ўтилган ҳаракатлардан бирининг содир этилиши билан, яъни нолегал диний фаолият билан шуғулланиш, диний ташкилотлар раҳбарларининг мазкур ташкилотлар уставини рўйхатдан ўтказишдан бош тортиши, руҳонийлар ва диний ташкилотлар аъзолари томонидан болалар ва ўсмирларнинг махсус йиғилишлари, шунингдек, диний маросимга алоқаси бўлмаган меҳнат, адабиёт ва бошқа хилдаги тўгараклар ҳамда гуруҳларни ташкил этиш ва ўтказиш каби ҳаракатлар содир этилган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади. Қилмишни жиноий деб топиш учун жиноий оқибатларнинг келиб чиқиши талаб қилинмайди.
12. Жиноят субъектив томондан тўғри қасд билан содир этилиб, айбдор шахс нолегал диний фаолиятни амалга ошираётганлигини, ушбу диний ташкилотлар уставини рўйхатдан ўтказишдан бош тортаётганлигини ёхуд вояга етмаганларнинг махсус йиғилишларини ташкил этаётгани ва ўтказаётганлигини ёки диний маросимга алоқаси бўлмаган тўгарак ёки гуруҳларни ташкил этаётганлигини ва ўтказаётганлигини англаб етади ва ушбу фаолиятни амалга оширишни истайди.
Субъектив томонининг ўзига хос хусусияти шундаки, айбдор шахс илгари маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиб, ушбу қилмишни содир этишнинг оқибати жиноят эканлигини билади.
13. Жиноят субъекти нолегал диний фаолият билан шуғулланувчи диний ташкилотларнинг раҳбарлари ёхуд дин арбоблари ва диний ташкилотларнинг аъзолари, диний маросимга алоқаси бўлмаган болалар ва ўсмирларнинг махсус йиғинларини, меҳнат, адабиёт ва бошқа хилдаги тўгаракларни ҳамда гуруҳларни ташкил этувчи ва ўтказувчи ўн олти ёшга тўлган шахслар бўлиши мумкин.
14. ЖК 2162-моддасининг 2-қисмида бир конфессияга мансуб диндорларни бошқасига киритишга қаратилган ҳаракатлар (прозелитизм) ёки бошқа ҳар қандай миссионерлик ҳаракатлари учун жавобгарлик белгиланган.
Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади[287].
Do'stlaringiz bilan baham: |