Мактабдаги ўртоқларимга бошимдан ўтган воқеалар ҳақидаги гапириб берсам, ишонқирамасдан қарашди
Download 0.59 Mb.
|
эртага ўлдиргани бораман
Давоми бор
Аҳрор Шариф таржимаси Эртага ўлдиргани бораман. 2-қисм Кундузи соат иккиларда бувим яшайдиган Мами Кпана қишлоғига етиб бордик. Бувимнинг новча юзидан олийжаноблиги билиниб турар, кўзлари ҳам маъноли боқарди. Унинг қўлларини белига қўйган ҳолатда бошини чайқаб туриши ҳали ҳам кўз олдимдан кетмайди. Бувимга қараб туриб онам қорамтир терисини, оппоқ тишларини ва бўйнидаги бурмаларни кимдан мерос қилиб олганлигини англаш мумкин. Бобомни эса бутун қишлоқ «табиб-домла» деб чақиришган. У Қуръон ва араб тилларини мукаммал билиш билан бирга, қишлоқ ва унинг атрофидаги энг машхур табиб бўлган. Кабатида овқатланиб, бироз нафасимизни ростлаб олгач қолган ўн километрни босиб ўтишга тайёрландик. Бувим бизни шу ерда тунашга кўндиришга уринди, бироқ шошганимиз учун рад жавобини бердик ва қайтишда албатта келамиз, деб ваъда бердик. — Отангиз билан ўртангиздаги муносабатларингиз қандай? - мулойимлик билан сўради бувим. Унинг овозида қанақадир хавотир зоҳир эди. — Нега ҳозир мактабда эмассизлар? Нега бу ердасизлар? Нега бу қадар озиб кетгансизлар? Бувим бизни саволларга кўмиб ташлаган бўлсада, барчасини эътиборсиз қолдирдим. У қишлоқнинг охиригача кузатиб борди ва тепадан тушгунимизга қадар узоқ вақт давомида биздан кўзини узмади. Ортга қайтиб кетишидан олдин суяниб турган ҳассасини ўнг томонга силкитиб қўйди. Бу ишора «Ой бориб, омон қайтинглар» деган маънони билдирар эди. Икки соатдан сўнг Маттру Ёнгга етиб келдик ва дарҳол эски дўстларимиз ҳисобланган Гибрилла, Калоко ва Халилу билан учрашдик. Улар билан биргаликда кўча сотувчилари эски-туски сотадиган Бо Роудга йўл олдик, у ердан қайнатилган ерёнғоқ сотиб олиб, эртанги кунги режаларни жонли равишда муҳокама қилдик. Ўша кеча Халилунинг уйидаги айвонда ётиб қолдик. Бу мўъжазгина хонада фақат битта тор каравот бўлиб, тўртовимиз ҳам (уй эгаси ва учта меҳмон, Гибрилла ва Калоко ўз уйларига қайтиб кетишганди) ерда тунадик. Тўртта болага битта кўрпа камлик қилгани боис, ҳеч биримиз тайинли ухлай олмадик. Эртаси куни ҳаммамиз уйда қолиб, ўртоқларимизнинг мактабдан келишини кутдик. Дарслар тахминан соат иккиларда тугаса ҳам, ўша куни улар эртароқ қайтиб келишди. Мен бу пайтда хуснбузарларимни санаганча, Жуниор ва Таллои ўртасида кечаётган отжимание баҳсига ҳакамлик қилаётгандим. Гибрилла ва Калоко ҳам мактабдан келганидан сўнг мусобақага қўшилишди. Чарчоқдан ҳансираб қолган Таллои йигитлардан нечун бу қадар эрта келганликларини сўради. Гибрилла бепарволик билан «Ўқитувчилар исёнчилар Могбвемога ҳужум қилганини айтди» деб жавоб берди. Юрагим шув этиб кетди. Бу бизнинг қишлоғимиз эди! Вазият барқарор ҳолга келгунгача Маттру Ёнгдаги дарслар бекор қилинди. Биз тамоман гангиб, нима қилишни билмай қолдик. Ўқитувчиларнинг сўзларига кўра, тушдан сўнг жангарилар миналар жойлашган ҳудудларни эгаллаб олишган экан. Уларнинг тўсатдан бостириб келгани аҳолини ҳайратда қолдирди, ҳамма саросимага тушиб қолди. Эркаклар ишдан уйга югуришди, лекин уйларидан ҳеч кимни топа олишмади. Оила аъзолари қаерга кетгани номаълум эди. Оналар йиғлаганча фарзандларини хавф-хатардан халос қилиш учун мактаб томон, дарёга томон шошилишди. Ўз навбатида кўчада санғиб юрган болалар ҳам қўрққанларидан уйларига ошиқишди. Бу вақтга келиб шаҳарда ёнғин кучайиб кетган ва тинч аҳоли оилалари билан бирлашиш умидидан воз кечиб, тезда шаҳарни тарк этишган эди. — Ўқитувчиларнинг сўзларига кўра кейинги манзил Маттру Ёнг бўлади, Гибрилла зинадан тепага кўтарилди. Жуниор, Таллои ва мен рюкзакларимизни илганча, дўстларимиз билан қишлоқ томон йўл олдик. Йўлда жойлашган конларда кўплаб қочқинлар тўпланиб қолганди. Улар орасида баъзи танишларимга кўзим тушди, аммо ҳеч ким яқинларимизга нима бўлганлигини айтиб бера олмади. Ҳужум кутилмаганда юз берган, ҳамма ваҳима ичида ҳар томонга тарқалган эди. Уч соатдан кўпроқ вақт давомида яқинларимиз билан учрашиш ёки улар ҳақида маълумот олиш умидида қирғоқ бўйида ўтирдик, аммо бирор янгилик йўқ эди. Ҳанузгача дарёнинг нариги томонидан одамлар келаётган бўлсада, бирорта одам бизга таниш эмасди. Ҳаётга бошқача нигоҳ билан назар ташласак, ўша куннинг оддий кунлардан фарқи йўқ. Қуёш осойишта порламоқда, кўкда оппоқ булутлар сузиб юрмоқда, қушлар сайрамоқда, майин шабада дарахт шохларини силкитмоқда. Бу ерларда уруш бўлганига ва уйимиз вайрон бўлганига заррача ишона олмадим. Ҳаммаси хаёлимда содир бўлаётгандек туюлди. Ахир, кеча шаҳардан кетаётганимизда исёнчиларнинг хужуми ҳақида ҳеч қандай гап йўқ эдику! — Нима қилмоқчисиз? - деб сўради Гибрилла. Биз томондан бирор сас чиқмади. Ниҳоят cукунатимизни Таллои бузди. «Кеч бўлмасдан ортга қайтиб, яқинларимизни топишга ҳаракат қилишимиз керак», деди у. Жуниор ва мен розилик билдириб, бошимизни силкитдик. Ушбу воқеалардан атиги уч кун олдин охирги марта отамни кўргандим. У ишдан ҳар доимгидек майда қадамотиб уйга келди. Иш вақтида киядиган каскасини қўлтиғига қистириб олган, кун иссиқлигидан юзида тер томчилари оқиб турган отам уйга кириб келганида мен айвонда ўтирган эдим. Янги ўгай онам ўртамиздаги муносабатларимизни бузгани боис отамни узоқ вақт давомида кўрмагандим. Аммо бу сафар у зинапоядан кўтарилаётганида менга қараб жилмайиб қўйди. Отам менга меҳр билан тикилиб, нимадир демоқчи бўлганида ўгай онам уйдан чиқиб қолди. Отам мендан кўзларини олиб қочиб, хотинига бир қараб қўйди ва ўзини мени умуман пайқамагандек қилиб кўрсатди. Улар паст овозда ниманидир муҳокама қилишни бошлашди, мен эса кўз ёшларим бўғзимга тиқилганча айвондан чиқиб, юк машинасида сайр қилишни кутаётган Жуниорнинг ёнига бордим. Шу тобда олти километр наридаги қўшни қишлоқда яшайдиган онамизникига боришга қарор қилдик. Яқин вақтларгача отам мактабда ўқишимиз учун пул тўлаб келган ва биз у билан бирга яшаганимиз туфайли онамни фақат дам олиш кунлари ва таътил пайтидагина кўрардик. Аммо у пул тўлашдан бош тортди ва биз ҳар икки-уч кунда онамникига борадиган бўлдик. Ўша куни онамизни бозорда учратиб қолдик ва бир мунча вақт у билан бирга йўлак бўйлаб юрдик — у кечки овқат тайёрлаш учун масаллиқ сотиб олаётган эди. Аввалига онамнинг кайфияти йўқдек туюлди, лекин бизни кўриб юзи анча равшанлашди. Кичик укамиз Иброҳим мактабда бўлиб, йўл-йўлакай уни олиб кетишимиз керак эди. Йўлда кетаётганимизда онам қўлимиздан ушлаб олар, вақти-вақти билан тўхтаб, ҳақиқатан ҳам ёнида эканлигимизга ишонч ҳосил қилмоқчи бўлгандек бизга бошдан оёқ назар ташларди. Укамнинг мактабига етар чоғимизда онам тўсатдан гап бошлади: — Кечирасиз, болаларим! Мактабга боришингиз учун пул тўлашга қурбим етмаётгани учун узр сўрайман. Аммо тинч турганим йўқ. Онам бироз тин олганидан сўнг, сўзида давом этди: — Отангизнинг ишлари қандай? — Анча яхши? Уни бугун туш вақтида кўргандим, - эринибгина жавоб бердим. Жуниор эса ҳеч нарса демади. Онам унинг кўзларига тик қараб, шундай деди: — Отангиз яхши одам, у сизларни жуда яхши кўради. Шунчаки унинг аёллар борасида омади чопмаган. Саккиз ёшли Иброҳимни мактаб ҳовлисидан топдик. У дўстлари билан футбол ўйнаётган экан. У ёшига нисбатан бироз катта кўринарди. Бизни кўргач, футболни ҳам унутиб, югуриб келиб қучоғимизга отилди. Кейин неча сантиметр ўсганини билиш учун менга ёнма-ён туриб бўйини ўлчай бошлади. Иброҳимнинг кичкина думалоқ юзида қувонч порлаб турар, бўйнининг бурмаларида тер мунчоқлари ярқираб турарди. Тўрталамиз уй томон йўл олдик. Йўлда укамни қўлидан ушлаб олдим. У менга мактаби ҳақида гапириб берди ва кечқурун биргаликда тўп ўйнашга кўндирди. Ажрашгандан сўнг онам ҳеч кимга турмушга чиқмади ва умрини Иброҳимни тарбиялашга бағишлади. Баъзи-баъзида Иброҳим отам ҳақида сўраб қолганида онамнинг юрак-бағри тилка-пора бўларди. Биз ҳали мактабга чиқмаганимизда, онам Иброҳимни бир неча бор дадам билан кўриштириш учун олиб келар, кичкина ўғлини қучоқлаган дадамнинг кўзларидан милт-милт ёш томарди. Бу лаҳзаларни кўриб йиғламасдан туриш мумкини? Мана, энди соҳил бўйида каскани қўлтиғига қистириб олиб, майда қадам ташлаб келаётган отамни, юм-юм йиғлаб, укамни мактабга олиб қайтаётган онамни кўз олдимга келтирдим. Вужудимни соғинч ҳисси қамраб олди… Download 0.59 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling