Алоҳида балансни корхонанинг таркибий бўлинмалари (филиаллар, цехлар, корхонанинг автотранспорт ва турар жой-коммунал хўжаликлари ва шу кабилар) тузади.
3.7. Баланснинг тозалаш усулига кўра турлари
Тозалаш усулига кўра баланснинг иккита тури мавжуд;
баланс-брутто;
баланс-нетто.
Баланс-брутто - тартибга солувчи моддаларни ўз ичига олувчи балансдир. Асосий воситаларнинг ҳақиқий қийматини (таннархи ёки қолдиқ қийматини) аниқлашда қилинадиган сўммалар, бошқа моддалар миқдоридаги сўммалардан чегириладиган моддалар тартибга солувчи моддалар дейилади. Масалан, асосий воситалар қолдиқ қийматини аниқлаш учун «Асосий воситалар» сўммасидан «Асосий воситаларнинг эскириши» сўммаси чегирилади. Баланс-бруттода тартибга солувчи моддалар сўммаси баланс якуни қийматига киритилади.
Баланс-неттода - баланснинг умумий қийматидан тартибга солувчи моддалар сўммаси чегирилади. Бу жараён балансни «тозалаш» дейилади. Ўзбекистондаги барча корхоналар ҳозирги пайтда баланс-нетто тузмоқда, яъни баланс якунига: асосий воситалар, арзон ва тез эскирувчан буюмлар қолдиқ қиймати, қайта сотиладиган товарлар эса таннархи бўйича киритилмоқда.
4. БАЛАНСИГА ҚЎЙИЛАДИГАН АСОСИЙ ТАЛАБЛАР
Балансига қўйиладиган асосий талаблар қуйидагилардан иборат:
тўғрилик;
реаллик;
бирхиллик;
яхлитлик;
давомийлик;
аниқлик;
изчиллик;
тушунарлилик.
4.1. Баланснинг тўғрилиги
Баланснинг тўғрилиги унинг тузиш жараёнида асос қилиб олинган ҳужжатларнинг тўлалиги ва сифати билан таъминланади. Агар ҳисобот даврида хўжалик фаолиятининг барча фактлари ўз вақтида ҳужжатли расмийлаштирилмаган ёки нотўғри расмийлаштирилган бўлса, унда баланс корхона ишининг ҳуқуқий якунини акс эттирмайди. Бухгалтерия балансининг ҳар бир моддаси ҳужжатлар, бухгалтерия ҳисоби рақамларидаги ёзувлар, бухгалтерия ҳисоб-китоблари билан тасдиқланган бўлиши керак. Бухгалтерия баланси маълумотларини қасддан бузиш ниқоблаш дейилади. Балансни ниқоблаш қонунларининг бузулганлигини яшириш ёки корхона фаолиятининг айрим томонларини бўрттириб кўрсатиш мақсадида тузилган баланс бўлиб ҳисобланади. Буни айрим ҳолларда амалдаги қоидалардан бехабарлик оқибатида билмасдан қилиши ҳам мумкин. Нима бўлганда ҳам бухгалтерия баланси маълумотлари тўғри бўлишликни талаб қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |