Фавқулодда ҳолат жорий этишнинг икки шарти фарқланади:
¨ фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид бўлган, конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга ҳаракат қилинган, оммавий тартибсизликлар ва миллатлараро тўқнашувлар, алоҳида жойларни қуршаб олиш, қўшни давлатлар ҳудудидан давлат чегарасини бузиб оммавий ўтиш хавфи бўлган ҳолларда;
¨ фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида кечиктириб бўлмайдиган қутқарув ишларини талаб этадиган табиий офат ва оғир экологик ҳолатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва йирик ҳалокатлар юз берганда.
2. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бир меъёрда фаолият юритиши билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар, фуқаролар ва жамият хавфсизлиги шарҳланаётган модданинг объекти ҳисобланади.
Фавқулодда ҳолат шароитида тақиқланган иш ташлашга раҳбарлик қилиш, шунингдек, корхона, муассаса ёхуд ташкилотлар ишига тўсқинлик қилиш, бино, иш жойига киришни ёпиб қўйиш, зарур технологик, электр ёки сув тармоқларини узиб қўйиш жиноий қилмиш бўлиб, унинг ижтимоий хавфлилиги мавжуд бошқарув тизимлари вақтинчалик ўзгарган шароитлар ва фавқулодда ҳолатларни келтириб чиқарган ҳолларни бартараф этиш бўйича алоҳида чоралар кўриладиган вақтда бошқарув тартибига тажовуз қилишда намоён бўлади.
3. Объектив томондан жиноят қуйидаги йўллар билан содир этилиши мумкин:
¨ тақиқланган иш ташлашга раҳбарлик қилиш;
¨ корхона, муассаса ёхуд ташкилотлар ишига тўсқинлик қилиш.
Иш ташлаш – жамоавий меҳнат низосини ҳал этиш мақсадида ходимларнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бажаришдан (тўлиқ ёки қисман) вақтинчалик бош тортишлари[291]. Иш ташлаш илгари сурилаётган ижтимоий, иқтисодий ёки сиёсий характердаги талабларни қондириш мақсадида оммавий равишда иш тўхтатиш ҳисобланади.
Тақиқланган иш ташлашга раҳбарлик қилиш иш ташлашни ташкил этиш билан боғлиқ ҳаракатларни, яъни иш ташлашнинг мақсадларини ишлаб чиқиш ва асослаш, иш ташлашда иштирок этиш учун шахсларни қидириш ва жалб этиш, мажбуриятларни тақсимлаш, вазифаларни топшириш ва уларнинг бажарилиши устидан назорат қилиш, маслаҳат ва кўрсатмалар бериш йўли билан иш жараёнларини тўхтатиш, иш ташлаш муддатларини қўллаб-қувватлаш, иш ташловчиларнинг хатти-ҳаракатини ташкиллаштиришдир. Бошқача айтганда, бу – иш ташлаш жараёни ва иш ташловчиларни бошқаришга йўналтирилган ҳаракатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |