Махсус таълим вазирлиги ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
Ўрта асрларда ёзма коммуникациянинг аҳамияти
Download 2.74 Mb.
|
TO\'PLAM1
Ўрта асрларда ёзма коммуникациянинг аҳамияти
Муҳаббат Салиева, Аудиовизуал журналистика ва оммавий коммуникация кафедраси катта ўқитувчиси Хатлар IX–X асрларда ажойиб жонли сўз билан ишланган, мусулмон бадиий ҳунармандчилигининг энг нафис санъат асарлари сифатида намоён бўлади. Ўша пайтда шиша ва бронзадан санъаткорлар яратган ажойиб буюмлардан ҳеч нарса қолмаган бўлса, биргина мана шу хатлар асосида тасаввур этиш мумкинки, ўша вақтларда баённинг энг оғир шаклини эркин эгаллаш ва пардай енгил ҳарирлиги юқори баҳоланган. Кўплаб вазир ва амалдорлар хат услубиётини маҳорат ила эгаллаганлари тасодифий эмасди, айримларининг хатлари эса китоб шаклида чоп этилишига муносиб бўлган. Буларнинг қаторида ал-Хасиб, ибн Муқли, ал-Муҳаллабий, ибн ал-Амид, ас-Соҳиб, Сомонийлар вазири ал-Искофийнинг хатларини тилга олиш мумкин. А. Мец ёзишича, Ал-Искофий нафақат давлат ёзишмаларининг етук устаси, шу билан бирга адабий танқид (мувазана)нинг машҳур намояндаси бўлган1. Чиройли хат битиш билан бир қаторда ҳар бир хаттотнинг ўзига хос услублари ҳам бўлган, масалан, инициаллардан ёки рангли тасвирлардан фойдаланиш. Ўша даврнинг қонуниятларидан бири шу бўлганки, китобни қўлига ушлаган кишилар асарни ёзиш услуби ва унинг хушхатлигидан китоб қайси хаттотнинг қаламига мансуб эканлигини англашарди. Бугунги журналистикада газета ва журналлар, радио ва телекўрсатувлар дизайни масаласига кўп эътибор берилмоқда. Бу жараён онлайн журналистикаси кенг жорийланиши билан янада авж олмоқда. Бу анъана маълум даражада ўрта асрларда Марказий Осиёда битилган китоблар безагига ўхшайди. Қолаверса, айнан ўша даврларда оммага ахборот етказаётган асарларнинг безатилишига асос солинган десак, хато қилмаган бўлар эдик. Биз бу масалани аниқ далиллар келтирилган “Қадимги ёзма ёдгорликлар” китоби мисолида кўриб чиқишимиз мумкин. Китоб муаллифлари ёзишларича, ўрта асрларда “қўлёзма китобларнинг қадимги Турфон муҳитида битилган китоблардан фарқ қилувчи белгиларидан яна бири саҳифаларга безак бериш, миниатюралар ишлаш етакчи ўринга кўтарилди. Чунончи, китоб бетлари рангли миниатюралар, ислимий (ўсимликлар) ва геометрик шакллар, турли нақшлар билан безатилган. Уларга ҳошиялар чизилган. Уйғур ёзувли матн ўнгдан чапга қараб бир текис ёки ундаги геометрик шакллар бўйлаб кўчирилар эди. Айрим қўлёзмаларда ҳошиядан ташқарига ҳам араб ёзувли матн битилган ёки бурчакларига нақшлар ишланган. Баъзи китобларда эса ёзувнинг бир неча хат услуби аралаш қўлланганини кузатамиз. Мажмуаларда асар сарлавҳалари, муайян ўринлар, одатда, бошқа рангда, ҳатто ўзига хос услубда ажратиб ёзилган. Қўлёзмаларда матн билан нақшлар ўзаро уйғунлашиб кетган”2. Бундай мисоллар бошқа манбаларда ҳам келтирилган. Кўриб турганимиздек, ёзувларни безатиш мактаби кенг қамровли ва кўп асрлик анъаналарга эга. Хаттотлик санъати чиройли, хуснихатли ёзиш билан чегараланмаган. Ундан ташқари хаттотлардан билимли, саводли бўлиш талаб қилинган, шу билан бир қаторда улар турли матнлар безатилишининг устаси бўлиши ҳам шарт эди. Юқорида келтирилган китоб муаллифлари бу ҳақда ёзганларидек, “хаттотликда уйғур хатининг безак имкониятлари қадрланган”3. Турли шаклларда тасвирланган безаклар оммавий коммуникацияни амалга оширувчи йўналишдаги асарларнинг сифатларини англатади. Тарихий ёдгорликлар ичида икки-уч тилда битилган матнларни ҳам кўрамиз. Мисол сифатида ушбу асардан парча келтирамиз: “Марказий Осиё халқлари ёзув маданияти тарихида икки, ҳатто уч тилли ёдгорликлар битилгани аён. Табиийки, бундай матнлар турли тил вакилларига мўлжалланган”1. Бундан хулоса чиқариш мумкинки, асар муаллифи ўз аудиториясини кенгайтиришга, оммавий ахборотни кўпчиликка етказишга шу йўл билан ҳам ҳаракат қилган. Давлатлар бир-бирини ўз тасарруфига олаётгани натижасида ҳам услублар ўзгарган. Масалан: “Уйғур хати ўрнини аста-секинлик билан арабий ёзув эгаллаётган эди. Ушбу маданий жараён таъсирида икки алифболи қўлёзмалар кенг тарқалди. Бахшилар, омма талабидан келиб чиқиб, уйғур ёзувли қўлёзмаларда, ўрни билан, араб хатини ҳам қўлладилар. Шунга кўра ислом турк муҳитида уйғур ёзуви билан битилган ёдгорликларни уч гуруҳга бўлиш мумкин: 1) фақат уйғур хатида битилган матнлар; 2) уйғур хатида битилиб, ҳар қайси сатри араб ёзуви билан изоҳланган матнлар; 3) уйғур хатида битилиб, баъзи ўринлари араб ҳарфларида ёзилган матнлар”2. Ҳар бир асарнинг матни аниқ тарихий шароитга (контекстга) қараб битилган. Хаттотнинг эса ҳар томонлама уддабурон бўлиши талаб қилинарди: “Қўлёзма китобларнинг кўркини, аввало, матннинг ўзи таъминлаган. Ёзувнинг нафис услуби, хаттотларнинг ажойиб маҳорати, айрим ўринларнинг турли сиёҳда ажратиб берилганлигининг ўзиёқ китоб кўркини ошириб юборган. Лозим бўлганда, матннинг ўзидан турли геометрик шакллар чиқариш мумкин эди. Бу жиҳатдан уйғур хатининг имкониятлари кенг. Матнга чизилган ҳошиялар, ҳатто тизимча ўтказишга мўлжалланган доирачалар ҳам китоб безаги вазифасини бажарган”3. Кўриб турганимиздек, асарга зийнат беришда нафақат хаттотнинг маҳорати, шу билан бирга тилнинг имкониятларидан ҳам фойдаланилган. Ўрта асрларда битилган китобларга чирой берилишида нафақат алоҳида усталарнинг маҳорати, шу билан бирга, ҳатто безатиш мактаблари ҳам бор эди. “Язд хаттотлик мактабининг намояндаси Мансур бахши 1432 йили кўчирган мажмуа, 1444 йил Самарқандда Зайнул-Обидин кўчирган “Ҳибату-л-ҳақойиқ” (“Атабату-л-ҳақойиқ китоби”), “Меърожнома” қўлёзмалари уйғур хаттотлик санъатининг гўзал, ноёб намуналаридандир. Ушбу қўлёзмаларнинг эътибор билан битилганлиги, нафис безаклари кишини ҳайратга солади”4. Ҳар бир муаллифнинг ўз ўқувчисини ҳайратга солишидан мақсад битта – китобга аудиториянинг диққатини тортиш, одамларни у билан танишиб чиқишга, уни ўқишга ундаш. Биз таҳлил қилаётган асарда китобни ишлаб чиқиш учун фойдаланаётган ашёлар ҳақида ҳам фикр юритилган. Муаллифлар ёзишича, “Қадимги ҳиндлар бундай китобларни тайёрлаш жараёнида ёзув ашёси сифатида пальма япроқларидан фойдаланган. Қизиғи шундаки, бундай китоб шакли туркларга маълум бўлгач, улар ўз табиий-географик шароитидан келиб чиқиб, пальма япроқлари ўрнини қоғозга алмаштирдилар. Қоғоз эса китобат ишида дарахт япроқларидан тайёрланадиган варақларга кўра анча қулай бўлиб чиқди”1. Маълумки, журналистиканинг пайдо бўлишида ва, айниқса, ривожланишида қоғознинг ўрни беқиёс. Қоғоз аслида қадимий Хитойда ихтиро қилинган, лекин кўп асрлар давомида сир сақланиб келинган. “751 йилда Самарқанд остоналарида араблар ва хитойликлар ўртасида уруш бўлиб, унда арабларнинг қўли баланд келган эди. Ғолиблар бошқалар қатори қоғоз ишлаб чиқаришни биладиган хитойликларни ҳам асир олганлар”2. Шундай қилиб қоғоз Самарқанд орқали дунё бўйича тарқалган. “Қадимги ёзма ёдгорликлар” китобининг муаллифлари ёзишича: “Қўлёзма китоблар ўрама қоғоз, дафтар, потхи ва ҳаммага маълум бўлган шарқ қўлёзмалари шаклида тайёрланган. Булардан ўрама қоғоз ёки дафтар усули кўпроқ турк монийчиларда, потхи китоби турк буддийларда, шарқ қўлёзмалари шаклидаги китоблар эса ислом даврида кенг ёйилган”3. Демак, ўрта аср ижодкорлари матннинг аниқлиги ва ўқимишлилиги, унинг нафис безатилишидан ташқари янада китобнинг ўқиш учун қулайлигига ҳам эътибор беришган. Асарнинг қулайлиги ва ихчамлиги ҳақида бошқа манбаларда ҳам маълумотлар бор. Масалан, саройга хабар етказувчилар ҳақида Низомулмулк қуйидагича ёзади: “Шундай ҳам бўладики, хабар берадиганларнинг сўзлари ҳар хил чиқиб қолиши ё улар бошқача тушунилиши мумкин. Хабарлар бир-бирига мос бўлиб, бир кишининг тилидан айтилиши керак. Асосий шарт шундай бўлиши керакки, одамлар нима гапирмасинлар, яна девонга ёзилиб, шоҳга маълум қилиб, унинг фикри билиб олинмагунча бирор чора кўриш мумкин эмас”4. Кўриб турганимиздек, саройга етиб келаётган хабарларни қандай шаклда етказилишига ҳам жиддий эътибор берилган. Манбаларни ёзиш давомида муаллифлар, албатта, ишонарли китоблардан фойдаланишга ҳаракат қилганлар. Улар ўз ишларини ихчам ва қисқа тарзда сарой кенгашларида ўқиб эшиттирганлар, айрим пайтлари эса сарой хайъатига асарнинг қисқача шаклини тайёрлаб тарқатганлар: ҳайъат аъзолари уларни ўқиб ўз фикрларини муаллифга билдирганлар ва кенгашда ҳам ўз хулосаларини эълон қилганлар. Бу ҳақда Наршахий китобида мисол бор. Шунинг учун биз Ўрта асрларда битилган айрим тадқиқотларни, гарчи улар якка муаллиф номи билан тарихда қолган бўлса-да, кўпроқ жамоатчилик ҳосиласи деб баҳоласак, тўғрироқ бўлар эди. Хулоса сифатида айтиш мумкинки, ўрта асрларда ҳам – оммавий маълумотни кенгроқ аудиторияга етказиш мақсадида – турли мазмуний ва шаклий усуллардан фойдаланилган. Ёзма манбаларга келсак, бундай хусусиятлар қаторида биз матннинг аниқлиги, ихчамлиги, таъсирчан сўзлар билан ифодаланиши, унинг сифатли қоғозларда гўзал ҳуснихат билан ёзилиши, нафис расмлар билан безатилиши ва, ҳаттоки, китоб ўқилиши ўнғайлиги мақсадида уни қулай тарзда тикилишигача эътибор берилганлигини санаб ўтишимиз мумкин. Download 2.74 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling