Мактабдаги ўртоқларимга бошимдан ўтган воқеалар ҳақидаги гапириб берсам, ишонқирамасдан қарашди


Download 0.59 Mb.
bet6/69
Sana04.02.2023
Hajmi0.59 Mb.
#1163706
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   69
Bog'liq
эртага ўлдиргани бораман

Давоми бор
Аҳрор Шариф таржимаси

Эртага ўлдиргани бораман. 7-қисм


Баъзан кечқурунлари ёлғиз сайр қилардим. Аёлларнинг кечки овқат пишираётганини кўриб, онамнинг ошхонада куймаланиб юргани ёдимга тушди. Умуман олганда, ўғил болаларга ошхонага кириш жоиз эмас, аммо менга ҳамма нарса мумкин эди.
… Онам менга:
- Овқат пиширишни ўрганишинг керак, кун келиб ёлғиз яшашингга тўғри келиб қолса, бу жуда асқотади” деди. Сўнгра менга юзланиб, қуритилган балиқнинг бир қисмини берди ва сўзида давом этди:
- Аммо абадий бўйдоқ яшама. Ахир, мен набираларимни эркалашни истайман…
Шаҳар четидаги шағал сепилган тор йўллар бўйлаб юрганимда шу нарсаларни эсладим.
Исёнчилар шаҳарга етиб келганларида, кечки овқатни тайёрлаётган эдим. Овқатнинг гуручи деярли пишиб қолган эди. Тўсатдан ўқ овози эшитилди. Жуниор, Таллои, Калоко, Гибрилла ва Халилу дарҳол кўча томон югуришди.Менинг юрагим ёрилиб кетди. Бир дақиқадан сўнг яна учта ўқ овози эшитилди. Хавотирим янада ошди. Лекин йигитлардан бири қолганларни тинчлантиришга уринди: «Булар қуролларини текшираётган аскарлар».
Кейинги ўн беш дақиқа давомида ҳамма ёқ тинчиб қолди ва мен ошхонага қайтдим. Аммо овқатни энди сузаман деганимда ҳақиқий отишма бошланди. Уйларнинг тунука томларига теккан ўқлар янада қўрқинчли овоз чиқарди. Бир неча сония ичида шаҳарда ваҳима қўзғади. Ҳеч ким ақл билан мулоҳаза юрита олмай қолди. Бундай вақтда ким ҳам ақлини ишлатарди? Ҳамма бақирган, чор тарафга қараб югурган, бир-бирини итарган, ерга йиқилганларнинг устига қоқилиб кетган. Одамлар ўзлари билан ҳеч нарса олмаган ҳолда қочиб кетишди. Мақсад битта эди – тирик қолиш. Оналар ўз фарзандларидан айрилишди, гўдакларнинг умидсиз қичқириғи автоматларнинг овози билан қоришиб кетди, одамлар бир умр йиққан-терганини ташлаб кетиб, жон ҳолатда қочишга уринишди. Юрагим тез-тез уриб кетди, ҳар бир отишма миямда акс садо бера бошлади.
Аслида, ўша пайтда жангарилар осмонга ўқ узаётган эдилар. Улар шаҳарга кирадиган йўлнинг бирини эгаллаб олганидан хурсанд ҳолда рақсга тушишди, бошқа бир йўл эса Ёнг дарёси томон олиб борарди. Жангарилар биринчи йўлдан юрганча, аҳолини аста-секин сувга томон итариб борди. Кўпчилик одамлар қўрқиб кетганидан ўзини дарёга ташлади. Аммо уларнинг сузишга кучи қолмаганди. Ҳукумат кучлари ҳужумни олдиндан билган деган таҳминга бордик. Кимдир аскарларга жангарилар сони жуда кўп эканлигини айтган, шунинг учун ҳужум бошланишидан олдин улар жуфтакни ростлашган. Бу ҳақида эшитиб устимиздан муздек сув қуйилгандек бўлди.
Дарё томонга фақат битта кўча орқали боришнинг имкони бўлиб, ҳамма ўзини мана шу кўчага урди. Аёллар ён атрофдан болаларини излашар, ота-онасини йўқотиб қўйган чақалоқлар эса атрофни бошига кўтариб йиғлар эди. Кичкина тепалик этагидаги лойли ботқоқдан ўтишга мажбур бўлдик. Ботқоқдан ўтаётганимизда одамларнинг лойга ботганини ва улар орасида касал ҳамда ногиронлар борлигига кўзимиз тушди. Таассуфки, ҳамма ўз жонини асраш ҳаракатига тушганидан, уларга ҳеч ким ёрдам қўлини чўзмасди.
Ҳақиқий отишма энди бошланди. Жангарилар энди осмонни эмас, одамларни нишонга ола бошлади. Улар аҳолининг шаҳарни тарк этишини истамас эди, чунки армия билан тўқнашувлар пайтида оддий одамлардан тирик қалқон сифатида фойдаланишарди. Улар қайси шаҳар ёки қишлоқни эгаллашмасин, аёллар ва ёш болаларни қолишга мажбур қилишарди. Бу уларнинг муваффаққият сирларидан бири эди десак муболаға бўлмайди.
Одамлар шаҳарни тезлик билан тарк этаётганини пайқаган жангарилар кўчани базукалар билан бомбардимон қилиб, оломонни Г3 ва АК-47 автоматлари билан ўққа тутиб, қочиш йўлини кесиб ташламоқчи бўлишди. Дарёни ўқлар ёмғири остида кечиб ўтишдан бошқа иложимиз йўқ эди. Биз ўспиринлар учун ўқ остида эмаклаб юришдан кўра шаҳарда қолиш хавфлироқ. Чунки жангарилар ўз ёш йигитларни аскарликка жалб қилишади ва танасининг исталган жойига мажбурлаб махсус татуировка чиздиришади. Бу татуировка сизда борлигини кўрган ҳукумат аскарлари сизни тўда аъзоси деб ҳисоблаб, шартта отиб ташлашади. Чунки қўзғолончилар ва уларнинг шерикларини ҳеч қандай судсиз ва терговсиз ўлдириб юбориш жиноят ҳисобланмайди.
Эмаклаб юриб-юриб, ботқоқдан қирғоққа чиқиб олдик. Лекин ҳали ҳам ҳавф бизни тарк этмаганди. Ўликларнинг устидан сакраб ўтиб, ёнаётган қуруқ дарахтларни четлаб ўтишимга тўғри келди. Орқамизда гранаталар портлашни бошлади. Кимда ким бир дақиқа тўхтаб қолса, ўлиши аниқ эди. Кўз ўнгимизда одамлар ҳалок бўлиб, парча-парча бўлиб кетаётганди. Бир одамнинг «Менинг кўзим ожиз! Менга ёрдам беринг, ёлвораман!» деб бақиргани ҳалигача ёдимда. Бироқ яқин атрофдагиларнинг ҳеч бири унга ёрдам беришга журъат этмади. Кўп ўтмай, унинг ёнига граната келиб тушди, гўшт парчалари ва қон томчилари ҳар томонга тарқалиб, атрофдаги баргларга чиппа ёпишди. Барчаси бир неча сония ичида содир бўлди.
Бизни узоқ вақт давомида таъқиб қилишди, орқамиздан тинмай ўқ ёғдиришди. Биз бир соатдан кўпроқ тўхтамасдан югурдик. Шунча узоқ ва тез югуришга кучимиз борлигидан ўзимиз ҳам ажабландик. Мен заррача чарчоқ сезмадим, ҳатто терлаганга ҳам ўхшамасдим. Таллои олдинда, Жуниор ўртада, унинг ортидан эса мен келаётган эдим. Тўхтаб қолмаганимга ишонч хосил қилиш учун акам вақти-вақти исмим билан чақириб турарди. Унинг овозидаги ҳавотир кучли бўлганини жуда яхши эслайман. Ҳар сафар «ҳа» деб жавоб берганимда овозим титрарди. Гибрилла, Калоко ва Халилу орқамдан келаётган эди. Уларнинг зўрға нафас олаётганликлари қулоғимга чалинди. Баъзилари йиғламаслик учун бор кучини бир муштга тугиб келаётган эди. Югуриш мусобақаларида Таллои ҳар доим энг яхшиси бўлар эди, аммо бугун биз уни ортда қолдириб келдик . Узоқ таъқибдан сўнг жангарилар таслим бўлиб, Маттру Ёнгга қайтиб кетишди. Биз эса йўлимизда давом этдик.

Download 0.59 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   69




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling