299 - м о д д а. Учиш ёки учишга тайёргарлик
кўриш қоидаларини бузиш
Учиш ёки учишга тайёргарлик кўриш қоидаларини, шунингдек, учиш аппаратларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳалокат юз беришига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган модданинг объекти Қуролли Кучларда ўрнатилган учиш ва учишга тайёргарлик кўриш тартиби ҳисобланади. Ушбу қоидалар қатор норматив актлар, шу жумладан барча авиация бошқармаларининг ҳаво бўшлиғида учиш қоидалари, инженер-авиацияси, штурманлик, метеорологик ва бошқа авиация хизматининг махсус ҳарбий кўрсатмалари ва инструкциялари билан белгиланади.
2. Учиш аппаратлари жиноятнинг предмети ҳисобланади. Буларга Қуролли Кучларга тегишли бўлган жанговар ва транспорт самолётлари, ёқилғи қуювчи самолётлар, вертолётлар ҳамда учувчисиз самолётлар ва планерлар киради[459].
3. Объектив томондан ушбу жиноят учиш ёки учишга тайёргарлик кўриш қоидаларини, шунингдек, учиш аппаратларидан фойдаланиш қоидаларини бузувчи ҳаракат ёки ҳаракатсизлик, муайян ижтимоий хавфли оқибатлар ва ижтимоий хавфли қилмиш билан келиб чиққан оқибат ўртасидаги сабабий боғлиниш билан тавсифланади.
Учиш деганда, учиш аппаратининг двигатели ишлай бошлашидан унинг тўхташигача бўлган вақт тушунилади.
4. Учиш аппарати эксплуатацияси деганда, ундан вазифаси бўйича фойдаланиш тушунилади. Эксплуатация тушунчаси учиш аппаратларининг ҳалокатларсиз ишлашини таъминловчи система ва агрегатлардан фойдаланишни ҳам ўз ичига олади.
Учиш аппаратининг эксплуатацияси учиш ёки учишга тайёргарлик кўриш тушунчаларига қараганда кенгроқ тушунча ҳисобланади. Агар учиш жараёни эксплуатациядан ажралмас бўлса, унда эксплуатация алоҳида эмас, балки учиш жараёнида амалга оширилади.
5. Учиш аппаратини ҳавода ёки учиш-қўниш йўлагида учиш ёхуд двигатель тўхтагунча қўниш жараёнида бошқариш қоидаларини, шунингдек, машинани ва экипажни учиш олдидан тайёрлаш қоидаларини бузган шахс Жиноят кодексининг ушбу моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Машинанинг ҳавога кўтарилиши ёки қўниши билан боғлиқ бўлмаган ҳодисалар ЖК 299-моддаси билан жавобгарликка тортишга асос бўла олмайди ва бошқа жиноят таркибини ташкил этиши мумкин[460].
6. Учиш қоидаларини бузиш кемани бошқаришда йўл қўйилган хатоликлар, белгиланган мўлжал ёки йўл бошқарувининг йўқотилиши, шўнғиш ҳолатидан чиқишда кечикиш, қўниш жойига етиб келмасдан ёки у ердан ўтиб кетиб қўниш, қўнаётганда пасайиш тезлигини ошириш ва ҳоказолар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Учишга тайёргарлик кўриш қоидаларини бузиш экипаж аъзоларини учишга тайёрлаш ва рухсат бериш қоидаларини бажармаслик ёки машинанинг ўзини учишга тайёрлаш қоидаларига риоя қилмаслик билан боғлиқ (масалан, бемор учувчининг учиши, тиббий кўрикдан ўтмаслик, машинани техник носозликлар билан учишга чиқариш ва ҳоказолар)[461].
Do'stlaringiz bilan baham: |