Номусга тегиш пайтида жисмоний зўрлик ишлатиш деб, уриш, дўппослаш ёки боғлаб қўйиш, куйдириш ва ҳоказолар билан баданни жисмоний оғриқларга дучор қилиш, баданга енгил ёки ўртача оғир шикаст етказишга айтилади. Жабрланувчи баданига шикаст етказилган ҳолатларда айбдорнинг қилмишлари ЖК 118-моддаси 3-қисмининг “д” бандига кўра оғир оқибатларга олиб келган номусга тегиш деб квалификация қилинади ва қўшимча равишда ЖК 104-моддаси билан квалификация қилишни талаб этмайди.
9. Номусга тегиш билан таҳдид қилиш деганда, жабрланувчининг қаршилик кўрсатишга бўлган иродасини синдириш мақсадида жабрланувчига ва унга яқин бўлган шахсларга етказилган руҳий тазйиқни тушуниш лозим. Қўрқитишнинг хусусияти ва уни амалга ошириш имконияти жабрланувчини шундай аҳволга тушириб қўйиши лозимки, мазкур шароитда жабрланувчи айбдорнинг талабларига бўйсунишга мажбур бўлади. Айбдор куч ишлатиш, қимматли буюмни йўқ қилиш ёки бузиш, жабрланувчи сир сақлашни истаган нарсани ошкор қилиш билан қўрқитиши мумкин.
Қўрқитиш жабрланувчининг иродасини синдириш усули сифатида реал бўлиши лозим. Қўрқитиш жабрланувчи ва унинг яқин кишилари (болалари, ота-онаси, ака-укаси, опа-сингилиси, куёв, келин ва бошқа яқин қариндошлари)нинг манфаатларига зиён етказишга қаратилган бўлиши мумкин.
Баданга шикаст етказиш билан содир этиладиган қўрқитиш ЖК 118-моддасининг 1-қисми билан қамраб олиниб, 112-модда билан қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди.
Жабрланувчи жинсий алоқага розилик бермаганлиги туфайли айбдорнинг ўз жонига ёки соғлиғига қасд қилиш билан қўрқитиши номусга тегиш ёки унга суииқасд қилганлик учун жавобгарликка асос бўла олмайди.
Қўрқитишнинг нечоғлик жиддийлиги, жабрланувчининг эркин ҳаракатига қанчалик монелик қилиши ёки унинг қаршилигини синдириши масаласи ҳар бир муайян ҳолатда суд томонидан алоҳида ҳал этилади.
10. Жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиш деганда, шахснинг ўзига нисбатан содир этилаётган ҳаракатларнинг моҳияти ва хусусиятини тушунмаслиги ёки бўлаётган ҳодисаларни тушунганда ҳам, жисмоний ёки руҳий ҳолати туфайли зўрлик ишлатаётган шахсга қаршилик кўрсатиш имкониятига эга бўлмаганлиги тушунилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |