Фойдаланиш қоидаларини бузиш қуйидагиларни ўз ичига олади: масалан, керакли қўшимча тайёргарликдан ўтмаган шахслар бошқаришига рухсат этиш, учиш аппаратидан вазифаси бўйича фойдаланмаслик, самолётга юкни нотўғри жойлаштириш, учиш хавфсизлигини таъминловчи тармоқ ва механизмларга техник хизмат кўрсатиш талабларидан четга чиқиш ҳамда улардан хавфсиз фойдаланиш шартларини таъминлашга қаратилган учиш аппаратлари эксплуатацияси тартибини бошқача тарзда бузиш.
7. Учиш ёки учишга тайёргарлик кўриш қоидаларини бузишда ҳалокат ёки бошқа оғир оқибатлар келиб чиққандагина шарҳланаётган модданинг жиноят таркиби мавжуд деб ҳисобланади.
Ҳалокат деганда, ҳаракатланаётган учиш аппаратининг унда учаётган экипаж аъзоларидан, кўчирилаётган бўлинма шахсий таркибидан ёки ҳаво кемасида бўлган бошқа шахслардан бирортасининг ҳалок бўлишига сабаб бўлган бузилиши ёки шикастланиши тушунилади.
Бошқа оғир оқибатларга қуйидагилар: ҳаво кемасида бўлган шахсларнинг баданига оғир шикаст етказилиши; учиш аппаратининг ерга қулаб тушиши ёки мажбуран қўниши натижасида ердаги одамларнинг ҳалок бўлиши ёки уларнинг баданига оғир шикаст етказилиши; авария, яъни самолётга унинг тўла яроқсиз ҳолга келишига сабаб бўлган даражада шикаст етказилиши; машиналарнинг уларни таъмирлаш учун анчагина моддий харажатлар талаб қиладиган даражада бузилиши; ҳаво кемасининг ҳалокати, қулаши ёки мажбуран қўниши чоғида давлат, шунингдек, ҳарбий мулкнинг ёки шахсий мулкнинг нобуд бўлиши ёки уларга катта миқдорда зарар етказилиши киради[462].
8. Тергов ва суд органлари ҳар бир алоҳида ишда қилмиш ва оқибат ўртасидаги сабабий боғланишни аниқлаши керак, акс ҳолда ушбу жиноят таркибини қайд этишнинг иложи бўлмайди.
9. Субъектив томондан ушбу жиноят айбнинг эҳтиётсизлик шаклида ифодаланади. Учиш ёки учишга тайёргарлик кўриш қоидаларининг бузилишига йўл қўяётган шахс оғир оқибатлар келиб чиқишини олдиндан кўра билади, лекин ушбу оқибатлар келиб чиқмаслигига асоссиз ишонади, ёхуд ушбу оғир оқибатлар келиб чиқишини олдиндан кўра билиши лозим ва мумкин бўлади.
Қилмишни Жиноят кодексининг мазкур моддаси билан квалификация қилиш учун жиноят содир этиш мотиви аҳамиятга эга эмас.
10. Учиш ва учишга тайёргарлик кўришнинг субъекти зиммасига учиш ёки учишга тайёргарлик кўришни таъминлашга оид махсус вазифа юклатилган ҳарбий хизматчилар бўлишлари мумкин. Учиш раҳбари, ҳаво кемасининг командири, учувчи, борт муҳандиси, штурман ва бошқалар ҳам жавобгарликка тортилишлари мумкин.
Учишга тайёргарлик кўриш қоидаларини бузганлик учун ҳаво кемасининг техниклари, механиклари ва учишни таъминловчи бошқа шахслар жавобгарликка тортилишлари мумкин[463].
Do'stlaringiz bilan baham: |